Постпозитивизм
Янги позитивистча таълимотнинг парчаланиши умумий номда бирлашган «постпозитивизм» деб аталаган бир қатор фан фалсафасининг принципларини вужудга келишига олиб келди. Бу йўналишнинг асосчиси «критик рационализм» ижодкори Карл Поппер (1902-1988) эди. Постпоситивизмга И.Лакатос, Т.Кун, С.Тулмин, Д.Агасси, П.Фейербенд каби йирик ғарб фан файласуфларининг қарашлари тааллуқлидир. Бу файласуфларнинг асосий вазифаси фан фалсафасида позитивистча услубдаги тафаккурни бартараф этиш эди.
30-нчи йиллардаёқ Поппер янги позитивизмнинг идуктивизми, маънонинг верификациячилик назарияси, фан асосини тажрибавий табиатни ҳодиса сифатида талқин қилишни қаттиқ танқид остига олган эди. У илмий билишда метафизиканинг ўрни ва метафизик (анъанавий фалсафий) муаммони оқлаш масаласини қўйган эди. У шуни кўрсатадики, метафизикада айтилган ҳукмларни ҳиссий маълумотларга тадбиқ қилиб бўлмаслиги асосида уни рад этиш, мантиқий жиҳатдан фундаментал фанларнинг бутун назарий асосларини рад этишга олиб келади. «Ўзларининг метафизикани барбод қилиш интилишларида, - деб ёзади К.Поппер, - позитивистлар у билан биргаликда табиий фанларни ҳам яксон қиладилар, негаки, илм-фан қонунлари айнан, метафизик ҳукмларга ўхшаш бўлиб, уларни ҳиссий тажриба ҳақидаги оддий ифодаларга тааллуқли деб бўлмайди. Маънони тушунишда агар изчил равишда Витгенштейнча мезонлар қўлланилса, у вақтда ўша табиат қонунларини аҳамиятсиз нарса сифатида улоқтиришга тўғри келадики, Эйнштейн таъбирича, уларни қидириш «физиканинг олий вазифаси» дир24.
Илмий ва ғайри илмий билимларни ажратиш мезони сифатидаги позитивистча верификация қоидасини танқид қилиб, Поппер ҳақли равишда кўрсатиб ўтадики, «назарияни ҳеч қачон тажрибавий жихатдан верификация қилиб бўлмайди»25. Илмий ҳақиқатга эришиш воситаси сифатида интуктив мантиқни мутлақлаштиришни ҳам Поппер ҳақли равишда танқид қилади. Маълумки, ўз вақтида Д.Юм индукцияни мантиқий асослаш муаммоли эканлигини кўрсатиб ўтган эди. Шу муносабат билан Поппер ёзади: «Индукция қоидасини оқлаш учун, биз учун индуктив хулосаларни қўллашга туғри келади, уларни оқлаш учун эса, юқорироқ даражада турган индуктив қоидани киритиш лозим, ва ҳоказо шу руҳда давом этиш зарур. Демак, тажрибадан келиб чиқиб, индукция қоидасини асослашга уриниш, зарурий равишда емирилишга дучор бўлади, негаки, у муқаррар равишда чексиз (регресс) таназзулга олиб келади»26.
Янги позитивистча таълимотга қарши ўлароқ, Поппер ўзининг верификациялар (тасдиқлаш) назарияларига эмас, балки уларнинг фалсификация қилиш (сохталаш) жиҳатларига асосланган илмий билим услубини тавсия қилади. Илмий усулнинг мантиқий асоси сифатида Поппер индуктив эмас, балки дедуктив мантиқни кўради, аниқроқ айтганда эса, унинг қоидаси бўлган модус толленсни назарда тутади. Поппер назаридаги илмий назарияларни танлаш ва текширишнинг умумий тасвири қуйидагича кўринишга эга: тахминлар ўртача қўйилгандан кейин мантиқий дедукция ёрдамида улардан қандайдир хулосалар келтириб чиқариладики, уларни тажрибада текширишдан ўтказиш мумкин бўлади. Агар хулосалардан бири тасдиқланиб қолса, биз ҳам тахминнинг ҳақиқийлиги ҳақида ҳукм юрита олмаймиз. Аммо агар ана шундай хулосалардан бири рад этилса, ундан шу нарса келиб чиқадики, тахмин ёлғон бўлади. Бундан Поппер шундай хулосага келадики, «назариянинг илмий мақомининг мезони унинг сохталаш мумкинлиги ва раддиялигидир»27.
Поппер фикрича, илмий билим асосан фаразий хусусиятга эга: «Биз билмаймиз- биз фақат фараз қилишимиз мумкин»28. Поппер «Очиқ жамият ва унинг душманлари» деб аталган машҳур китобнинг муаллифи бўлиб, унда тоталитар давлат тузумларини танқид остига олиб, уларга либерал қадриятларни қарама-қарши қўйди.
Do'stlaringiz bilan baham: |