Жиноятчиликнинг олдини олиш тушунчаси ва олдини олиш чоралари
Жиноят учун жазо бергандан кўра, унинг олдини олган маъқуллиги умумэътироф этилган. Бу - ҳар қандай ижобий қонунчиликнинг бош вазифасидир. Ҳозирги вақтда ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий, салбий ҳодисаларга нисбатан қўлланилган «жиноятчиликнинг олдини олиш», «профилактика қилиш», «огоҳлантириш», «тўхтатиш», «барҳам бериш» каби атамалар нафақат махсус адабиётларда, балки ҳар хил норматив ҳужжатларда, шунингдек вақтли матбуотда ҳам кўп учрайди.
Жиноятлар профилактикаси ёки жиноятларнинг олдини олиш – давлат органлари (шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари), жамоат бирлашмалари, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларнинг жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи шарт-шароит ва сабабларни нейтраллаштириш ёки уларга барҳам беришга қаратилган, ўз мазмунига кўра ҳар хил чора-тадбирларни (таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини) қамраб олувчи, объектив ташқи омилларга ва муайян жисмоний шахсларга йўналтирилган фаолиятидир.
Профилактика тушунчасига берилган умумий таъриф ҳар бир муайян ҳолатда уни жиноятларнинг ҳар хил тоифалари ва турларига (давлатга қарши жиноятлар, ўзгалар мулкига қарши жиноятлар, шахсга қарши жиноятлар, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар ва ҳ.к.) нисбатан, профилактик таъсир кўрсатиш субъектининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, таъсир кўрсатиш чора-тадбирлари ва воситаларидан ёки профилактика объектининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб муайянлаштириш имконини беради.
Жиноятчиликнинг олдини олиш объектлари – жиноятчиликни келтириб чиқарувчи турли хил жараёнлар, ҳодисалар ҳамда омиллар; ҳуқуқ ҳамда ижтимоий ҳамкорлик нормаларига мос келиши керак бўлган фаолият; жиноятчининг шахси; мансабдор шахслар, юридик ва жисмоний шахсларга хос хислатлар. Жиноятчиликнинг олдини олиш тизимида профилактика шаклларига мос келувчи турли жиҳатлар мавжуд.
Криминологияга оид адабиётларда жиноятларни олдини олиш даражаси, мақсадлари, мазмуни ва бошқа кўрсаткичларига кўра таснифлаш таклиф қилинади. Жиноятларни олдини олиш даражасига кўра таснифлаш нисбатан кенг тарқалган. Бунда профилактика фаолиятининг уч даражаси: жамият (олий даража), ижтимоий гуруҳлар ва жамоалар (ўрта даража) ва индивидуал (қуйи даража) фарқланади.
Жиноятчиликни олдини олиш фаолиятининг мазмунига кўра, унинг икки тури: умумижтимоий ва махсус криминологик профилактика фарқланади.
Умумижтимоий олдини олиш жиноятларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ёки нейтраллаштиришга, бошқа ғайриижтимоий қилмишларга қарши курашишга, фуқаролар ва мансабдор шахсларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга, ижтимоий ахлоқ қоидаларини бузувчиларни қайта тарбиялашга қаратилган ижтимоий-сиёсий, ташкилий, ҳуқуқий ва тарбиявий тадбирларни қамраб олади.
Жиноятчиликнинг умумий олдини олиш – жамиятнинг позитив ривожланиши учун шароит яратиш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа институтларини ривожлантириш, жиноятчилик келтириб чиқарадиган зиддият ва номутаносибликни бартараф қилиш, жиноятчиликни вужудга келтирувчи сабаблар ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларнинг зарарли таъсирини камайтириб бориш.
Махсус олдини олиш, кўпгина олимларнинг фикрича, жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи шарт-шароит ва сабабларни бартараф этиш ёки нейтраллаштиришга бевосита қаратилган тадбирларни ўз ичига олади.
Жиноятчиликнинг махсус олдини олиш – жиноят содир бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, жиноятчиликнинг шароит ва сабабларини, детерминантларини аниқлаш, шунингдек жиноятга тайёргарлик кўрилаётган ёки бошланган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чоралар тизимидир.
Ҳозирги вақтда адабиётларда ҳам, ижтимоий субъектларнинг амалий фаолиятида ҳам профилактиканинг икки тури: умумий ва индивидуал профилактика кенг тарқалган.
Умумий профилактика фаолияти давлат ва жамоат ташкилотларининг жиноятчилик сабабларини, жиноятларга имконият яратувчи шарт-шароитларни, шунингдек жиноий натижага эришишни енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш фаолиятини ўз ичига олади.
Умумий профилактика чора-тадбирлар тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ҳодиса сифатидаги жиноятчилик сабабларини аниқлаш ва ўрганиш чора-тадбирлари;
- жиноятчилик муайян турларининг (масалан, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик, рецидив жиноятчилик, ичкиликбозлик билан боғлиқ жиноятчилик ва ҳоказоларнинг) олдини олиш чора-тадбирлари;
- жиноятларнинг муайян гуруҳлари ёки турларининг содир этилиши сабабларини ва уларга имконият яратувчи шарт-шароитни аниқлаш ва бартараф этиш чора-тадбирлари;
- жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи ёки жиноий натижага эришишни енгиллаштирувчи объектив ҳолатларга барҳам бериш чора-тадбирлари.
Шундай қилиб, умумий профилактика чора-тадбирларига ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-маданий, мафкуравий, ташкилий, ҳуқуқий, техникавий ва бошқа чора-тадбирлар киради.
Жиноятлар индивидуал профилактикасининг мақсади – жиноятларнинг муайян сабабларини бартараф этиш, одамларда жиноятлар содир этилишига олиб келиши мумкин бўлган ғайриижтимоий боқимандалик кайфиятлари ва қарашларига барҳам беришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |