3. Рўйхатга олинмаган иқтисодиёт. Рўйхатга олинмаган иқтисодиёт ҳукумат статистика органларининг талабларига кўра белгиланган институционал қоидаларни четлаб ўтувчи иқтисодий фаолият туридан таркиб топган. Бу ерда давлат миллий статистика тизимида рўйхатга олинмаган даромад суммаси асосий кўрсаткич ҳисобланади. Э.Файгнинг фикрига кўра, рўйхатга олинмаган даромад – бу амалдаги умумий даромад билан статистика тизими томонидан қайд этиладиган даромад ўртасидаги фарқдир.
Ривожланаётган мамлакатларда уйда ишлаб чиқариш рўйхатга олинмаган иқтисодий фаолиятнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Миллий даромадни ҳисоблаш методикаси уйда ишлаб чиқаришнинг миллий ҳисобга киритилишини назарда тутса-да, мазкур сектор, одатда, уни ўлчашнинг қийинлиги туфайли, эътибордан четда қолади. Э.Файгнинг таъкидлашича, уйда ишлаб чиқаришнинг мавжуд баҳолари шуни кўрсатмоқдаки, у ривожланган мамлакатларда рўйхатга олинган ЯИМнинг 25-50 фоизини ташкил қилади.
Таъкидлаш лозимки, ҳисобга олинмаган ва рўйхатга олинмаган иқтисодиёт ўртасидаги фарқ, юқорида келтирилган таърифлардан келиб чиқиб, ғоят шартли. Агар фаолият статистика органлари томонидан рўйхатга олинмаса, у ҳисобга ҳам олинмайди.
4. Норасмий иқтисодиёт. Норасмий иқтисодиёт жамият фойдасини ҳамда мулкчилик муносабатларини, лицензиялашни, меҳнат шартномаларини, молиявий кредитлаш ва ижтимоий суғурталаш муносабатларини тартибга солувчи қонунлар ва маъмурий қоидалар билан белгиланган ҳуқуқларни бузган ҳолда алоҳида харажатларни тежовчи иқтисодий фаолиятни ўз ичига олади. У норасмий фаолият юритувчи иқтисодий агентлар томонидан олинадиган даромадлар билан ўлчанади.
Иқтисодиётнинг ушбу хилига уйда ишлаб чиқаришни киритиш мумкин, чунки иқтисодий нуқтаи назардан у ҳисоблашнинг қийинлиги туфайли ҳисобга олинмайди.
Норасмий секторнинг ҳозирги таърифлари, Э.Файгнинг фикрича, одатда, норасмийликнинг ҳуқуқий концепциясини назарда тутувчи Э. де Сатонинг ғояларини ўзида акс эттиради. Норасмий сектор тўғрисидаги адабиётларнинг катта қисми шаҳар иқтисодиётига бағишланган бўлса-да, албатта, қишлоқ норасмий иқтисодиёти янада катта.
Хуфёна хўжалик айланмаси, табиийки, расмий статистикага киритилмаслиги боис, хуфёна иқтисодиёт ўлчамларини баҳолаш муаммоси ўта долзарб ҳисобланади. Ушбу мақсад учун қуйидаги ёндашувлардан фойдаланилади:
- монетар усул, у хуфёна ҳисоб-китобларда фақат нақд маблағлардан фойдаланилиши тўғрисидаги гипотезага асосида қурилади (нақд пул массаси ҳаракатининг динамикаси хуфёна иқтисодиётнинг ўлчамлари ҳақида фикр юритиш имконини беради);
- харажатлар ва даромадлар баланслари усули, унда декларация қилинадиган даромадлар харажатлар суммаси, товарлар ва хизматлар истеъмолининг реал ҳажмлари билан таққосланади;
- бандликни таҳлил қилиш, у шуни назарда тутадики, узоқ вақт мобайнида сақланиб келаётган рўйхатга олинмаган ишсизликнинг юқори даражаси хуфёна секторда бандлик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради (рўйхатга олинмаган ишсизлар сони хуфёна иқтисодиётнинг ўлчамларидан билвосита далолат беради);
- технологик коэффициентлар усули, у харажатларнинг маълум технологик коэффициентлари асосида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг реал ҳажми ҳақидаги маълумотларни олиш имконини беради (масалан, истеъмол қилинадиган электр энергиясининг динамикаси ва декларация қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқариш динамикаси тўғрисидаги маълумотлар таққосланади);
- уй хўжаликлари ва корхоналар раҳбарлари ўртасида сўров ўтказиш усули, у хуфёна иқтисодиётнинг ўлчамига эксперт баҳоларини беради;
- социологик усул, у хуфёна битимлар амалга ошириладиган алоҳида меъёрларни, уларнинг жамиятда тарқалганлигини, битимларни тузишда қанчалик қўлланишини таҳлил қилишдан иборат.
Ёритилган ёндашувларнинг турли хиллиги сабабли олинадиган натижаларни кўпинча таққослаш қийин бўлса-да, хуфёна иқтисодиёт миқдорининг айрим баҳоларини келтириш мумкин: (ЯИМга нисбатан фоиз ҳисобида): Италия - 15-30, Бельгия - 4-13, Швеция - 0,5-17, Буюк Британия - 2-16, Франция - 15, США - 3-28, Перу -27-28. Россияда 80-йилларнинг охирида ЯИМнинг 20 фоизга яқини, 1996 йилда 23 фоиз.
Юқорида айтиб ўтилганидек, қонунга бўйсунишнинг юқори баҳоси ва хуфёна иқтисодиётнинг катта ўлчамлари ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд. Бироқ хуфёна режимда алмашувларни амалга ошириш ҳам харажатлар билан боғлиқ. Харажатларнинг бир турида тежалишга эришган хуфёна иқтисодиётда фаолият юритувчи субъектлар бошқа харажатларни кўпроқ амалга оширишади – улар «хуфёналик баҳоси»ни тўлашга мажбурдирлар. Хуфёналик баҳоси бир неча унсурлардан таркиб топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |