Гипотеза (грек. асос, фараз) – ҳақиқатни ижодий излаш, янги билимлар ҳосил қилишнинг навбатдаги шакли бўлиб, илмий тадқиқот жараёнида илгари сурилади. У ҳақиқатни билиш йўлидаги дастлабки тахмин, ҳали етарлича тадқиқ этилмаган, мантиқий ва эмпирик асосларигина очилган, аммо исботланмаган илмий билимдир.
Гипотеза илмий ижодда олдиндан кўриш ва амалиётни узвий боғловчи роль ўйнайди, объект ичидаги мавжуд алоқа ва ўзаро муносабатлар ҳамда билишнинг турли объектлари тўғрисидаги илмий асосланган фараз ҳисобланади.
Гипотеза – бу, ҳали ҳақиқат эмас, балки тахмин қилинаётган, эҳтимол тутилаётган, реал мумкин бўлган ва кутилаётган янги илмий билимдир. Бу билимнинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини исботлаш илмий ижоднинг асосий вазифасидир.
Мавжуд илмий билимларнинг умумашмаси сифатида вужудга келган гипотеза илмий ижод жараёнига фаол таъсир кўрсатади: хаёл, тасаввур, интуицияни қўзғайди, ҳаракатга келтиради, тадқиқотчининг ҳушёрлигини оширади. Тадқиқотчини янги илмий ғояларга олиб боради.
Гипотезани исботлаш йўлида аргумент(далил)лар излаш мавжуд билимларни кенгайтиради ва чуқурлаштиради. Тадқиқотчини янги илмий ғояларни илгари суришга ва асослашга ундайди. Дастлабки илмий фараз хдди узоқдан чарақлаган нур сингари тадқиқотчи тафаккурида интуитив характерга эга бўлади, баъзан худди мўъжиза сингари рўй беради.
Илмий тадқиқотнинг вазифаси гипотезанинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини исботлаш, илмий гипотезани илмий анализ ва изланишга татбиқ этиш мумкинлигини асослашдир. Бинобарин, гипотеза ўзида билимнинг ўз-ўзидан ривожланиши учун эвристик потенциални мужассамлаштиради. Гарчи гипотеза тахминлари эҳтимолли характерга эга бўлса-да, гипотезанинг ўзи гўё тадқиқот жараёнидан илгарилаб кетади, тадқиқотчи эса уни исботлаш учун янги илмий фактлар излайди, тажрибалар ўтказади, кузатади, фаннинг ўз соҳаси ва яқин соҳаларидаги билиш натижаларини таҳлил қилади.
Гипотеза худди қор уюмлари сингари ўзининг фан структурасида яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ўсиб боради. Тадқиқотчи ўзининг илмий ижодий лабораториясида гипотеза ўзининг тўлиқ мазмуни билан бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда унинг бирон бир қисми ишончли илмий билимга айланади, деган умид билан илмий гипотезани илгари суради.
Жорж Стюарт Милль ўзининг “Логика системаси” асарида шундай деб ёзган эди: “Афтидан, илмий гипотеза мавжудлигининг шарти шундан иборатки, у ҳар доим гипотезалигича қолишга маҳкум этилмаслиги, балки кузатилаётган фактлар билан қиёслаб, ё исботланиши, ёки рад этилиши керак”2.
Синчковлик билан ташкил этилган эксперимент илмий гипотезадан ишончли илмий назарияга ўтиш имконини беради, яъни верификация қилади ёки унинг ҳақиқий эмаслигини кўрсатади, яъни гипотезани фальсификация қилади.
Бинобарин, тажриба, эксперимент фаннинг ҳақиқий фактлари ҳақиқатга ўхшаш гипотеза билан ишончли илмий назария ўртасида демаркацион (аниқ, қатъий) чизиқ тортиш вазифасини ўтайди.
Илмий билишда гипотезаларни тасдиқлаш ёки рад этишнинг мезонлари қуйидагича:
- гипотезанинг асосий мазмуни бўлган илмий ғояни реал предмет ва ҳодисаларда топиш;
- дедукция (ҳулоса чиқариш) йўли билан ҳақиқий билим, хулосаларни гипотезанинг ўзидан келтириб чиқариш;
- бу хулоса ва натижаларни воқеликдаги реал аҳвол билан таққослаш;
- гипотезани амалиёт, тажриба, вақт орқали ё тасдиқлаш, ёки рад этиш;
- гипотезани текшириш унинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини исботлашни англатади. Биринчи ҳолатда исботлаш, иккинчи ҳолатда эса рад этиш ҳақида сўз боради.
Илмий тадқиқот, илмий изланиш мавжуд гипотетик билимнинг воқеликка мос екелишини текширишга қаратилган бўлиб, бу ерда парадоксал вазият вужудга келиши, фаннинг айни бир соҳасидаги турли фактлар қарама-қарши гипотезаларни тасдиқлаши мумкин.
Тадқиқотчининг гипотезалардан илмий тадқиқотнинг самарали воситаси сифатида фойдаланиши ўрганилаётган ҳодиса моҳиятининг чуқур эканлигидан гувоҳлик беради.
Гипотеза эвристик билиш ролини бажариши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: 1) у мавжуд билим ва фактларга зид бўлмаслиги; 2) уни текшириш имконияти албатта мавжуд бўлиши; 3)ниҳоятда оддий бўлиши; 4) илмий билимлар кенг соҳасига бемалол тақдим этиладиган бўлиши зарур.
Бунинг учун:
- гипотеза конкрет маъно ва мазмунга эга бўлиши;
- ишончли билим ва илмий ҳақиқатга зид бўлмаслиги;
- соф мулоҳаза характерига эга бўлмаслиги ва тажрибада текшириб кўриш имконига эга бўлиши;
- келажакни олдиндан кўриш, асослаш қобилиятига эга бўлиши;
- илмий дунёқараш принципларига мос бўлиши;
- илмий ижод механизмида фаол ишлаши, полкаларда чанг босиб ётмаслиги керак.
Агар илмий тадқиқотда янги, Нильс Бор таъбири билан айтганда, “ақлга сиғмайдиган” гипотезалар илгари сурилмаса, бу – фаннинг турғунликка маҳкумлигини, илмий билимлар ривожланишдан тўхтаганлигини кўрсатади. Аксинча, илмий билиш оламида яшаб қолиш учун бир-бири билан рақобатлашувчи гипотезалар кураши мавжуд бўлса, бу – ҳақиқий илмий ижоднинг мавжудлигидан, илмий билимларнинг гуркираб ривожланаётганлигидан гувоҳлик беради.
Бир-бири билан рақобатлашувчи илмий гипотезаларни ижодий анализ қилиш, қиёслаш муҳим методологик хулосаларга олиб келади. Дарҳақиқат, бизнинг билишимиз учун, нарсалар табиати учун қарама-қаршиликлар хосдир, яъни билиш ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳам статик эмас, балки динамик, ўз-ўзидан ривожланувчи ҳодисадир.
Илмий тадқиқотда чуқур ва мазмундор илмий гипотезалар илмий билимлар ўсишининг ҳақиқий фундаменти, фанда истиқболни олдиндан кўриш, илмий қонуниятларни очиш ва илмий назария яратишнинг асоси ҳисобланади.
Гипотезалар эвристик билишда бир-биридан қуйидагича фарқланади:
1. Гипотезалар мазмунига кўра: а) хусусий, б) умумий, в) энг умумий гипотезалар;
2. Объектни акс эттириш даражасига кўра: а) микрообъектлар тўғрисидаги; б) макроолам ҳодисалари тўғрисидаги; в) мегаобъектлар тўғрисидаги гипотезалар;
3. Вақт омилига кўра: а) ўтмиш тўғрисидаги, б) ҳозирги ҳодисалар тўғрисидаги, в) бўлғуси ҳодисалар тўғрисидаги гипотезалар.
4. Объект моҳиятига кириб бориш даражасига кўра: а) тасвирловчи, б) изоҳловчи, в) системали гипотезалар.
5. Ҳодисаларни ифодалаш усулига кўра: а) мазмунли, б) формаллашган, в) модал гипотезалар;
6. Ижодий жараёндаги ролига кўра: а) гумон-гипотезалар, б) ишчи гипотезалар, в) конструктив гипотезалар.
Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкин: гипотеза, бу – ўзида янги билимни мужассамлантирган, илмий билим эришган даража томонидан белгиланадиган, аммо ҳали амалиётда тасдиқланмаган тахминий билимдир. Илмий ижодда гипотеза билмасликдан билишга, тўлиқсиз билишдан тўлиқ билишга, фактларни тадқиқ этишдан мавжуд объектнинг ички мантиғини билишга, бир илмий назариядан анча юқори даражадаги илмий назарияга ўтиш шаклидир.
Илмий билиш икки даражадан – эмпирик ва назарий билиш даражасидан ташкил топган бўлиб, фактларнинг ҳам икки типи мавжудлигини эътироф этишга тўғри келади.
Эмпирик тушунча ва қонунлар доирасида талқин этиладиган, муайян ҳодисаларни билиш натижасида ҳосил қилинган фактларни илмий фактлар деб атаймиз. Шунга мувофиқ илмий назария доирасида талқин этиш натижасида ҳосил қилинган фактларни фаннинг назарий фактлари деб атаймиз.
Илмий ижоднинг муҳим қирраларидан бири эмпирик фактларни ҳушёрлик ва синчковлик билан танлай олиш ва улардан тўғри хулосалар чиқара олиш, уларни илмий билимлар таркибига – илмий тахмин, гипотеза, илмий назарияга киритишдадир.
Илмий назариялар ривожланишини таҳлил қилишда “илмий факт” тушунчаси алоҳида методологик аҳамият касб этади. Бу ерда факт илмий назариянинг ҳақиқийлигини, тўғрилигини, ҳодисани изоҳлаш олиш қобилиятини баҳолаш мезони ҳисобланади.
Ҳозирги замон фанида илмий кузатишлар, экспериментлар ва тажрибалар ҳам, амалиётда ишончлилиги тасдиқланган назарий қонунлар ҳам факт ҳисобланади. Илмий билимнинг ишончлилиги, ҳақиқийлиги унинг фактга айланишининг зарур шартидир. Шу сабабли фактнинг ўта инжиқлиги ҳақида гапирадилар. Унинг тадқиқот учун қулайлиги ёки ёқимсиз, ноқулайлигидан қатъи назар қабул қилишга тўғри келади. Фактнинг қолган барча белгилари, масалан, унинг инвариантлиги, яъни ўзи мансуб бўлган системадан нисбий мустақиллиги унинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигидан келиб чиқади.
Муаммо – бу ечилиши лозим бўлган масала ёки вазифа. Муаммони қўйиш ҳали англаб етилмаган нарса ёки ҳодисанинг мавжудлигини англатади. Айни вақтда бу нарса ёки ҳодиса муайян тарзда тавсифланган, ажратилган, яъни у ҳақда муайян бошланғич билим мавжуд бўлиши лозим. Шундай қилиб, муаммони билиш – бу алоҳида турдаги билим: у “билмаслик ҳақидаги билим”дир.
Амалиётда (ишлаб чиқариш, ижтимоий, тиббий амалиёт ва ҳоказоларда) ва фаннинг ўзида юзага келувчи муаммоли вазиятлар илмий муаммоларнинг манбаи ҳисобланади. Илмий муаммони қўйиш муаммоли вазият таҳлилига таянади, лекин бундай таҳлилнинг ўзи билангина белгиланмайди. Муаммоли вазиятга тушиб қолгач, муаммони қўя билиш лозим. Муаммо нафақат аниқланиши, балки илмий таърифланиши ҳам лозим. Бунинг учун уни субъектив, индивидуал, руҳий жиҳатлардан мумкин қадар тозалаш ва фан тилида ифодалаш зарур.
Илмий тадқиқотларнинг муайян муаммолари амалиёт ва фаннинг ривожланиш тенденцияларини теран тушунишни талаб этади. Бу улкан аҳамият касб этади, чунки илмий тадқиқотларнинг
Do'stlaringiz bilan baham: |