4-МАВЗУ. БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШНИ ИҚТИСОДИЙ СУДДА КЎРИШНИНГ ПРОЦЕССУАЛ ЖИҲАТЛАРИ
4.1. Банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш тартиби
Банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор давлат рўйхатидан ўтган ердаги иқтисодий суд томонидан қўзғатилади. Қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, Банкротлик тўғрисидаги қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси иқтисодий судга ёзма шаклда берилади ва тегишинча қарздор юридик шахснинг раҳбари ёки қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёхуд якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қарз борлигини, шунингдек кредиторларнинг талабини қарздор тўла ҳажмда қондиришга қодир эмаслигини, қарздорнинг аризасига асос бўлган бошқа ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Прокурор қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга қуйидаги ҳолларда мурожаат этишга ҳақли:
банкротликнинг яширилган аломатларини аниқлаганида;
кредитор манфаатларини кўзлаб.
Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ва банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёки аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш тўғрисидаги масалани судья ариза тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал этади.
Судья қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишига қабул қилар экан, кузатувни жорий этиш ва муваққат бошқарувчини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ва банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги ажрими иқтисодий суд томонидан давлат солиқ хизмати органларига ва бошқа ваколатли органларга, қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилади. Қарздор юридик шахснинг ўзига нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажримнинг нусхасини ўзининг ваколатхоналари ва филиаллари жойлашган ердаги шундай шахсларга (органларга) юбориш мажбурияти унинг ўзига юклатилади.
Иқтисодий суднинг кредитор, прокурор, давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли органдан қарздорни банкрот деб топиш ҳақида ариза қабул қилинганлиги тўғрисидаги ажримини олган кундан эътиборан қарздор беш кунлик муддат ичида иктисодий судга, аризачига ва банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга мазкур ариза юзасидан ёзма фикрини юборишга, шунингдек аризада кўрсатилмаган барча кредиторларни ўзига нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлигидан хабардор қилишга ҳақли. Қарздорнинг иқтисодий судга юбораётган ёзма фикрига мазкур ёзма фикрнинг нусхаси аризачига ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши керак.
Хорижий давлатлар қонунчилигида қарздор банкротлигини олдини олиш, уни кредиторлардан ҳимоя қилиш ва ўз вақтида чора кўриш мақсадида тўловга қобилиятсизлик хавфи асосида ҳам ишни қўзғатиш мумкинлиги белгиланган. Масалан, Финландия Корхоналар реструктуризацияси актининг 1-боби 5-моддасига асосан, реструктуризация иши қуйидаги ҳолларда очилиши мумкин:
1) камида иккита кредитор мавжуд бўлса;
2) қарздорда тўловга қобилиятсизлик хавфи мавжуд бўлса;
3) қарздор тўловга қобилиятсиз бўлса.
Германия Тўловга қобилиятсизлик статутининг 18-моддасида тўловга қобилиятсизлик пайдо бўлиш хавфи ҳам тўловга қобилиятсизлик суд ишлов юритувини очиш учун асос бўлиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ, Финландия ва Германия қонунчилигида тўловга қобилиятсизлик хавфининг белгилари ва уни аниқлаш тартиби бевосита кўрсатилмаган. Қозоғистон Республикаси-нинг “Реабилитация ва банкротлик тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик мавжуд бўлса ёки тўловга қобилиятсизлик хавфи, яъни қарздор пул мажбуриятларини кейинги ўн икки ой ичида бажаришга қодир бўлмаса, унинг тўлов қобилиятини тиклаш имкони бўлса, қарздор реабилитация таомилини қўллаш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Ушбу норманинг мазмунидан шуни англаш мумкинки, тўловга қобилиятсизлик хавфи фақат қарздор тўлов қобилиятини тиклашни сўраб судга мурожаат қилингандагина ишни қўзғатишга асос бўлади ва кейинги ўн икки ой ичида қарздорнинг мажбуриятларни бажара олмаслиги билан изоҳланади. Тўловга қобилиятсизлик белгилари кейинги ўн икки ой ичида вужудга келиши мумкинлигини қарздор тегишли ҳужжатлар билан исботлаши талаб этилади. Тўловга қобилиятсизлик хавфи бевосита суд санацияси билан чамбарчас боғлиқ ва банкротликни олдини олишнинг муҳим шартларидан биридар.
Do'stlaringiz bilan baham: |