4-Мавзу. Хуфёна иқтисодиёт
Режа
1. Хуфёна иқтисодиётнинг келиб чиқиши сабаблари
2. Хуфёна иқтисодиёт турларининг таснифи ва уни баҳолашга нисбатан ёндашувлар
3. Хуфёна бозор институционал тизим сифатида
4. Жаҳонда хуфёна иқтисодиёт
1. Хуфёна иқтисодиётнинг келиб чиқиши сабаблари
Норасмий иқтисодиёт билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш иқтисодиёт фанида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳол музкур фаолиятнинг кенг кўламлилиги ва айни пайтда унинг тўлиқ ҳажини ўлчаб бўлмаслиги билан изоҳланади.
Халқаро валюта фонди (ХВФ)нинг баҳоларига кўра, 2000-2001 йилларда жаҳонда хуфёна фаолиятдан олинган даромад бир йилда 1 трл. доллардан 3 трл.долларгачани ташкил қилди, бу жаҳон ялпи маҳсулотининг 2 фоизидан 3 фоизигачасига тенг кўрсаткичдир.
Сўнгги вақтларда иқтисодиётнинг хуфёна сектори иқтисодчилар, социологлар, сиёсатшуносларнинг диққатини кўпроқ ўзига жалб этмоқда. Хусусан, унинг пайдо бўлиши ва жамиятда янада тарқалиши сабаблари батафсил таҳлил қилинмоқда. Бунда, айниқса, чет элда ва Россияда кўп сонли адабиётларни юзага келтирган янги институционал ёндашувнинг қўлланилиши энг самарали восита ҳисобланмоқда.
Янги институционал ёндашув асосий эътиборни инсоннинг хўжалик фаолиятини белгилаб берувчи ва чекловчи “ўйин қоидалари” билан иқтисодий ривожланиш жараёни ўртасидаги боғлиқликка қаратади. Анъанавий неоклассик назария, ривожланиш жараёнини таҳлил қилаётиб, ишлаб чиқаришни ресурслар (ер, ишчи кучи, капитал) сарфи ва ишлаб чиқариш технологиясини товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғловчи тизим сифатида кўриб чиққан ҳолда, уни тор маънода таърифлайди. Институционал ёндашув эса иқтисодиёт билан иқтисодий алмашувда “ўйин қоидалари”ни белгилаб берувчи институтлар ўртасидаги тескари боғлиқликка эътибор қаратган ҳолда, ушбу асосий қоидаларни янада кенгайтиради.
Тадбиркорларнинг ҳаракатлари ўрнатилган “ўйин қоидалари”га мос келиб, улар билан ҳимояланса, иқтисодиёт расмий секторининг унсурлари ҳисобланади. Ва аксинча, ушбу қоидаларга амал қилинмаган ҳолларда, тадбиркорлар иқтисодиёт хуфёна секторининг унсурлари сифатида кўриб чиқилади. Бошқача айтганда, ўрнатилган қоидаларга итоаткорлик “қонуний” иқтисодиётда иштирок этишнинг биринчи даражали мезони ҳисобланса, айни пайтда ўрнатилган қоидаларга амал қилмаслик ёки уларни четлаб ўтиш эса хуфёна иқтисодиётда иштирок этиш мезони ҳисобланади.
Қонуний равишда қайд этилган ҳуқуқларга эга бўлган алмашувнинг юқори даражадаги трансакция харажатлари ҳамма вақт ҳам энг самарали мулкдорларга мулкчиликнинг зарур ҳуқуқларига эгалик қилиш имконини бермайди. Бу ҳол алмашув умуман содир бўлмаётганлигини ва иқтисодий агентлар мулкчилик таркиби нооптималлигича қолишига рози бўлганлигини англатмайди. Аксинча, иқтисодий агентларнинг муқобил қарорни қидириши мулкчилик ҳуқуқларини тафсирлашга ва улар билан хуфёна, яъни давлатнинг иштирокисиз, алмашишни ташкил қилишга уриниши кўринишида амалга оширилади.
Хуфёналик – шахсларнинг кундалик фаолиятни ташкил қилишда мавжуд ҳуқуқ (қонун) нормаларидан фойдаланишдан бўйин товлаш ва ёзилмаган ҳуқуққа, яъни анъаналар ва урф-одатларда қайд этилган нормаларга ҳамда мулкчилик ҳуқуқларини алмашиш ва ҳимоялаш юзасидан келиб чиққан низоларни ҳал этишнинг ҳуқуқ доирасидан четга чиқувчи механизмларига мурожаат этишидан иборат. Мулкчилик ҳуқуқларини дастлабки тафсирлаш жараёнида давлат уни энг самарали мулкдорларга бера олмайдиган, ҳуқуқлар билан алмашиш эса юқори трансакция харажатлари туфайли мумкин бўлмаган, тақиқланадиган даражадаги танг вазиятдан чиқиш йўли ҳудди шу тариқа топилади.
Мулкчилик ҳуқуқларининг ошкора ва хуфёна тизимлари амалга оширилишига кўплаб мисоллар мавжуд. Маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиётида, қонунда мустаҳкамланган «мулкчиликнинг умумхалқ хусусияти»га қарамасдан, асосий ҳуқуқлар ҳам партиявий, ҳам маъмурий (вазирликлар, юқори ташкилотлар) буюрократия қўлида эди. Тегишлича савдолар ва битимлар шаклини ҳосил қилган низоларни ҳал этишнинг муқобил механизмлари ҳам мавжуд эди, бунда алмашув предмети сифатида нафақат товарлар ва хизматлар, балки «жамиятдаги мавқе, ҳокимият ва бўйсуниш, қонунлар ва уларни бузиш ҳуқуқи» ва ҳатто ишлаб чиқариш давлат режалари ҳам иштирок этган.
Перулик олим Эрнандо де Сото тадқиқотларида Лотин Америкаси мамлакатлари мисолида хуфёна иқтисодиёт масалалари жиддий таҳлил этилган. Уларда давлат суд-ҳуқуқ тизими ва у ҳимоя қиладиган мулкчилик ҳуқуқлари алмашувларнинг фақат кичик бир қисми механизмини шакллантиради. Уларда – чакана савдо, жамоат транспорти, қурилиш каби иқтисодиётнинг бир қатор секторлари фаолияти мулкчилик ҳуқуқларининг хуфёна тизимига асосланади. Масалан, Перу пойтахти Лима шаҳрида янги кўп қаватли турар жой биносини қуриш мэрияда рухсат олишдан эмас, балки биринчилик тамойили бўйича қурилиш учун участкани эгаллаб олишдан бошланади. Шу тариқа мулкчилик ҳуқуқларининг ўрнатилиши хуфёна қайд этилган мулкчилик ҳуқуқи даражаси билан эмас, балки ижтимоий санкциялар ва оддий ҳуқуқ билан ҳимояланади.
Иқтисодий фаолиятни хуфёна амалга ошириш, биринчи навбатда, қонун доирасидаги ҳаракат билан, яъни юқори трансакция харажатлари билан боғлиқ. Трансакция харажатларининг таснифига асосланган ҳолда, таъкидлаш лозимки, бунда асосан шартномани тузишдаги юқори харажатлар, мулкчилик ҳуқуқларини тафсирлаш ва ҳимоялаш харажатлари ва учинчи шахслардан ҳимоялаш харажатлари назарда тутилади. Де Сото ушбу харажатларни «қонунга бўйсуниш баҳоси», дея таърифлайди. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- қонундан фойдаланиш харажатлари (юридик шахсни рўйхатга олиш, лицензия олиш, банкда ҳисобварақлар очиш, юридик манзилга эга бўлиш ва бошқа расмиятчиликларни бажариш харажатлари);
- қонун доирасида фаолиятни давом эттириш зарурати билан боғлиқ харажатлар (солиқларни тўлаш; меҳнат муносабатлари соҳасида қонун талабларини бажариш (иш кунининг узунлиги, энг кам иш ҳақи, ижтимоий кафолатлар); ошкора суд тизими доирасида низоларни ҳал этишда суд харажатларини тўлаш).
Таъкидлаш жоизки, қонунга бўйсуниш баҳоси нафақат тўғридан-тўғри харажатларни, балки у ёки бу тадбирларни бажариш учун вақт сарфларини ҳам ўз ичига олади. Бунда унинг айнан ушбу таркибий қисми қатор ҳолатларда жуда катта бўлади. Масалан, Лима шаҳрида уй-жойни қуриш учун рухсат олиш тадбири тахминан 4 йилу 1 ой, майда улгуржи бозорини ташкил қилиш учун рухсат олиш 17 йил, кичик дўконни очиш учун рухсат олиш 43 кун вақтни олган. «Учинчи дунё» айрим мамлакатларида юридик шахсни рўйхатга олиш учун талаб этиладиган харажатлар 6.1-жадвалда келтирилган.
6.1-жадвал.
Do'stlaringiz bilan baham: |