FОЛИБЛАР ҚОНУНИ. 3-ҚОНУН. ЯШАГАН ҲАР БИР КУНИНГИЗГА ОНГЛИ РАВИШДА ЁНДОШИНГ
Мураккаб меҳнат ҳафтасидан сўнг Жейн пича дам олишга қарор қилибди ва денгиз соҳилига йўл олибди. У ерда Жейн Мелани исмли қизалоқ билан танишиб қолибди. Қизалоқнинг характери қувноқ ва ҳаётга чанқоққина экан, шу сабабли Жейн уни ёқтириб қолибди ва улар тез-тез бирга ўйнай бошлашибди. Кунларнинг бирида улар соҳилда ётишганда ёнларидан қалдирғоч учиб ўтибди.
— Шодлик учиб ўтди, — дебди Мелани қушнинг парвозини кузатиб қолиб.
— Нима учди?
— Шодлик. Ойимнинг айтишича, қалдирғоч шодлик келтираркан.
Кечқурун Жейн қизалоқ билан хайрлашибди ва уйига келибди.
Жейн ҳар доим ўзига «қалдирғоч» етишмаётганини ҳис этса, соҳилга бориб Мелани билан учрашадиган бўлибди. Улар бир-бирларига ўрганиб қолишган эди. Баъзан улар шунчаки қалдирғочларни томоша қилиб ўтиришарди. Орадан кўп ўтмай Жейн ҳам қалдирғочлар шодлик ва қувонч келтиришини тушуниб етибди. Мелани иккови қалин дўстга айланибди.
Кунларнинг бирида Жейн пляжга жуда тушкун кайфиятда келибди. Мелани, одатдагидек, қучоқ ёзиб у томон интилибди, лекин Жейн ёлғиз ўзи қолишни хоҳлабди.
— Бугун ўйнаш учун кайфиятим йўқ. Ойим вафот этди. Мени ёлғиз қолдир.
— У ўлганда сен қаттиқ қайғурдингми? — сўрабди Мелани.
— Албатта қайғурдим, — унинг сўзларин бўлибди Жейн ва бурилиб нари кетибди. Ахир у ўз қайғу-ҳасратларига ўралашиб қолган эди.
Орадан бир неча ҳафта ўтгач, у ўзига келибди ва Меланини соғинганини тушунибди. Бундан ташқари у қизалоқ олдида ўзини айбдордек ҳис эта бошлаган эди. Жейн денгиз соҳилига борибди, лекин у ерда Меланини учратмабди.
Шунда у қизалоқнинг уйига борибди. Эшикни ёшгина лекин жуда қайғули жувон очибди. Жейн ўзини таништирибди ва дебди:
— Мен Меланини соғиндим. Биз бирга ўйнар эдик. У қани?
— Мелани ўтган ҳафтада вафот этди. Унинг оққон касаллиги бор эди. Эҳтимол, у буни сизга айтмагандир...
Жейннинг юрагини кучли оғриқ қиличдек кесиб ўтибди.
— Мелани бу соҳилни яхши кўрарди, — давом этибди жувон. — У мени шу ерга кўчиб келишга кўндирди ва рад эта олмадим. Чамамда, у шу ерда ўзини яхшироқ ҳис қила бошлаганди. У шу ерда бахтли эди. Сўнг тўсатдан унинг соғлиги ёмонлашиб қолди ва у... у... сизга аллақандай нарсани бериб қўйишимни васият қилганди. Ҳозир олиб келаман.
Қизалоқнинг ойиси ёрқин ранглар билан бўялган конверт чиқарибди, унинг устига «Менинг севимли дугонам учун» деган ёзув бор эди. Конвертнинг ичидаги қоғозга чизилган суратда эса сап-сариқ қум, кўм-кўк денгиз ва улкан қалдирғоч тасвирланганди. Суратнинг пастига эса «Қалдирғоч шодлик келтиради» дея ёзилганди.
Жейн йиғидан ўзини тўхтата олмади. У Меланининг ойисини қучоқлаб йиғлай бошлади.
Бугун ушбу сурат Жейннинг иш столи устида осиғлиқ турибди. Бу уни ҳаётдан лаззатланишга ўргатган қизалоқнинг совғаси!
* * *
Фақат фожеавий ҳодисаларгина бизни ҳаёт чирмовуқлари ичидан ажратиб, ҳақиқатдан-да жиддий нарсалар ҳақида бош қотиришга ундаши мумкиндек туюлади баъзан. Биз шу қадар банд бўламизки, ҳаётнинг гўзаллигини пайқамаймиз, атрофимиздаги инсонларга хайриҳоҳлик билдира олмаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |