4.3.Инновацион сиёсатининг асосий йўналишлари. Инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш.
Инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш давлатнинг иқтисодий тизимга мақсадли таъсир этиш шакли бўлиб, бевосита ишлаб чиқариш – тижорат алоқалари ва мутаносибликни, хусусий ва ижтимоий манфаатларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш асосида иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш, иқтисодий воқеалар ўзгаришини қўллаб-қувватлашга қаратилади. У иқтисодий институтлар, инновацион соҳадаги манфаатларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий тизимга давлат бошқарув органларининг мақсадга мувофиқ таъсир этишидир. Давлат томонидан тартибга солиш алоҳида корхоналар имкониятларини кенгайтириши ёки сиқиб қуйиши, баъзида эса мақсадни амалга оширишни қийинлаштириши ҳам мумкин.
Корхона имкониятларини кенгайиши дастлаб янги бозорларни ўзлаштириш; кооперация; маҳсулот сифатини ошириш; диверсификация; технология самарадорлигини ошириш; шерикларни қидириш; кредит ва бошқа соҳаларда намоён бўлади. Корхона имкониятларини сиқиб қўйиш эса унинг у ёки бу фаолиятини тўхтатиб қўйиш, тадбиркорлик хавф-хатар даражасини камайтириш; фаолият йўналишидан мажбурий воз кечиш; баъзи ҳолатларда инқирозга учраш, фаолиятини тўхтатиш кўринишида намоён бўлади.
Давлат корхоналар ўртасида рақобат курашини таъминлаш мақсадида инновацион сиёсатни ҳаётга жорий этишга ўз фаолиятини қаратиб уни тартибга солишни такомиллаштириб боради. Бу шу билан изоҳланадики рақобат кураши кўпинча катта хавф-хатар ва ноаниқликлар билан боғлиқ бўлиб, йирик миқдорда сармояларни талаб этади. Шу билан бирга ижтимоий-экологик муаммолар ечимини таъминламайди. Бундан ташқари кичик корхоналар инновацияни жорий этишда йирик корхоналарга нисбатан объектив равишда ёмон ҳолатда (харажатларнинг кўплиги, зарур молиявий маблағларни бир жойга тўплаш имкони йўқлиги ва бошқалар туфайли) бўлади. Шу туфайли давлатнинг муҳим вазифаларидан бири кичик инновацион бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
Давлат органларининг функциялари. Давлат органларининг инновацион соҳадаги асосий функциялари қуйидагилар ҳисобланади:
тадқиқот ва ишлаб чиқаришга маблағларни йўналтириш;
инновацион фаолиятни мувофиқлаштириш;
инновацион жараёнларни рағбатлантириш ва мазкур соҳада рақобатни кучайтириш;
инновацион хавф-хатарни суғурта қилиш;
заҳираларни ўзлаштириш ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича мажбуриятларни бажарилмаганлиги учун давлат санкцияларини жорий этиш;
инновацион жараёнларни бошқаришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, хусусан муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
инновацион фаолиятни кадрлар билан таъминлаш;
инновацион жараённинг институционал таъминоти;
инновациянинг ижтимоий ва экологик йўналиши;
инновацион фаолиятнинг ижтимоий статусини ошириш;
инновацион жараёнларни минтақавий тартибга солиш;
инновацион жараёнларнинг халқаро йўналишларини тартибга солиш.
Давлатнинг таъсир этиш усуллари. Давлатнинг корхоналар инновацион фаолиятига таъсири иккита, яъни маъмурий ва иқтисодий (бевосита ва билвосита) усуллари орқали амалга оширилади. Маъмурий усул – маълум фаолият турини чеклаш ёки уни ривожлантиришга қаратилган қонуний асосга таянган бўлади. Бу стандартлаш ва патент сиёсатини хуқуқий меъёрлашдир. Булар ҳаммаси хўжалик субъектлари фаолиятида янгиликларга монополияни сақлаб қолиш ва товар ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари сифатини яхшилаш ва турларини кўпайтиришга қаратилган бўлади.
Инновацион фаолиятни тартибга солишнинг энг таъсирчан усулларидан бири иқтисодий усул ҳисобланади. Ушбу усул товар маҳсулотларини ишлаб чиқишда мотивация омилига таянади.
Бевосита иқтисодий усуллар. Уларга қуйидагилар киради: молиялаштиришга йўналтирилган инвестиция (мақсадли, предметли мўлжалга, муаммо ечимини топишга йўналтирилган); лизинг; фонд операциялари; режалаштириш ва дастурлаш; давлат тадбиркорлиги.
Корхоналарнинг илмий-техник лойиҳаларда иштироки билим ва тажрибалар манбаи ҳисобланади. Давлат буюртмаларини бажариш учун корхона давлатдан молиявий маблағлар олади, давлат ихтиёрида бўлган қимматбаҳо жихоз ва ускуналарни, технологик ва технологик бўлмаган ресурсларни олиш хуқуқига эга бўлади.
Халқаро амалиётда инновацион жараёнларни давлат томонидан бошқариш йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, қуйидаги йўналишларга эга: венчур корхоналарни яратишни рағбатлантириш, хусусан давлат илмий-техник марказларини ташкил этиш; тижоратда фойдаланадиган ихтиро учун текин рухсатномалар бериш; кичик корхоналарга (инноваторларга) имтиёзли кредитлар ва грантлар бериш; мамлакатда ва хорижда инновацион жараёнларни бориши бўйича мониторингини олиб бориш; йирик лойиҳаларни давлат экспертизасидан ўтказиш; инновацион фаолият субъектлари учун давлат хизматлари тулови учун имтиёзлар бериш; инновацион соҳа ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш; инновацион фаолиятга имтиёзли солиқларни жорий этиш; монополияга қарши қонунчилик базасини яратиш.
Билвосита иқтисодий усуллар. Давлатнинг инновацион сиёсатидаги иқтисодий усуллари асосан билвосита иқтисодий тартибга солиш орқали амалга оширилади. Бунга инновацион ресурсларни олиш имкониятига эга бўлиш ва уларнинг таркиби ва баҳоси, инновацион хавф-хатарни юмшатиш оқибатлари киради. Энг кўпроқ қўлланиладиган усуллар кредит ва солиқ сиёсати ҳисобланади. Кредит сиёсати янгиликларни молиялаштиришга йўналтирилаётган молиявий ресурслар ҳажмини тартибга солади. Хусусан солиққа тортиш шароитларининг табақалашуви, корхонанинг технологик стратегияси, таркибий тузилиши, инновацион ресурслар қиймати ва уни олиш имкониятлари инновация фаолиятининг вақтинчалик параметрлари ва бошқалар.
Солиқ сиёсатида фаолиятнинг маълум тури бўйича субсидиялар кўзда тутилган бўлиб, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
яратилган ва жорий этилган янги техник воситалар ва жиҳозлар, технологик ва ахборотлар тизими билан боғлиқ даромадни солиққа тортилган суммадан чегириб ташлаш;
вақтинчалик киритилган капитал маблағлар ва узоқ муддатли маблағларни рағбатлантириш мақсадида имтиёзли солиқларни жорий этиш;
фойдадан ва қўшимча фойдадан солиқ ундиришнинг ҳар хил шартлари ва шароитлари бўлиши мумкин.
Назорат саволлари
Инновация фаолиятини давлат томонидан қўллаб қувватлашнинг моҳияти нимадан иборат?
Илмий фаолиятни давлат томонидан қўллаб қувватлаш қандай тартибда амалга оширилади?
Давлатнинг илмий ва инновация фаолиятига фаол аралашуви нима учун зарур?
Инновация лойиҳалар иттифоқини қандай тушунасиз ва унинг аҳамияти нимадан иборат?
Do'stlaringiz bilan baham: |