3-МАВЗУ: ФАН ВА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ
Режа:
1. Фаннинг предмети. Фаннинг мақсад ва вазифаси. Фаннинг таркиби. Фаннинг гуруҳланиши.
2. Илмий тадқиқот ва унинг моҳияти. Илмий тадқиқот тушунчаси, предмети ва объекти.
3. Билиш назариясининг даражалари: назарий ва эмпирик. Назарий билишнинг таркибий қисмлари: муаммо, гипотеза ва назария.
4. Илмий тадқиқот ишларини олиб бориш босқичлари: тайёрлов, назарий ва эмпирик тадқиқотлар, қўлёзма устида ишлаш ва рамийлаштириш, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жориш этиш.
Таянч тушунчалар: илмий билиш шакллари, илмий муаммо, илмий далил, илмий тахмин, илмий қонун, илмий назария, илмий башорат.
Мазкур фан орқали магистрантлар курснинг предмети, вазифаси, фан доирасида ўрганиладиган асосий масалаларнинг мазмун-моҳиятини аниқлаш, илмий билиш, метод, методология, методика тушунчаларининг моҳиятини англаш, илмий иш олиб бориш асослари, тамойилларини аниқлаш, илмий тадқиқот олиб боришдаги вазифаларни белгилаш, жамиятни демократлаштириш ва бозор тамойиллари асосида ислоҳ қилинган иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришларнинг ижтимоий фанларга таъсири масалаларини ўрганадилар. Курсни ўқитишдан асосий мақсад, магистратура талабаларига илмий тадқиқот методологиясининг пайдо бўлиш шаклланиши ва унинг турли йўналишлари ҳақида изоҳ бериш, илмий тадқиқот методологиясига доир фалсафий билимларни мукаммал даражада ўрганиш, постноклассик фан тараққиётида ўз-ўзини ташкиллаштириш, ўз-ўзини бошқариш, диссипация, флуктуация, аттрактор каби илмий тадқиқот методологиясининг асосий муаммо ва қонуниятларини тадқиқ этишдан иборат.
Ўқув фанининг предметини ўрганиш жараёнида магистрлар ўзларида илмий изланувчига хос бўлган ростгўйлик, хололлик, холислик, танқид учун очиқлик, камтаринлик, ўзаро ёрдам, беғаразлик, ўзаро ҳамкорлик, сабр-тоқатлик, собитқадамлик сингари ахлоқий сифатларни шакллантирадилар. Шунингдек, магистрлар мазкур фаннинг предметини ўзлаштириш орқали қуйидаги:
- фан ва илмий тадқиқотнинг табиати, илмий революциялар, унинг социал оқибатлари, фан этикаси, фаннинг ривожланиш истиқболлари ҳақида аниқ тушунча ва тасаввурга эга бўлиш;
- тадқиқотчи-олим шахси ва унга қўйиладиган талаблар, илмий тадқиқотни ташкил этиш;
- илмий асарларни мутолаа қилиш, конспектлаштириш, тезис, реферат, тақриз, аннотация ёзиш кўникмаларини эгаллаш;
- илмий муаммони қўйиш, мавзу танлаш, илмий гипотезани илгари суриш, илмий фактлар тўплаш усулларига оид малакаларини такомиллаштиш;
- илмий тадқиқот сруктураси, фан тили, илмий стил, тадқиқотнинг номланиши бўйича аниқ билим ва тушунчаларга эга бўладилар1.
Фанни ўқитишдан мақсад магистрантларга дунёни билиш, илмий билишнинг асосий мазмуни, метод, методология, методика тушунчаларининг моҳияти, илмий тадқиқотнинг зарурий шартлари, илмий тадқиқот олиб боришнинг мантиқий схемаси, илмий тадқиқот олиб боришда илмий билиш усулларидан фойдаланиш, мавзуни танлаш, илмий-методик адабиётларни ўрганиш, манба танлаш ва фактик материал тўплаш, илмий тадқиқот режасини тузиш ҳамда унда назария ва амалиёт бирлигини сақлаш, диссертация қўлёзмаси устида ишлаш ва малакаларини шакллантиришдан иборат. Шунингдек, магистратура талабаларига илмий тадқиқот методологиясининг пайдо бўлиши, шаклланиши ва унинг турли йўналишлари ҳақида тушунча бериш ҳамда фалсафий билимларини мукаммаллаштиришдир.
Ўқитишда фалсафа ва илмий билиш методологияси ўртасидаги диалектик алоқадорликка алоҳида эътибор берилади. Унда ҳозирги замон фани ва методологиясининг умумфалсафий масалалари ёритилади, фан тарихи ва тараққиёти, ҳозирги замон эпистемологиясидаги муҳим муаммолар, фан ҳақидаги концепцияларни илмий тадқиқот методологияси руҳида қараб чиқиш кўзда тутилади.
Фанни ўқитишнинг асосий мақсади – магистрантларни илмий тадққиқот методологиясига оид билимлар билан қуроллантириш ҳамда шу асосда уларни ўз ихтисослиги жараёнларини таҳлил қилишга ва фан муаммоларини илмий ҳал қилишга тайёрлашдан иборат. Шунингдек, табиий ва ижтимоий фанлар орасидаги ўзаро алоқадорликни тахлил қилиш; илмий тадқиқот методологиясининг мувофиқлаштирувчи фан эканлигини илмий асослаш; илмий тадқиқот методологияси ва диалектиканинг узвий алоқадорлигини исботлаш.
Позитивизм намоёндаси Г.Спенсер (1820-1903) “Фаннинг пайдо бўлиши” номли асарида бу соҳанинг вужудга келишини ўзига хос баҳолайди. У кундалик билим ва илмий билим ўзаро мутаносибдир, деб эътироф қилар экан, фан инсон жамияти билан бир вақтда пайдо бўлган, деган фикрни инкор қилади. У илмий методни инсоннинг, турли даврларда ўзгармайдиган дунёни табиий англаш воситаси сифатида тушунади, билимнинг ривожи фақат бизнинг тажрибаларимизнинг кенгайиши билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Спенсер тафаккурга фалсафий мушоҳада хослигини инкор қилади, унинг айнан мана шу ғояси эса фан тарихчилари томонидан танқид қилинади.
Фан тарихини ўрганиш ХХ асрда бошланган бўлсада, унга азалдан фалсафанинг ёки умумий маданият назариясининг бир бўлими сифатида қаралган. Уни алоҳида илмий тадқиқот объекти сифатида ўрганиш 1892 йилда Францияда фан тарихи кафедраси очилиши билан бошланган, деб ҳисобланади. Фан тарихини ўрганиш жараёнидаги биринчи тарихий-илмий тадқиқотларни қуйидагича характерлаш мумкин:
- дастлаб, у ёки бу фандаги ютуқларни хронологик системалаштириш вазифаси ҳал қилинган;
- илмий ғоя ва муаммоларни, прогрессив тараққиёт механизмларини изоҳлашга ҳаракат қилинган;
- олимларнинг илмий фаолияти ҳамда ижодининг ижтимоий аҳамияти аниқланган.
Фан – инсон ва жамият фаолиятининг муҳим маҳсули бўлиб, нарса ва ҳодисаларнинг хоссалари, муносабатлари ҳамда қонуниятларини ўрганишга қаратилган тизимлар йиғиндисидир. Шу билан бир қаторда фан ижтимоий онг шаклларининг биридир. Айтиш лозимки, фан сўзининг айнан маъноси – билим демакдир.
Ҳар қандай фаннинг жамиятда тутган ўрни, истиқболи, унинг назариясининг бойлигидадир. Фаннинг назарий асоси қанчалик пухта, мукаммал, атрофлича ва чуқур ишланган бўлса, унинг мавқеи ҳам шу даражада юксак бўлади.
Фанни тадқиқот объекти сифатида тушунишга, яъни фан ҳақидаги фанга ёки фан фалсафасига, ёки дунёни илмий билишга қуйидаги ёндашувлар киради:
Инсон маданиятининг шаклланиши жараёнида:
а) фан – билиш;
б) фан – фаолият;
в) фан – институт сифатида ифодаланади.
Юқоридагиларни қуйидагича янада мукаммалроқ таснифлаш мумкин: яъни, фан олам ҳақидаги билимлар тизими (олам, жамият, инсон), фан янги билимларни эгаллашдаги инсон фаолияти; фан жамият, давлатни ташкил қилиш шакл (институт)ларидан бири.
Фандаги эгалланган билимнинг намоён бўлиши билан фаннинг ўзи шуғулланади. Айнан фан соҳасида илмий билимларни умумлаштириш, танлаш, тизимлаштириш ва улардан келгусида фойдаланиш ҳақида чуқур тасаввурлар ҳосил бўлади.
Биринчи вазиятдан билим жамиятнинг моддий амалий ҳаётида ёки унинг маънавий бойишида, иккинчисидан эса янги илмий тадқиқотларни, янги тадқиқот дастурларини яратишда фойдаланилади. Илмий билимлардан ташқи ва ички жараёнда қўллашнинг оралиқ воситаси, таълим тизими ҳисобланади. Оламни англашга йўналтирилган инсон фаолиятининг алоҳида хусусияти сифатидаги фан билан фалсафа, методология ва фан мантиғи, шунингдек фалсафий билиш назарияси шуғулланади. Ижтимоий ҳодиса ёки ижтимоий институт сифатидаги фан билан фаншунослик шуғилланади.
Фанни ўзига хос ижтимоий ҳодиса ва институт сифатида тушунишга нисбатан асосий ёндашувларни кўриб чиқамиз. Фанни формал ижтимоий институт сифатида содда ва аниқ тушуниш учун 1) институт сифатидаги фанга ва 2) жамоа сифатидаги фанга “давлат ижтимоий гуруҳининг барча характерли хусусиятлари” хослигини инобатга олиш керак.
Биринчи вазиятда биз ташкилотлар тизими ва ташкил қилиш шаклларини бошқариш тизими (раҳбар ва унинг қўл остидагиларининг лавозимлари), иерархия (унвон, даражаларга қараб, қуйи мансабдорларнинг юқори мансабдорларга бўйсуниш) тизими, ташкилотлар тизими (кафедралар, илмий тадқиқот институтлар, фуқаролик жамият институтлари, академиялар, семенарлар тизими, конференциялар, конгресслар, кенгашлар), хуқуқий назорат қилиш тизими (муаллифлик хуқуқи ҳақидаги қонун, олим ва илмий жамоаларнинг мақоми), ишлаб чиқариш воситалари тизими (инструментал-экспериментал асбоблар, лаборатория хоналари, ахборот тизими) кабиларни назарда тутганмиз.
Иккинчи вазиятда биз олимлар жамоасида ҳар қандай инсоният жамоасининг типик хусусиятларини кўришимиз мумкин. Илмий жамоада инсонлар яшайдилар ва ишлайдилар. (Сенека айтганидек, инсонга хос барча нарсалар улар учун бегона эмас). Хақиқат пешволари бўлмиш бу жамоада ғоялар етакчилари ва оддий бажарувчилар, қуллар ва ҳукмдорлар (олимларнинг бир-бирларига нисбатан моддий-маъмурий қарамлигига у ёки бу даражада асосланган муносабатлар), анъаналар ва хулқ-атвор нормалари, умумэътироф этилган этика ва расмий муносабатлар баёни, илмий билишнинг норма ва идеаллари, мафкураси (масалан, табиатшуносликдаги математик мафкура, кимёдаги физик мафкура), ўғри ва мунофиқлар (ғоя ўғрилари, кўчирувчилар, маккорлар, онгли равишда экспериментлар натижалари ва назарий фикрларни бўрттирувчилар), модага амал қилувчилар фандаги илмий йўналишни илмий виждонга, ички эҳтиёжга эмас, балки ташқи фойда ва манфаатда оммавий экологизация ва фаннинг компьютерлашувига қараб танловчилар бор. Ва ниҳоят, илмий жамоада, нафақат ақллилар, балки ахмоқлар ҳам бор.
Мантиқий-предметли даражада янги илмий соҳаларнинг пайдо бўлишини учта асосий таркибий қисмларга: предмет, метод, мақсадли билишга ажратиш мумкин. Бундай таркибий қисмга бўлиниш, албатта, муаммони соддалаштиради ва схемалаштиради, бир қараганда бундай ёндашув етарли даражада тўғри ва ҳатто кенг тарқалгандек туюлади (фан институтларида янги билим соҳаларининг келгусида расмийлаштириш муаммоси).
Фан тарихида фанлар шажарасини биринчилардан бўлиб Арасту ишлаб чиққан. Ҳозирги замон олимлари фанларни кўпроқ учта катта гуруҳга бўладилар: табиат ҳақидаги, техника ҳақидаги ва ижтимоий-гуманитар фанлар. Бу гуруҳларнинг ҳар бири ўзларининг шажарасига эгадир. Аммо шу фанлар ичида фалсафа, аниқроғи диалектика барча фанларнинг методологиясидир. У барча фанларда мавжуд, барча фанлар эса унда мавжуддир. Ҳар бир жисмнинг, ҳодисанинг ўзаги бўлганидек, фанларнинг ҳам ўзаги бўлиб, бу ўзакини диалектика ташкил қилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳар бир фан ўзининг шажарасига эга. Масалан, фалсафага – фалсафа тарихи, глобал ва регионал фалсафа (шарқ, ғарб ва б), сиёсат фалсафаси – миллий ғоя ва мафкура фалсафаси, ҳуқуқ фалсафаси, дин фалсафаси, мантиқ фалсафаси, маданиятшунослик фалсафаси, эстетика фалсафаси, технология фалсафаси, техника фалсафаси, табиат фалсафаси, ижтимоий фалсафа, антология, геносеология, инсон фалсафаси, жамият фалсафаси, фан фалсафаси, қадриятлар фалсафаси, маънавият, иқтисодиёт фалсафаси ва бошқалар киради.
Ҳозирги замонда дунёда 2000 дан ортиқ фанлар ўқитилади, бу фанларнинг барчаси ижод билан боғланган. Демак, инсон фаолиятини фан тараққиётисиз тасаввур қилиш қийин. Одамлар фан ёрдамида мақсадларига эришадилар.
Билим фан орқали олинади. Билим куч ва маърифатдир. Фан бор экан нодонлик ва бидъат, тоқатсизлик ва тартибсизлик ва турли тўсиқлар ривожланиш йўлидан олиб ташланади. Уларга барҳам бериш фан ва ижоднинг вазифасидир. Инсон қанча маърифатли бўлса, у жиддийлашиб боради, ахлоқлироқ, маданиятлироқ бўлади. Зеро инсонларнинг маърифатли бўлиши, олға қараб ҳаракат қилиши демакдир. Маърифатли киши ўз манфаатига ахлоқий жиҳатдан ёндашади. Ижод қилишда турли услуб ва назариялардан фойдаланади. Шу жараённинг ўзида янги фанлар ҳам пайдо бўлади. Фанларни ҳам уқувли, талантли, буюк шахслар яратади.
Фаннинг яна бир хусусияти шундаки, у табиатнинг ривожланиши ва жамиятнинг мослашиши, яшаб турмуш тарзини ўтказишнинг ҳимоя воситаси ҳамдир. Ҳимоя эса турли методлардан фойдаланиш асосида боради. Бундай методларга абстрактлаштириш, тажриба ўтказиш, кузатиш, шакллантириш, (моделлаштириш) математиклаштириш, таҳлил ва синтез қилиш, тарихийлик-мантиқийликдан фойдаланиш, индукциялаш (айримликдан умумийликка) - дедукциялаш (ҳулоса чиқариш) ва бошқалар киради.
Айтиш лозимки, фан сўзининг айнан маъноси – билим демакдир. Лекин ҳар қандай билим илмий бўла олмайди. Одатдаги ёки турмуш тажрибаси деб аталган ҳар қандай соҳа, аниқроғи, оддий кузатиш ва амалий фаолият асосида олинган далиллар ва жараёнларни оддийгина тавсифланишдан, уларнинг оддий томонларини аниқлашдан нарига ўтмайдиган билим фанни ифодаламайди. Шу сабабли фаннинг вазифаларини ҳам тўғри тушуниш талаб этилади. Бу вазифалар қуйидагилар:
1. Фан инсон фаоллигини оширишга хизмат қилади. Теварак-атрофни мукаммалроқ билишга ёрдам беради.
2. Инсонлар фаолияти билан объектларнинг ўзаро алоқасини ифодалайди ва мослаштиради.
3. Нарса ва ҳодисаларнинг ривожланиш қонуниятларини очишга кўмаклашади.
4. Фан ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий қадриятларни ўзида мужассамлаштиради ва авлоддан-авлодга етказишга хизмат қилади.
5. Фан мониторинг вазифани бажаради. Табиат ва жамият ҳодисаларининг глобал ҳолатларини назорат қилишга ҳамда турли янги соҳаларни барпо қилишга ўз ҳиссасини қўшади.
6. Ахборотлар тўплайди ва ахборотлар билан инсонларни таъминлайди.
Ҳозирги замон фанида тадқиқот объекти ўзининг барча алоқа ва муносабатлари билан ҳар томонлама ривожланишда, яхлит система сифатида ўрганилади. Шу сабабли ҳам тадқиқот объектига ёндашиш системали, комплекс характер касб этади. Бинобарин, фақат методлар, назариялар, қонун ва гипотеза яхлит система сифатида билиш объектини тўлароқ тавсифлашга қодирдир.
Илмий билимлар ҳосил қилишнинг олий шакли бўлган илмий назария учун қарама-қарши тенденция – системалилик ва элементлик хосдир. Ўсиб борувчи илмнинг интеграл, яхлит, динамик системаси сифатида фандаги илмий назария ташқи оламнинг ҳодиса ва предметлари, уларнинг ички структураси ва қонуниятлари тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Назария фактлар ўртасидаги сабабий алоқадорликни очиб беради, илмий қонунларни шакллантиради, реал қонуниятларни кашф этади.
Мавжуд илмий назариялар, парадигмалар ва тадқиқот дастурлари ўрнига анча мазмундор, чуқур ғоя ва назариялар келган вақтда фанда туб ўзгариш – революция рўй беради.
Илмий назария – илмий билишнинг энг ривожланган, етук ва мукаммал шакли бўлиб, воқеликни тўла ва чуқур акс эттиради. Бу – билимларнинг қатъий, мантиқан нозид системасидир, унда айни шу вақтда билимлар ҳақиқийлиги (ишончлилиги)нинг энг юқори босқичига эришилади.
Илмий назарияларнинг ривожланиши, илмий назария ва парадигмаларнинг алмашиниши ижтимоий амалиёт талаблари билан узвий боғлиқ бўлиб, у ёки бу илмий назарияга социал буюртманинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан шартлангандир.
Назарий тадқиқотларнинг мақсади – тажрибавий маълумотлар ўртасида алоқа ўрнатиш, борлиқнинг моҳияти ва структурасини яна ҳам чуқурроқ билиш, илмий ижоднинг янги истиболлари, йўналишлари ва йўлларини очишдир. Илмий назариянинг асосий элементлари:
а) эмпирик (тажрибага асосланган) – назарий асос,
б) матиқий ва категориал аппарат (тушунчалар),
в) чиқариладиган хулосалардир.
Илмий назариянинг тўлалиги, чуқурлиги ва ҳақиқийлиги илмий тадқиқотда у бажарадиган тушунтириш (изоҳлаш) ва олдиндан башорат қилиш функциялари орқали текширилади.
Назария бирон бир ҳодисани тушунтирар (изоҳлар) экан, ўтмишга, мавжуд фактик билимга мурожаат қилади. Назария башорат қилар экан, илмий прогнозлаш ролини бажара бориб, келажакка мурожаат қилади.
Илмий назариянинг оламни билишдаги энг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- илмий билимларни системалаштиради ва изоҳлайди;
- мавжуд билимларни кенгайтиради, чуқурлаштиради ва уларга аниқлик киритади;
- янги илмий фактларни башорат қилади;
- илмий билимнинг ишончлилигини оширади;
- фандаги эмпирик ва назарий билимларни синтезлайди;
- амалиётга, реал ҳаётга мурожаат қилади.
Илмий билимларни системалаштириш илмий назария яратишнинг энг муҳим, зарур босқичидир. Илмий билимларни системалаштириш босқичида ишчи гипотеза, қоралама фактлар қайта ишланади, мавжуд фактик билимлар сараланади, кейин эса мавжуд фактларни системага солиш учун кўпинча чала, хато уринишлар қилинади. Лекин пишиб, етилиб борган сайин ана шу бирламчи структура таҳрир қилинади, унга аниқлик киритилади.
Фан оддий далиллар ва турли қонунлар ҳақидаги билимларнинг оддий йиғиндисидан иборат эмас, балки тизимларга солинган илмий билимлар йиғиндисидан иборатдир. Ҳар бир фанда акс эттириладиган муаммолар ўзаро боғлангандир. Уларни ажратиш мумкин эмас. Аммо ҳар бир фан маълум бир меъёрга етиб борганда ўзидан маълум бир соҳаларини ажратиб мустақил фан бўлишга асос бўлади. Буни биз юқорида фан шажарасида кўрдик. Фаннинг ривожланиши далилларни оддий тўплашдан, далиллар орқали махсус қонуниятларни ўрганиш ва очиб беришгача бўлган қийин, лекин шарафли вазифани ҳам зиммасига оладики, бу жамият вакилларини ҳар бирига тааллуқли бўлади. Шу йўсинда назариялар яратилади.
Фан назарияларни амалиётга татбиқ этиш йўлларини ҳам кўрсатиб беради. Фан инсонга табиат ва жамиятнинг ҳақиқий манзарасини ёрқин ифодалаб беради. Ушбу манзара эса фан тараққий қилган сари тобора тўлароқ инсон онгида акс этаверади. Фан санъатдан тубдан фарқ қилади. Санъатда фантазия, бадиий сиймолар, бирор ҳодисани ўйлаб чиқиш кабилар мавжуд. Фанда эса бундай ҳолатларга ўрин йўқ. Чунки фан борлиқни қонуниятлар асосида аниқ тизимларга асосланган ҳолда ифодалайди.
Фан ишлаб чиқаришни ривожлантиришда асосий восита бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида ишлаб чиқаришнинг ривожланиши фан тараққиётига туртки беради. Ишлаб чиқаришда ва жамият ҳаётида фаннинг ролини ошиб бориши табиий ҳол бўлиб, у тўхтовсиз ривожланиш хусусиятига эга.
Демак, фан бўлмаса, деҳқончилик ва чорвачилик, саноат, транспорт ва энергетика, информацион жараёнлар ва маданий воситалар бўлмас эди. Бундан ташқари фаннинг ривожланиши анализ соҳаларини бойитади, кенгайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |