Структруализм
ХХ асрнинг 20-нчи йилларидан бошлаб, ижтимоий-гуманитар фанларда структурализм (тузилиш) деб умумий ном олган ҳаракат бошланади. Унинг асосида ётган структурали услуб даставвал тилшуносликда (лингвистикадаги Прага, Копенгаген ва Йель структуралистик мактаблари) ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчалик ижтимоий-гуманитар билимларнинг бошқа соҳаларида (адабиётшунослик, маданиятшунослик, руҳшунослик, жамитяшунослик, оғзаки ижод (фольклористика), эстетика, ирқшунослик (этнология) ва бошқаларда) ёйилди. Структурализм Францияда энг кўп даражада ёрқин намоён бўлди. Унинг асосий вакиллари К.Леви-Стросс, М.Фуко, Ж.Лакан, Р. Барт ва бошқалар эдилар.
«Структурачилар» нинг илмий билишнинг турли соҳаларида ишлашларига қарамасдан (Ф. Соссюр лингвистикада, Леви-Стросс этнологияда, Барт адабиётшуносликда, Лакан руҳий таҳлилда ва ҳоказо), уларни бирлаштирувчи қандайдир умумийликни ажратиб кўрсатиш мумкин. Уларнинг умумий мақсади гуманитар билимга жиддий усулларни олиб кириш, уни табиий илмий ғояга яқинлаштириш эди. Структурализмнинг асосий тушунчаси структура (тузилиш) бўлиб, унинг маъноси турли хил қайтадан тузишларда содир бўлиши мумкин бўлган таянч муносабатлар мажмуасини тушуниш эди. Ана шу турдаги хилма-хил таянч структураларни тилда, асабда, афсоналар, ижтимоий институтлар ва бошқа ижтимоий - гуманитар билимларда қидириб топиш структурализм услубининг асосида ётар эди. Структурали усулнинг қуйидаги асосий бажариладиган ишларини кўрсатиш мумкин:
1) ягона структурага эга бўлиш мумкин деб таҳмин қилинган объектларни ажратиш;
2) ушбу объектларни уларнинг таркибий қисмларига бўлиш натижасида улардаги ўзига хос муносабатларни турли хилдаги жуфт элементлар билан боғлаш;
3) таркибий қисмлар ўртасидаги муносабатларни тасвирлаш ва тизимга солиш, ҳамда абстракт структурани барпо қилиш;
4) структурадан назарий оқибатларни чиқариш (муайян вариантлар) ва уларни амалиётда текшириш34.
Текшириш объектининг структураларини топиш ва тасвирлаш (тил, адабий матн ва ҳоказо) уни тарихини ўрганишдан кўра муҳимроқ масала сифатида қаралар эдики, у ўз ифодасини услубий структурали қоидада: диахрониядан кўра синхрония (икки ёки бир неча ҳодисанинг бир-бирига мос равишда баббаравар бўлиши) муҳимдир деган жумлада топади. Лингвистикада структурализм асосчиси бўлган Ф.Соссюр сўзларни маъносини уларнинг тарихини ўрганиш орқали аниқлаб бўлмайди, балки уларнинг муносабатларини тизимнинг элементлари бўлган бошқа сўзлар таҳлили воситасида аниқлаш мумкин деб ҳисоблади. К. Леви-Стросс ҳам жамият маданиятини структурали таҳлилини уни тарихий ўрганишдан кўра афзал деб билди.
Структурализм дастурининг энг муҳим нуқтаси тилни белгилар тизими сифатида тушуниш ва уни нутққа қарама-қарши қўйишдир. Тил тизим ёки инвариантлар мажмуаси сифатида нутқни шакллантиради. Ушбу инвариантлар обьектив бўлиб, муайян субъектдан мустақилдирлар. Шу муносабат билан структурали лингвистика (тилшунослик) маркази муайян нутқий ҳаракатнинг хусусий хосиятини ўрганишдан тизим ташкил қилувчилик хусусиятига ва таянч тил структурасига бўлган билиш жараёнига кўчирилади. Ибтидоий жамоаларни ўрганишга ўзини бағишлаган Леви-Стросснинг структурали антропологиясида афсоналар расм-русумлар, ниқоблар ва бошқа маданий қоидалар ва меъёрлар ҳам ўзига хос тиллар, белгилар тизимидирлар. Шундай қилиб Р.Барт адабий асарларни белгилар тизими сифатида қараб чиқадики, уларда муайян табақанинг сиёсий интенцияси тўпланиб тартибга солинади. Ж. Лаканнинг ишларида тил билан онгсизлик ҳолатининг соҳаси ўртасида таққослаш ўтказилади.
Онгсизлик ҳолати ҳам структураларни аниқлаш объекти сифатида структурачилар ижодида аҳамиятли ўрин тутади. Леви-Стросс асотир тафаккурни биз ҳаётда риоя этадиган кўплаб қоида ва меъёрларни тушуниш калитини берадиган жамоавий онгсиз ҳолат сифатида қараб чиқади. Уни онгсизлик ҳолати таҳлилини ҳисобга олмаган, фақат онг таҳлили услубигагина қурилган этнология қониқтирмайди. Онгсизлик ҳолати Ж.Лаканинг «структурали руҳий таҳлили» да ҳам тадқиқот мавзуси бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |