Давлат бошқаруви бу ташкил этувчи фаолиятдир. Турли даражадаги ижро этувчи ва бошқарувчи фаолият давомида хўжалик юритиш, ижтимоий-маданий ва маъмурий сиёсий қурилиш соҳасидаги вазифаларни бажарувчи кишиларнинг биргаликдаги фаолияти ташкил этилади. Бу мақсадда давлат бошқарув органлари бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни амалга оширадилар, бошқариладиган тизимларнинг фаолият кўрсатиш билан боғлиқ умумий масалаларни ҳал қиладилар, бошқариш муносабатлари қатнашчиларининг фаолиятларини бирлаштирадилар ва мувофиқлаштирадилар. Давлат бошқаруви жамият турмушининг қандайдир алоҳида элементини эмас, балки унинг барча соҳасини қамраб олади. Давлат бошқаруви марказлашган ёки оператив шаклда амалга оширилади. Марказлашган раҳбарлик қилиш фаолиятни мувофиқлаштириш, унинг умумий йўналишини аниқлаш, умумий қоидаларини белгилашдир. Оператив бошқарув органи ва объект ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқа билан ифодаланади. Давлат бошқаруви принциплари - бу шундай бошқарувни амалга оширувчи энг муҳим раҳбарий ғоядир. Давлат бошқаруви принциплари: демократизм, ҳокимиятлар тақсимланиши, қонун устунлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устувор таъминланиши, ижтимоий адолат ва қонунийлик, ошкоралик, коллегиаллик ва яккабошчиликнинг уйғунлиги ва бошқаларни қамраб олади.
Давлат бошқарув органи деганда ижро этувчи ва фармойиш берувчи органлар деб ҳам аталарди. Ҳозирги вақтда амалда бўлган концепцияга мувофиқ, давлат бошқаруви давлат ҳокимиятини амалга оширишнинг тури - ижро этувчи ҳокимият ҳисобланади. Бинобарин, давлат бошқаруви ижро этувчи ҳокимият органи демакдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддаси
1-қисмидага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Жамият ҳаётининг барча томонларини эркинлаштириш ва ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичи талабларига мувофиқ иқтисодиётни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тузилмаларининг ҳокимият ваколатларини қисқартириш, давлат ва хўжалик бошқаруви вазифаларини аниқ чегаралаб қўйиш, шунингдек республика давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-3358-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга асосан, вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек улар ҳузурида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари республика давлат бошқаруви органлари жумласига киритиш назарда тутилган.
Энг муҳми, Фармонда Республика давлат бошқаруви органларининг асосий вазифалари ва функциялари белгиланган бўлиб унга асосан:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда рўёбга чиқарилишини, уларнинг ижроси устидан таъсирчан назорат амалга оширилишини таъминлаш;
ташқи ва ички сиёсатни амалга ошириш, давлатнинг ташқи ва ички хавфсизлигини таъминлаш;
мамлакатни стратегик ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, давлатнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни ташкил қилиш, иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқариш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш;
инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини, аҳолининг таълим, тиббий хизмат, ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, меҳнат бозорини тартибга солиш, ижтимоий соҳада умумдавлат бошқарув тизими фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш;
тегишли ҳуқуқий муҳитни яратиш, лицензиялаш, сертификатлаштириш ва стандартлаштириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш;
солиқлар, божхона тўловларини йиғиш, давлат даромадларини тақсимлаш йўли билан хазинага оид вазифаларни амалга ошириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |