4.3. Банкротлик тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамаси
Банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш судья томонидан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган тартибда, Банкротлик тўғрисидаги қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза тушган кундан эътиборан судья ўн кундан кечиктирмай кузатувни жорий этиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.
Кредиторларнинг талаблари юзасидан қарздорда эътирозлар бўлса, судья қарздорнинг эътирозлари асослилигини текширади.
Судьянинг қарздор эътирозлари (муваққат бошқарувчи илтимосномалари) асослилигини текшириши банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг белгиланган муддатига камида бир ой муҳлат қолганда ўтказилади.
Иқтисодий суд қарздорнинг эътирозлари асослилигини кўриб чиқиш натижалари асосида мазкур талабларни кредиторларнинг талаблари реестрига киритиш ёки мазкур реестрга киритишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Ажримда кредиторларнинг, агар уларга нисбатан қарздорнинг эътирозлари асоссиз деб топилган бўлса, талаблари миқдори ва уларни қондириш навбати кўрсатилади.
Кредиторларнинг талаблари юзасидан қарздорнинг эътирозларини кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд чиқарган ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг амал қилишини тўхтатиб қўймайди.
Банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш пайтида, шунингдек банкротлик тўғрисидаги иш кўрилаётганда иқтисодий суд қарздорнинг молиявий аҳволини аниқлаш учун экспертиза тайинлашга ҳақли.
Банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суднинг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд қуйидаги суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади:
қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги қарор;
қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарор;
суд санациясини жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;
ташқи бошқарувни жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;
банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим;
қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим;
келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрим.
Do'stlaringiz bilan baham: |