Асосий таянч тушунчалар:
Жаҳон хўжалиги – халқаро меҳнат тақсимоти, савдо-ишлаб чиқариш, молиявий ва илмий-техникавий алоқалар орқали бирлашган турли мамлакатлар хўжаликлари тизими.
Ишлаб чиқариш ёки иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви – мамлакатларнинг жаҳон миқёсида иқтисодий алоқаларининг кучайиши ҳамда иқтисодий муносабатларнинг тобора кенгроқ жабҳаларини қамраб олиши жараёни.
Халқаро меҳнат тақсимоти – алоҳида мамлакатларнинг товар ва хизматларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришга ихтисослашуви.
Глобаллашув – жаҳон хўжалигининг бутун маконини қамраб олувчи иқтисодий муносабатлар ягона тармоғининг ташкил топиши ва ривожланиши.
Халқаро иқтисодий муносабатлар – жаҳоннинг турли мамлакатлари ўртасидаги хўжалик алоқалари мажмуи.
Капиталнинг халқаро ҳаракати – капиталнинг чет элда жойлаштирилиши ва ҳаракат қилиши.
Ишчи кучининг халқаро миграцияси – ишчи кучи ресурсларининг анча қулай шароитда иш билан таъминланиш мақсадида бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтиши.
Эмиграция – ишчи кучининг мамлакатдан доимий яшаш жойига чиқиб кетиши.
Иммиграция – ишчи кучининг мамлакатга доимий яшаш учун кириб келиши.
Халқаро иқтисодий интеграция - жаҳон мамлакатлари ўзаро иқтисодий алоқаларининг чуқурлаштириш ва барқарор ривожланиши ҳамда миллий хўжаликлар ўртасидаги меҳнат тақсимоти асосида улар хўжалик алоқаларининг бирлашиш жараёни.
Эркин савдо ҳудудлари - иқтисодий интеграциянинг энг оддий шакли бўлиб, унинг дорасида савдо чеклашлари бекор қилинади.
Божхона иттифоқи - ягона ташқи савдо таърифлари ўрнатишни ва учунчи мамлакатга нисбатан ягона ташқи савдо сиёсати юритишини тақазо қилади.
Тўлов иттифоқи - миллий валюталарнинг ўзаро алмашинуви ва ҳисоб-китобда ягона пул бирлигининг амал қилиши.
Умумий бозор - бунда унинг қатнашчилари ўзаро эркин савдони амалга ошириш ва ягона ташқи савдо сиёсати ўтказиш билан бирга капитал ва ишчи кучининг эркин харакати таъминланади.
Иқтисодий ва валюта иттифоқи - иқтисодий интеграциянинг энг олий шакли бўлиб, бунда иқтисодий интеграциянинг барча қараб чиқилган шакллари иқтисодий ва валюта-молиявий сиёсат ўтказиш билан бирга уйғунлашади.
Қатъий (бир томонлама нафли) интеграция – интеграция жараёнларидан баъзилари наф кўрувчи, бошқа бирлари донор мамлакатлар ҳисобланадиган интеграциянинг ташқи тавсиф ҳолатлари билан шартланган тури.
Мослашувчан (икки томонлама нафли) интеграция - ҳар бир мамлакат бир вақтнинг ўзида ҳам донор, ҳам наф кўрувчи ҳисобланадиган интеграция тури.
Do'stlaringiz bilan baham: |