Жаҳон хўжалиги миллий хўжаликдан иқтисодий алоқаларнинг халқаро миқёсга чиқиши ва ягона жаҳон бозорининг мавжудлиги билан фарқланади. Жаҳон бозорининг амал қилишига ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий сиёсати аҳамиятли таъсир кўрсатади. Жаҳон бозорининг ўзига хос хусусияти бўлиб жаҳон нархлари ва халқаро рақобат тизимининг амал қилиши ҳисобланади. Айнан халқаро рақобатнинг мавжудлиги турли даражадаги миллий қийматларни ягона байналминал қийматга келтиради. Жаҳон нархи жаҳон бозорига неъматларнинг асосий ҳажмини етказиб берувчи мамлакатлардаги шарт-шароитлар орқали аниқланади.
Ишлаб чиқариш ёки иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви – бу иқтисодий алоқаларининг жаҳон миқёсида кучайиши ҳамда иқтисодий муносабатларнинг тобора кенгроқ жабҳаларини қамраб олиши жараёни ҳисобланади.
Иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви билан бир қаторда глобаллашуви жараёни ҳам муҳим ўрин тутади. Глобаллашув жаҳон хўжалигининг бутун маконини қамраб олувчи иқтисодий муносабатлар ягона тармоғининг ташкил топиши ва ривожланишини англатади. Глобаллашув жарарёнининг мулкчилик муносабатларининг глобаллашуви; кооперация ва меҳнат тақсимотининг нисбатан юқори даражасига ўтиш; хўжаликни ташкил этишнинг бутунлай янги шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши; халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тартибга солувчи роли ривожланиши каби йўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Шунингдек, жаҳон хўжалиги глобалашуви жараёнларининг турли мамлакатлардаги иқтисодий ривожланишнинг бир текисда бормаслиги; бой ва қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги фарқнинг кучайиши; экологик ҳалокат таҳдидларининг кучайиб бориши; турли мамлакатларда аҳоли сонининг ўзгаришининг фарқланиши каби зиддиятли томонлари ҳам мавжуд.
Халқаро меҳнат тақсимоти (ХМТ) алоҳида мамлакатларнинг товар ва хизматларнинг маълум турларини ишлаб чиқаришга ихтисослашувини ифодалайди. Алоҳида мамлакатларнинг бундай ихтисослашуви маҳсулотлари устун даражада экспортга йўналтирилган халқаро ихтисослашган тармоқларнинг шаклланишига олиб келади.
Халқаро меҳнат тақсимоти ривожланиши натижасида жаҳон бозори таркиб топади. Жаҳон бозорига товар ва хизматларнинг халқаро ҳаракати сифатида қараш мумкин. Жаҳон бозори ўзининг ривожланишида бир қатор босқичлардан ўтадики, улардан ҳар бири миллий хўжаликнинг халқаро иқтисодий муносабатларга жалб қилинишининг маълум даражаси билан тавсифланади.
Халқаро иқтисодий муносабатларнинг анча мураккаб жиҳатларидан бири ишчи кучининг халқаро миграцияси ҳисобланиб, у ўз ифодасини ишчи кучи ресурсларининг анча қулай шароитда иш билан таъминлаш мақсадида бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтишида топади.
Халқаро иқтисодий интеграция – бу мамлакатларнинг чуқур, барқарор ўзаро иқтисодий алоқаларининг ривожланиши, миллий хўжаликлар ўртасидаги меҳнат тақсимоти асосида улар хўжалик ва сиёсий алоқаларининг бирлашиш жараёнларидир. Халқаро иқтисодий интеграциянинг асосий шакллари сифатида эркин савдо ҳудудлари, божхона иттифоқи, тўлов иттифоқи, умумий бозор, иқтисодий ва валюта иттифоқини кўрсатиш мумкин.
Халқаро иқтисодий интеграция жараёнини объектив тавсифдаги бир қатор омиллар тақозо қиладики, уларнинг ичида хўжалик алоқаларининг байналминаллашуви ва глобаллашуви; халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви; умумжаҳон фан-техника революцияси; миллий иқтисодиёт очиқлигининг кучайиши кабилар асосий ўринни эгаллайди.
Турли мамлакатлардаги интеграциянинг турли элементлари бир хилда ривожланмайди. Шунга кўра, интеграциянинг қатъий (бир томонлама нафли) интеграция, тасодифий интеграция, мослашувчан (икки томонлама нафли) интеграция каби турлари фарқланади.
10.Миллий хўжаликларнинг халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида иштирок этиши, уларнинг шакллари ва самарадорлик даражаси каби муаммоларнинг узоқ давр мобайнида турли олимлар томонидан тадқиқ этилиши бу борадаги турлича назарияларнинг шаклланишига олиб келди. Бу назариялар орасида мутлоқ ва қиёсий (нисбий) устунлик назариялари, Хекшер-Олин-Самуэльсон модели, ишчи кучи малакаси модели, муқобил харажатлар модели, товарнинг ҳаётий цикли назариялари муҳим аҳамият касб этади.
11.Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий тамойиллари тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик негизида қурилиб, унинг қоидалари икки томонлама ва кўп томонлама шартнома муносабатларида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш, халқаро иқтисодий иттифоқлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга асосланди.