2 Машина ва жиҳозлар комплекси функциональ схемаси ва ахамиятига кўра жиҳозларнинг таснифи
Нефть ва газ конларидан нефть, газ ёки газ конденсатларининг қазиб олиниши даражасининг таборо ортиб бориши соҳада замонавий технологияларнинг тадбиқ этилиши орқали эришилиб келинмоқда ва бунга боғлиқ равишда ишлаб чиқариш шароитида турли хилдаги кўп сонли ва хар хил ўлчамлардаги янги машина ва жиҳозлар қўлланилиб келинмоқда. Нефть ва газ қудуқларидан фойдаланишда янги ва мураккаб тизимлардаги жиҳозлар комплекслари яратилди. Қатлам босимини сақлаб туриш учун, қатламга турли усулларда таъсир этиш, нефть қазиб олишни жадаллаштириш ва қатламнинг махсулот берувчанлигини ошириш кабилар учун жиҳозлар янги турдаги жиҳозлар комплекслари ишлаб чиқариш шароитида кенг миқёсда қўлланилмоқда.
Нефть ва газ конларининг турли функцияларни бажарадиган машина ва жиҳозлар билан жиҳозланиши маълум технологик жараёнларни амалга ошираётган бундай машина ва жиҳозларнинг ишлаш қобилиятини сақлаб туриш, белгиланган функцияларини узлуксиз бажаришни таъминлаш учун уларга доимий хизмат кўрсатиш тизимининг шаклланишига олиб келди. Натижада қудуқлар жиҳозларига ва уларни ишлатишда қўлланиладиган воситаларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун мураккаб машиналар,жиҳозлар, асбоблар комплекслари қўлланилмоқда.
Хозирги пайтда замонавий нефть ва газ конлари турли хилдаги технологиялар ва уларни амалга ошириш учун хар хил техникалар билан қуролланган, ўнлаб ўзаро боғланган мураккаб технологик жараёнларни комплекс равишда автоматик бошқарувлар ва ростлагичлар ёрдамида бажарадиган бир бутун объектга айланди.
Қўлланиладиган технологик жараёнлар сони, мураккаблиги, турли туманлилиги уларни амалга ошириш учун такомиллашган ва янги турлардаги машина ва жиҳозларнинг қўлланилиши билан нефть ва газ қазиб чиқариш саноати бошқа замонавий саноат соҳалари ичида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Нефть ва газ қазиб олиш учун машина ва жиҳозларга бўлган талабларнинг ўсиши ва унинг ўзига хос бўлган хусусиятлари янги турдаги саноат соҳаси - нефть ва газ саноати машинасозлигини вужудга келтирди.
Нефть ва газ конларидан нефть, газ ёки газ конденсати қазиб олиш жараёнида қўлланиладиган технологиялар ва уларни амалга ошириш учун машиналар, жиҳозлар, иншоотлар, аппаратлар, асбоблар ва механизмлар ўзаро бир бири билан боғланган ҳолда аниқ вазарурий функцияларни бажаради. Белгиланган функциялар эса коннинг нефтли, нефтгазли, нефтгазконенсатли, газли ёки газконденстали қатламли эканлиги, ёки коннинг бир неча маҳсулдор қатламлардан иборат эканлиги кабилардан келиб чиқади.
Одатда нефть ёки газ конларини геологик ҳосил бўлиши ва муҳандислик воситалари комплекси билан биргаликда битта ажралмас тизим сифатида қаралади. Бир ёки бир гуруҳ конларни самарали ишлатишнинг мухим вазифаларидан бири муҳандислик воситалари комплексини ва ишлатиш ҳамда фойдаланиш объектларини бир бирига мослаштириб қўшилган ҳолда амалга ошириш ҳисобланади. Бундай фаолиятни амалга ошириш техник ва маъмурий бошқарув орқали, ҳамда коннинг барча ходимлари билан биргаликда зарурий автоматлаштириш ростлаш воситаларини, хусусан автоматик бошқарув тизими (АБТ) ни жалб қилган ҳолда таъминланади. Шунинг учун ушбу тизим машина ва жиҳозлардан ташқари, ростлаш ўлчов воситалари, автоматлаштириш ва ҳисоблаш техникаларини ўз таркибига олади (1-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |