ЯҚИНДАГИ ДУШМАННИ ЙЎҚ ҚИЛИШ УЧУН УЗОҚДАГИ
ДУШМАН БИЛАН БИРЛАШИШ
Императорнинг ҳарамида ёш канизак пайдо бўлади. Унинг саройда таъсири кун сайин орта боради. Бундан императорнинг хотини безовта бўла бошлайди. У канизак билан дўстлашади, унга саройда мослашишига ва кўникишига ёрдам беришни бошлайди. Бир куни дўстона суҳбат чоғи императорнинг хотини эрига канизакнинг бурни ёқмаслигини айтади ва канизакка қай йўл билан бўлсин император назаридан уни беркитишни маслаҳат беради. Кейинги кун канизак юзини ярмини ёпинчиқ билан тўсган ҳолда император ёнига келади. “Нима гап?”-деб сўради император хотинидан. “Бу қиз сиздан ёқимсиз ҳид келади деб ҳар кун такрорлайди”-деб жавоб берди хотини. “Ундай бўлса, бурнини кесинг!”,-деб буйруқ беради ҳақоратланган император.
Ушбу стратагема моҳиятини яхшироқ англаш учун хитойликларда “дўст” деган тушунча кундалик турмушда ва иш жараёнида қўлланганида қандай маъно касб қилишини фарқлаш керак. “Дўст” бу ерда сен жон куйдирадиган, охирги кўйлагингни ечиб берадиган ва у билан нонни бўлишадиган инсон эмас. Кези келганда у ҳам худди шундай йўл тутади деб кутиб бўлмайди. Хитойлик “дўст” – бу вақтинчалик тактик шерик, уни бирор бир сабаб туфайли фойдаси тегмай қолган пайт “тушириб” кетиш мумкин. “Хитойчасига дўст тутиниш” принципи парадоксли, яъни зиддиятли ва шу билан бирга оддий: дўст йўқ, атрофдагиларнинг барчаси душман, лекин улардан баъзилари яққол душман бўлишса, бошқалари эса яшириндир. Узоқдаги душманлар билан жуда хатарли яқиндаги душманларга қарши вақтинчалик иттифоқ тузиш мумкин. Ғалабага эришгандан сўнг, собиқ дўстни душманлар қаторига бемалол ўтказса бўлаверади. Бизнесда ушбу стратагема қўлланганда шундай ифодаланади: дунёда пулга эгалик қилишни истаганлар жуда кўп, аммо бошқалар билан бўлишиш учун пул миқдори чегараланган. Бошқа душманлар тарафидан моддий бойликларга вақтинчалик эгалик қилиш фактига кўникиш мумкин, бироқ аслида ҳаммаси фақат менга тегишли бўлиши керак!
Хитойлик шерик сиздан бошқа нарса олиб бўлмаслигини англагач, дўстона муносабатини тўхтатади. Шунинг учун хитойлик билан муносабатни доим тутиб туриш, совғалар бериш, шахсий ҳаёти билан қизиқиш, умуман унга нисбатан садоқатни намоён қилишингиз лозим. Акс ҳолда стратагемада баён этилганидек сизни “бурнингизни кесишлари” мумкин.
ЭНГ ЯХШИ РЕЖА – ҚОЧИШ
Аниқроғи қочиш эмас, балки чекинишдир. Хитойликлар ҳеч қачон ютқазмайдилар, улар аҳволни измидан чиқишига ва ўзларининг барча ҳаракатлари тобеликка олиб боришига йўл қўймайдилар. Бундай вазиятда улар “пулини тўламай ресторандан қочиб кетишни” эп кўрадилар. Яъни нохуш ҳолатларнинг бирида сизнинг хитойлик таъминотчингиз йўқолиб қолиши мумкин. Токи вазиятни англаб етгунингизча уч ёки ундан ортиқ ой ўтиб кетади. Баъзан вазиятни қандайдир ваъда ёки чегирмалар юмшатиб, тўғрилаб юбориши мумкин. Лекин кўпгина ҳолларда, хусусан таъқиб қилганингизда, “қадрдон дўст” ўз ортидан қолган миллиард излар орасида осонгина йўқолиб кетади. Шунинг учун агар “бизнинг лаобан хизмат сафарига кетган” ёки “босс Пекинга партия йиғилишига жўнади” деган гапни эшитсангиз ҳушёр тортишингиз зарур. Хитойлик шерикни доимо бўлажак даромад ваъдалари ва миннатдорчилик билдириш орқали тизгинини сақлаб туриш лозим.
Масала атрофида айланиб юриш, тўғридан тўғри ҳал этиш мумкин бўлган жойда стратегик усул қўллаш ғарбона бизнесга мослашган онг учун ишни тўхтатувчи ва келишув жараёнини мураккаблаштирувчи ортиқча чорадай туюлади. Бироқ хитой менталитети ёшлигиданоқ узоқ, айланма йўл билан юришга ўрганган, чунки бундай ҳаракат доимо ўзи ва у билан алоқада бўлганларни “обрўйини” сақлаб туриши зарурлиги билан боғлиқ. Агар бирор киши шахсиятига тегиб кетиш ёки моддий манфаатлари беписандлик қилиниши кундалик ҳаётда оддий ҳол бўлса, хитойлик учун бошқа бировнинг ор-номуси аҳамиятли ўлчов ҳисобланади. Шунинг учун хитойликлар очиқ-ойдин қарши чиқишни ёқтирмайдилар. Баҳсга киришиб обрўни йўқотгандан кўра чекинишни афзал биладилар. Агарда нохуш вазият юзага келса, хитойлик охиригача ўз фикридан қайтмайди. Уни ҳеч қандай аргумент ва мантиқий далиллар билан ишонтириб бўлмайди, чунки паст кетиш унга ўзлигини йўқотиш билан баробардир. Бунда у ор-номусини, юзини ва қадр-қимматини йўқотган бўлади. Хитойликлар билан муносабатларда ҳурмат ва эҳтиёткорликни унутмаслик керак. Хусусан бегоналар олдида шахсиятга ўтмаслик лозим.
Албатта стратагемалар фақатгина Хитойда муваффақият билан қўлланмайди, бу ерда миллий онг билан боғлиқ маҳаллий қадриятлар сабаб мос келган. Баъзида тажрибасиз стратеглар стратагемаларни ўзининг зарарига ишлатади.
Йигирманчи асрнинг бошларида япон фирмаларидан бири Европада кема қуриб беришлари учун буюртма беради. Буюртмачи учун техник ҳужжатлаштириш ишлаб чиқилиб, берилганида, япон фирмаси қандайдир деталларни баҳона қилади ва кема ўлчамини катталаштиришни ҳамда конструкциясини ўзгартиришни сўрайди. Европадаги фирма лойиҳани ўзгартириб беради. Ҳужжатларни қайта кўриб чиққандан сўнг, японлар яна қўшимчалар киритишни сўрашади. Шундай қилиб, учинчи лойиҳа пайдо бўлади. Барча лойиҳа ҳужжатларини европаликлар кемаларни қуришдан даромад олишга умид қилиб, ўз ҳисобларидан қайта тайёрлайдилар. Учинчи лойиҳага буюртмани қабул қилгач, лойиҳачи-муҳандислардан бири Японияда бўлади ва бехос ҳужжатларнинг биринчисига мос келадиган айнан бир хил бўлган кемани кўради. Шунда маълум бўладики, японларни буюртма эмас, балки лойиҳа ҳужжатлари қизиқтирар экан. Шунга қарамай, учинчи лойиҳа варианти ҳам тайёрланади ва буюртмачига берилади. Бу жуда улкан кема лойиҳаси эди. Шундан сўнг бошқа буюртма тушмай қўяди. Бироз вақтдан сўнг Японияда океанда сузувчи катта кемани сувга тантанали туширилиши бўлади. Кема тумшуғига шампан виноси шишаси урилади. Кема оҳиста денгизга тушади ва... ғарқ бўлади. Шундай қилиб, бу воқеа хотима топади.
Масалан, ҳаммага маълум ҳикоядаги “бўри қўйларни еб кетти” деб қишлоқ одамларини икки марта алдаган болага учинчи марта ҳақиқатан бўрилар келганда ҳеч ким ишонмаган. Бу ҳолда бола “денгизни сузиб ўтиш учун императорни алдаш” стратагемасини ўз зарарига ишлатган. Оқибатда бўрилар ғолиб бўлди.
Шу сабабли, бундай антистратегия тузоғига тушмаслик учун келиб чиқишига кўра ҳарбий, аммо функциясига кўра амалий ҳисобланган стратагемалар тўғрисида маълумотга эга бўлмоқ лозим. Бунинг моҳиятини хитой файласуфи Сун Цзининг машҳур рисоласида кўришимиз мумкин: “Уруш – бу алдаш санъатидир” ёки “Аввал бегуноҳ қиздай бўлгин ва душман сенга ўз эшигини очиб беради. Сўнг озодликка чиққан қуёндай бўл ва душман ҳимоя чорасини кўришга улгурмайди”. Бундан ташқари стратегия ўйини жуда қизиқарли. Хитойликлар билан ҳар бир тузилган битим тадбиркорликдаги маҳоратни оширади ва мақсадга эришиш йўлида стратагемалардан фойдаланиш йўлларини эгаллашни ўргатади.
Хотима якунида юртбошимизнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринлидир: “Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганидек, «Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан афзал» зканини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакат иқтисодиётининг нафақат мустаҳкам таянчи, балки келажаги эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур”22.
Do'stlaringiz bilan baham: |