Классик позитивизм
«Ижобий» билимлар байроғи остида майдонга чиққан XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ асрда ғарб фалсафасида энг кўп даражада тарқалган оқимлардан бири -позитивизм эди. Позитивизмнинг асосчиси француз файласуфи ва жамиятшуноси Огюст Конт (1798-1857) эди. Контнинг асосий асарлари – «Ижобий фалсафа курси» (6 жилдлик) ва «Ижобий фалсафанинг руҳи» деб аталади.
Конт анъанавий фалсафий муаммолар ва таълимотларни моддиюнчилик ёки идеализм лагерлдарига мансубликларидан қатъий назар, ўз манфаатидан келиб чиқиб ақлий ҳукмлар асосига қурилган самарасиз «метафизика» деб эълон қилди ва уларга қарама-қарши бўлган «ижобий» фақат «фактларгагина таянувчи билимларни олға сурди. Ана шундай «аниқ», «шубҳасиз» билимнигина Конт ижобий деб атайди. Позитивизм илгариги «метафизика»ни рад этганлиги учун, у ўзини илгариги барча фалсафий оқимларга қарши қўяди.
Конт фанларнинг янги таснифини тузади: математика (ўзига ер механикасини қўшган ҳолда), астрономия, физика, кимё, физиология (биология), социология11 ёки «ижтимоий физика». Фанларнинг бош вазифаси – дескриптив, яъни тасвирлаш ва баён қилишдир. Илмий билиш фақат ҳодисаларни тасвирлаши лозим, уларнинг келиб чиқишлари ҳақида саволлар бермаслиги керак, чунки бу масалаларнинг ечими йўқдир. Шунинг учун фан «нима учун» деган ифодани «қандай?» сўзи билан алмаштириш»га интилиши лозим12. Янги ижобий фалсафанинг вазифаси эса илмий билимларни тизимга солишдан иборатдир.
«Ижобий фалсафа»га Конт инсон ақлининг «қатъий ҳолати» сифатида қарайди. Конт назарича, башарият тарихи бу инсоний руҳнинг турли даврлардаги «ҳолатлари» ёки усуллари тарихидир. Бошқача сўз билан айтганда, «ғоялар бутун дунёни бошқаради ва остин-устун қилади». Шундай босқичлар ҳаммаси бўлиб учта: илоҳиётий ёки қалбаки (у ерда диний дунёқараш ҳукмронлик қилади), метафизик ёки абстракт (ўз манфаатидан келиб чиқувчи-фалсафий) ва ижобий (илмий).
Охирги босқичга эришгач «фалсафа узил-кесил ижобий ҳолатга эришади: у энди ўз хусусиятини ўзгартиришга қодир бўлмайди»13. Уч босқич қонуни умумий хусусиятга эга бўлиб, жамиятнинг барча соҳаларида (билиш тарихи, сиёсий тарих, фуқаролик тарихи ва ҳоказо), ҳамда ҳар бир кишининг руҳий камолотида амал қилади. Демак, «ақллар ҳолати» нинг уч босқичига жамият сиёсий ташкилотининг уч босқичи мувофиқ келади: илоҳиётий феодал салтанатларнинг яккаҳокимлик режимлари, метафизик – «ҳуқуқшунослар» ва «ўрта табақалар» ролининг кучайиши, позитив (ижобий) –сармоя «патрицийлари»: «саноат доҳийлари» ва банк эгаларининг манфаатларини ифодаловчи позитивист-файласуфлар бошқаруви. Худди шундай фуқаролик тарихи ҳам бир-бирларини алмаштириб турувчи уч даврга: ҳарбий-истилочилик, мудофаавий ва илмий-саноат даврларига бўлинадилар.
Конт фикрича, «ижобий» жамият принцип сифатидаги муҳаббат асосига, асос сифатидаги тартибга ва мақсад сифатидаги тараққиётга биноан қурилмоғи лозим; бу жамият шундайки, унда барча табақалар ва ижтимоий қатламлар ўртасидаги муносабатларда «уйғунлик» ўрнатилган. Мумтоз позитивизмнинг бошқа кўзга кўринган вакиллари Джон Стюрт Милль ва Герберт Спенсер эдилар.
Джон Стюарт Милль (1806-1873) - инглиз файласуфи, мантиқшуноси ва иқтисодчисидир. Миллнинг фикрича, бизнинг билимларимизнинг манбаи - кузатиш ва тажрибадир. Тажрибада бизга берилган билим мавзулари – бу ўзимизнинг ҳис - туйғу ва таассуротларимиздир, негаки, улар бизга ушбу шаклларда берилгандирлар. Шунинг учун Милль моддани «ҳис-туйғу қабул қилишнинг доимий имконияти», онгни эса – «кечинмаларнинг доимий имконияти» сифатида ифодалайди.
Мантиқ соҳасида ишлаб чиқилган кўзга кўринарли натижалар ҳам Милль номи билан боғлиқдир. Олим мантиқни ўзини фалсафий муаммолардан ҳоли бўлган ва барча файласуфлар учун қабул қилса бўладиган ҳақиқатни ахтарувчи қатъий илмий усул (ижобий билимга эришиш) сифатида қараб чиқади. Милль анъанавий силлогистика (қиёс) ва дедукция (умумдан якка томон хулоса чиқариш) ни танқид остига олиб, индуктив (яккадан умум томон хулоса чиқариш) мантиқ тизимини тузади. «Мантиқ тизимлари»ни тузишда Милль Ф.Бэконнинг индуктив мантиғига, Р.Уэтли, У.Юэлл ва Д.Гершел ишларига таянади.
Контдан кейин Милль ҳам башарият тарихини дунёқараш нуқтаи назаридан уч босқичга бўлади, аммо уларни қуйидагича номлайди: анимистик (шахсиятга олиб бориб тақовчи), борлиқ (абстракт) ва феноменалистик (тажрибавий).
Ахлоқ масаласида Милль утилитаризм қоидасига таянадики14, унга кўра, хатти - ҳаракатнинг ахлоқий аҳамияти унинг фойдаси билан белгиланади, (эгоизм) худбинлик қоидасида эса хатти-ҳаракат олинадиган ҳузур - халоват ёки ёқимсизлик нуқтаи назаридан баҳоланади, ҳамда альтруизм қоидасида эса «барча атрофдаги мавжудотларни имкон қадар кўпроқ бахт-саодат»га ёрдамлашишини тақозо этади. Ўзининг ижтимоий-сиёсий қарашларида Милль парламентаризм, либерализм ва давлатнинг фуқароларнинг хусусий ҳаётига аралашишига қарши чиқди.
Герберт Спенсер (1820-1903) – мумтоз позитивизмнинг учинчи вакилидир. Унинг томонидан «Синтетик фалсафа тизими»га бирлашган «Асосий ибтидолар», «Биологиянинг асослари», «Жамиятшунослик асослари», «Руҳшунослик асослари», «Ахлоқ асослари» каби асарлар ёзилган.
Фалсафанинг вазифасини Спенсер билимларни тизимга солишга эришишда деб билди. Фалсафа - бу қўшма билимдир. Контга ўхшаб, у ҳам фанлар таснифини тузди. Аммо, агар Контнинг таснифида фанлар умумийлик даражасига кўра тўғри чизиқнинг олдинма - кейин келиши тартибида жойлаштирилган бўлса, Спенсерда улар абстракт (мантиқ, риёзиёт ва механика), муайян («воқейликни» ўрганувчи) ва абстракт - муайянликка (оралиқ хусусиятга эга бўлган) бўлингандирлар.
Спенсер ўз фалсафий дастурини «Билиб олиб бўлмайдиган» соҳада бир-бирига ўхшаши бўлган фан билан динни келиштириш йўллари асосига қурди. «… Модда, ҳаракат ва куч кўриб бўлмайдиган воқейликнинг фақат рамзларидирлар»15. «Борлиқ шаклларини, - деб ёзади у, - моҳиятлари жиҳатидан мутлақ билиб бўлмайди»16. Спенсер фикрича, ҳатто «фактлардан энг соддаси» ҳам фан учун ўзининг «тўла билиб бўлмаслигини» намоён қилади. Фан фақат «ҳодисалар деб аталган» нарса фаолияти натижасида келиб чиқадиган ҳиссий жиҳатдан қабул қилинадиган ҳодисалар ўртасидаги муносабатларни билишгагина (ўхшашлик ва ўхшамаслик, ва бошқалар) қодирдир. Ҳодисаларнинг моҳияти эса сирдир. «Айнан сир, деб ёзади файласуф, фаннинг охирги ва диннинг биринчи қадамидир».
Спенсер фалсафанинг етакчи мавзуларидан бири умумий тадрижий (эволюцион) ривожланиш ҳақидаги таълимот эди. У «… ёйилган ҳаракат ҳамроҳлигида моддани номуайян боғланмаган бир хилликдан муайян боғланган ҳархилликка ўтказиш ва шунинг баробарида сақланиб қоладиган модданинг ҳаракатини қайтадан ўзгаришини амалга оширилиши демакдир»17.
Тадрижий ривожланишнинг ўзига хос белгиларини Спенсер қуйидаги қонуларда кўради: таркибий тубдан ўзгартирилган оқибатлар миқдорини ошиши, дифференциация (бир хилликдан ҳар хилликка ўтиш), номуайянликдан таркибий муайяндикка ўтиш, уйғунлик, мувозанатга интилиш. Тадрижий ривожланиш Спенсер томонидан механистик равишда талқин қилиниб, универсал характерга эга деб билинди: у табиатнинг жонсиз ва жонли мавжудотларида, инсон жамиятда намоён бўлишлиги таъкидланди. «Умумжаҳон ўлимининг ҳолати нима, - деб ёзади у, - бу шундай нарсаки, ҳамма жойда рўй берадиган жараённинг чегараси бўлиб, бунинг шундай эканлиги ҳар қандай шубҳадан холидир… бу ерда тасвирлаган барча ўзгаришларнинг хотимаси осойишталик ҳолати бўлади»18. Жамиятга нисбатан тадбиқ қилинганда бу аҳоли миқдорининг мувозанати ва ҳаётни қўллаб - қувватлаш учун восита, қарама-қарши ғоялар ва ҳоказолар демакдир.
Спенсер жамиятшуносликда органик мактабнинг асосчисидир. Жамиятнинг таркибий ва вазифавий тузилишини у биологик организм билан ўхшашликда қараб чиқади. Аммо, агар биологик организмда унсурлар бутун учун мавжуд бўлсалар, ижтимоий организмда – билакс: «жамият аъзолари жамият бахт-саодати учун мавжуд бўлмасдан, балки жамият унинг аъзоларининг бахт-саодати учун мавжуддир». Спенсер учун ижтимоий идеал шундай жамиятки, унда давлатнинг вазифалари қисқара бориб, якка тарздаги ва кооператив омили ошиб боради. Жамиятни Спенсер икки турга бўлади: «ҳарбий» ва «саноатлашган»; тарихий ривожланиш биринчи турдан иккинчиси томон борадики, унда замбараклар ва найзалар курашини саноат соҳасидаги рақобат эгаллайди. Жамиятнинг тадрижий ривожланиши яшашга энг кўп даражада мослашганларнинг яшаб қолиш қонуни асосида амалга ошади. У камбағалларга, бевалар ва етимларга ёрдам беришни тадрижий ривожланишнинг табиий жараёнига аралашиш деб ҳисоблаб, унга қарши чиқди. Шунингдек Спенсер инқилобларнинг душмани ва аста-секинлик билан борадиган тадрижий ривожланиш тарафдори эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |