Алоҳидалик, хусусийлик ва умумийлик - нарса ва ҳодисалар, уларнинг бир-бирига ўхшаш ва фарқ қилувчи томонларини ифодалайдиган категориялар; оламга хос муносабат ва алоқадорликни, олам тараққиётининг хусусияти, унинг макон ва замондаги мавжудлик шаклларига, ҳар бир нарса ёки ҳодисанинг айрим белгилари ҳамда ўзаро бирликни ифодаловчи умумий томонларни ифодалайдиган тушунчалар.
Алоҳидалик категорияси оламдаги нарса, воқеа ва жараёнларга хос бўлган аниқ, ягона такрорланмайдиган белгилар ҳамда хусусиятларни ифодалайди. Мазкур категория табиат ва ижтимоий ҳаётдаги нарса, алоҳида ҳодиса, жузъий факт ва ягона воқеа ҳақидаги тушунчаларни ҳам билдиради. Масалан, ҳар бир миллатга хос маданиятнинг тил, урф-одат, анъана, миллий характер, психология каби белгилари айни шу шакл ва мазмунда бошқа халқларда такрорланиши мумкин бўлмаган айримликдир. Шунингдек, тиббиётда инфаркт миокарди – юрак-томир касалликлари системасида ўзига хос белги ва хусусиятларига кўра айримликни ифодалайди. Алоҳидалик категорияси моддий олам мавжудлиги ва ундаги муносабатларнинг фақат бир томонини ифодалайди, холос. Айрим олинган воқеа, ҳодиса, алоҳида предмет ва жараёнлар, уларга хос белгилар билан, айни пайтда материянинг конкрет кўринишлари, предмет, воқеа ва процессларни ўхшаш, айнан томонларини билдирувчи умумий белгилари ҳам мавжуд.
Умумийлик категорияси нарса, ҳодиса, жараёнларга хос асосий, доимий такрорланадиган белгилар ва хусусиятлар йиғиндисини билдиради. Бу категория нарсаларнинг келиб чиқиш жиҳатидан умумий эканлигини, улар тараққиёт умумий занжирининг узвий боғлиқ халқалари эканлигини, бир хил қонуниятларга бўйсуниши мумкинлигини англатади.
Масалан, ҳар қандай ўтиш даври эски жамиятдан янгисига ўтиш муаммоларини ҳал этилиш шакли бўлиб, унинг мазмуни мавжуд ижтимоий, иқтисодий муносабат, тартибларни тубдан ўзгартиришдан иборатдир. Хусусан, Ўзбекистондаги ҳозирги ўтиш даврида ҳам ана шундай ўзгариш амалга ошмоқда, аммо бу жараёнда фақат бизнинг мамлакатимизга хос хусусиятлар ҳам бор. Хуллас, умумийлик айримликка нисбатан кенг мазмунга эга, у айрим нарса, ҳодиса ва жараёнларга хос бўлган ички қонуниятни, умумий асосни, ўхшашликни англатади.
Хусусийлик – нарса ёки ҳодисаларнинг шундай доирасики, бунда улар маълум бир муносабатда умумий, бошқасида эса алоҳидаликдир.
Фалсафанинг бу категорияси билан «бутун», «қисм» «структура», «система», «элемент», категориялари ўртасида узвий боғлиқлик ва муайян фарқлар мавжуд. Яъни «алоҳидалик», «хусусийлик», «умумийлик» нарса ва ҳодисалар ривожланиш жараёнидаги боғланиш, алоқадорлик муносабатларининг яхлитлигини нисбатан мустақил ифодалаш бўлса, «бутун», «қисм», «структура», «система», «элемент», категориялари эса, уларнинг макон ва замондаги боғланиш муносабатларини жараён тарзида ифодалашдир. Шу нуқтаи назардан, бутунни умумийлик, қисмни ёки элементни алоҳидалик тарзида олиб қараш ҳолатлари учрайди. Шунингдек, муайян ўхшашлик бўлишига қарамасдан, системани умумийлик тарзида қабул қилиш мумкин эмас. Бунда система турли даражадаги умумийликларнинг мажмуи ҳам бўлиши мумкин. Умуман, нарса ва ҳодисаларни тарғибий жиҳатдан «бутун», «қисм», элемент» ларга ажратиш билишга хос нисбий ҳодиса бўлиб, унинг самарадорлигини таъминлайдиган зарурий шартдир. Шунга кўра, юқорида айтилган ҳар иккала категориялар тизими билишнинг босқичи сифатида эмас, балки узили сифатида олиб қаралиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |