Яккалик, хусусийлик ва умумийлик. Яккалик, хусусийлик ва умумийлик борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг ҳар бирига хос алоҳида, маълум гуруҳига хос махсус ва ҳаммасига хос умумий томонлари, хусусиятлари ҳамда улар ўртасидаги боғаниш ва алоқадорликни ифодалайди.
Алоҳида нарса ва ҳодисагагина хос бўлиб, бу нарса ва ҳодисани бошқа нарса ва ҳодисадан фарқ қилувчи, такрорланмайдиган, индивидуал белги ва хусусиятлар бирлиги яккалик дейилади. Яккалик алоҳида нарса ва ҳодисаларни ҳам, улардаги алоҳида томон, белги ва хоссаларни ҳам акс эттиради.
Кўпчилик нарса ва ҳодисаларга (ёки уларнинг турларига ҳамда томонларига) хос бўлган ўзаро ўхшаш, бир хил, такрорланувчи белги ва хусусиятлар бирлигини акс эттирувчи тушунча умумийлик деб аталади.
Нарса ва ҳодисаларга хос махсус томонлар, хусусиятлар бирлиги хусусийлик категориясида ифодаланади. Хусусийлик категорияси нарса ва ҳодисалардаги алоҳидалик ва умумийлик каби томонлар ўртасидаги алоҳидаликка нисбатан умумий, умумийликка нисбатан алоҳида бўлган томонлар, белгилар, хусусиятлар ва алоқадорликларни ифодалайди.
Моҳият ва ҳодиса. Моҳият нарса ва ҳодисаларнинг ички, энг муҳим ўзаро боғланишлари, шу боғланишларнинг қонуний алоқадорликларини ифодаловчи воқеликнинг ички томонидир. Ҳодиса эса шу нарса ва жараёнларни ташкил этувчи томонлар, хусусиятлар ва боғланишларнинг намоён бўлиш шакли, моҳиятнинг ифодаланишидир.
Бутун ва қисм. Бутун — ўзаро диалектик алоқадорликда бўлган қисмлар, бўлаклар, томонлар, элементлар, компонентларнинг узвий бирлигидан иборат бўлган алоҳида нарса, ҳодиса, жараёндир. Масалан, бизни ўраб турган олам бир бутундир.
Қисм эса шу бутунни ташкил қилган, унинг таркибидаги маълум бўлак, компонент, элементдир. Масалан, бир бутун оламнинг бир қисми табиатдир.
Система, структура ва элемент. Борлиқдаги нарса ва ҳодисалар система, структура ва элемент алоқадорлигига ҳам эга бўлади. Чунки улар маълум системалар тарзида мавжуд бўлиб, ўз тузилиши ва таркибига кўра эса муайян структурага эга ҳамда қатор элементлардан ташкил топган бўлади.
Система — бу борлиқдаги ўзаро боғлиқ, муайян тартибдаги бир-бирига таъсир ва акс таъсир қилиб турувчи нарсалар, ҳодисалар ва жараёнларнинг қонуниятли бирлигидир.
Структура эса шу системани ташкил этган нарсалар, ҳодисалар ва жараёнларнинг тартиби, тузилиши, таркиби, жойлашиши ва ифодаланишидир. Структура ҳар бир нарса ёки ҳодисанинг, ҳар бир системанинг ажралмас туб хусусияти бўлиб, у муайян элементлардан ташкил топади.
Элемент система структурасини ташкил килган, нисбий мустақилликка эга бўлган тузилмадир. Ҳар бир система ўз структурасига кўра бир қанча ўзаро чамбарчас боғлиқ ва алоқадорликда бўлган элементлардан иборат бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |