ҒАЛАБА – БУ ҲУЖУМГА ЎТИШ. ЕНГИЛМАСЛИК – ҲИМОЯ
Бу тамойил юқорида келтирилган сўзларни тўлдиради, лекин шу билан бирга яна қўшимча мазмун ҳам бағишлайди. Назарий жиҳатдан, ҳар қандай бизнес доим ривожланиши лозим. Бироқ, амалда бу мураккаб вазифа. Ривожланаётган фирманинг молиявий ва энергетик харажатлари ғоят улкан. Ҳарбий назарияга мувофиқ, ҳужумга ўтувчи душманга нисбатан уч баровар ортиқча кучга эга бўлиши кераклиги таъкидланади.
Энг қизиғи ушбу қоида қўшиннинг техник таъминотидан қатъий назар узоқ даврлардан бери амал қилиб келмоқда. Агар фаол ўсаётган фирманинг харажатлари тузилмасини оладиган бўлсак, катта қисми, яъни қоидага кўра 2/3 қисми фирмани ривожлантиришга ва фақат 1/3 қисми мавжуд тизимни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Албатта бу пропорция жуда шартли равишда олинган. Айнан шу жойда маълум бир ривожланиш босқичида эришилган натижада мустаҳкам ўрнашиб қолишга мойиллик пайдо бўлади. Бундай позицияни ҳар доим ҳам тўғри деб айтиб бўлмайди. Ҳимояга ва ҳужумга ўтишни маҳорат билан уйғун ҳолда олиб бориш классик хитой стратегиясининг фундаментал қоидаси ҳисобланади. Кимки маҳорат билан ҳужум қилса, ғалаба қозониши мумкин, аммо кимки ўзини ҳимоя қила олса, бутун урушда ғалаба қила олади.
Классик кэндо япон якка кураши назариясига кўра, ҳужумга ўтиш учун етарлича захирага эга бўлмаган ҳолатда ҳимояга ўтиш лозим ва душманни ҳолдан тойдириб, ҳужумга ўтиш керак. Аммо бутунлай ҳимояга ўтишга уриниш хато ҳисобланади. Саркардалардан бири айтганидек: “Ҳимоя –ҳар қандай исённинг ўлими”. Тан олиш керакки, ҳар қандай бизнес мавжуд бозор тақсимотига, рақобатчилар истагига ва истеъмолчининг ўз пулларини сақлаб қолиш учун уринишига қарши қўзғолондир. Бу қоидани эса фирма ишида ҳам қўллаш мумкин.
Бизнес оддий урушдан кўра шафқатсизликда қолишмайдиган машғулот. Бундаги кураш рақобатчиларни йўқотиш учун олиб борилади. Иқтисодиёт тарихида рақобатчилар душман қўлидан бозорнинг бир қисмини эгаллаш билан қаноатланганлиги ҳақида бирон бир мисол келтирилмаган. Фақатгина рақобатчини бозордан ирқитиб, унинг ҳамма эгалик қилган ўринларини эгаллагандан сўнг, шахсий муваффақият тўғрисида эмас, ғалаба ҳақида гапириш мумкин. Шунинг учун исталган фирма доимо ҳужумга учрайди. Бу ҳатто мутлақ монополистларга ҳам тегишлидир.
Хитой ҳамда япон мифологияси кучли ғанимлари устидан ғалаба қозонган кичик ва кучсиз одамлар ҳақидаги афсоналарга бой. Бундай афсоналарни билиш нафақат заиф ва кичик фирмаларга, балки йирик корпорацияларга ҳам ибрат учун фойдалидир. Агар фирма бутунлай мудофаага ўтса, эртами ё кечми рақобатчилар унинг ҳимоясини ёриб ўтиш йўлларини топишлари тайин. Бунда улар фирма ўзлаштиришдан воз кечган янги фаолият соҳаларини ўрганган ҳолда бу ишни амалга оширишлари муқаррар.
Мудофаа стратегиясига келсак, бунда фирма ўзини ва рақобатчиларини объектив баҳолаши масаласи жуда муҳим. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, раҳбар доимий ўзгариб турувчи турмуш воқеъликларини англаши лозим. Рисоладагидек қурилган ҳимоя тизими қисқа вақт ўтгандан сўнг, энди кундалик талабларга жавоб бермайди. Фақат ҳолатни ва ҳодисаларнинг турлича кўринишларда ривожланишига ўз тайёргарлигини мунтазам таҳлил қилиш орқали эришилган ўринни мустаҳкамлаш мумкин. Мудофаа ҳужумга ўтишдан кўра анча мураккаб вазифа ҳисобланади.
БАМБУК ПРИНЦИПИ
Жиу-житсу курашининг яратувчиси Акаяма Сиробеи ҳақидаги афсонада келтирилишича, у қишда боғда сайр қилиб юрганида бир нарса унинг эътиборини ўзига қаратган. Йирик ва қалин дарахт шохлари қорнинг оғирлигидан синаяпти, аммо ёш ва ингичка новдалар эгилиб, устидаги қорни тушираяпти ва шундай қилиб уларга шикаст етмаяпти. Ривоятга кўра бу мураббийни курашнинг мукаммал тизимини яратишига туртки бўлган экан. Бу ҳақиқатми йўқми, аммо бу ғоя шарқ фалсафасининг асосларидан бири саналади. Хитойда ушбу ғоя “бамбук принципи” деб таърифланади. Ҳаётда қийинчиликларга қаттиқ қаршилик кўрсатиш керак эмас, ҳолатдан келиб чиқиб чекиниш, кейинчалик тўғри туриш учун эгилиш, юкни елкадан тушириш ва ўзининг аввалги ўрнини эгаллаш лозим.
Бамбук бу ерда мукаммаллик тимсолида танланган, чунки қадимда у бошқа материалларга нисбатан анча эгилувчан ва чидамли ҳисобланган. Шу билан бирга бамбукни эгилтириб ушлаб туришда, уни эгилишидан кўра кўпроқ куч талаб қилинади. Амалда ҳеч ким узоқ муддат давомида ортиқча зўриқишга дош беролмайди. Бамбукнинг “енгилмаслик” сири айнан унинг шундай хусусиятида мужассам.
Ҳарбий стратегияда ушбу принцип чекингандан сўнг ҳужумга ўтишнинг зарурлигини ифодалашда кенг фойдаланилади. Шарқ ҳарбий анъанасига кўра чекиниш, ҳатто муҳим нуқталарни душманга топшириш шармандали саналмаган. Энг муҳими ўзига қулай фурсатда жангга тайёрланиш учун қўшинни сақлаб қолиш ҳисобланган. Сун Цзи ўз асарида таъкидлашига кўра: “Агар ғалаба қозонишинг аниқлигини кўрсанг, ҳатто ҳукмдор жойингда қимирламай туришга буйруқ берса ҳам ҳужумга ўт. Агар ноқулай бўлса ва ғалаба қилишга шубҳа қилсанг, ҳукмдоринг қимирламай туришга буйруқ берса ҳам қўшинни олиб кет”. Япон самурайларининг ҳикматларида эса бундай дейилади: “Чекиниш қўрқинчли эмас, даҳшатлиси курашни давом эттирмаслик. Чекиниш мумкин бўлганда, (кучни тўплаб ва ғалаба қозониш мумкин бўлганда) аҳмоқона ўлиб кетишдан маъно йўқ”.
Агар юқорида зикр этилган принципга мувофиқ равишда стратегияни танлаш ҳақида гапирганда, қуйидагиларни ёдда тутиш зарур. Ҳарбий тактикада чекиниш, ҳужумга ўтиш, ҳимояланиш ва музокара олиб бориш деган тушунчалар мавжуд. Бизнесда эса четлаб ўтиш, рақобат, муроса ва ҳамкорлик каби тушунчалар фарқланади. Ҳар бир тактика маълум бир ҳолатга мос келади ва фақатгина буларни тўртталасини биргаликда олиб бориш жангда ғалаба ва бизнесда муваффақиятни таъминлайди. Ҳатто музокаралар ёки чекиниш жараёнида муайян натижаларга эришиш учун бамбук тинмай кўкка интилгани сингари йўналишни тўғри олиш муҳим. Душман доим душман, рақобатчи эса доим рақобатчи. Рақобатчини йўқ қилиш мумкин, унга ютқазиш мумкин, у билан бирлашиб кетиш мумкин, аммо манфаатлар тўқнашар экан, у билан “ярашиш”, бунга кўникиш мумкин эмас.
Узоқ Шарқда “бамбукдай бўлиш” донолик ҳисобланган ва турмушнинг барча соҳаларида қўлланган. Ушбу принцип доирасида аниқ маслаҳатлар бериш жуда қийин, чунки муайян ҳар бир ҳолатда у ўзига хос тарзда қўлланилади. Шуни таъкидлаш жоизки, менежер фирма тузилмасини ташкил эта туриб ёки аниқ стратегик қарорларни қабул қилар экан, ўз бошқарув фаолиятини “бамбук принципи” билан максимал даражада мувофиқлаштириши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |