ҚЎРҚУВНИ МАМНУНЛИК ҲИССИ БИЛАН ЕНГИШ МУМКИН
Қўрқувни ўтни ердан юлгандек юракдан юлиб ташлаб бўлмайди. Тасаввур қилинг, чироқни ўчирдингиз ва сизни тим қоронғулик чулғаб олди. Зулматга қарши нима ишлатасиз? Унга қарши курашиш ёки уни қувиш — бемаънилик. Уни фақат ёруғлик билан енгиш мумкин.
Қўрқув — зулматга ўхшайди. Уни қувиб бўлмайди. Биз уни қанчалик жон жаҳдимиз билан қувадиган бўлсак, у шунчалик кучая боради. Бу ҳолатда ҳаракат кучи тескари ҳаракат кучига тенг. Бироқ, қўрқувга нисбатан бошқа бир кучлироқ ҳис-туйғуни ишлатиш мумкин. Худди зулматни ёруғлик билан кесгандек.
Буни тушунтириш жуда осон. Бизнинг миямиз айни бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ фикрни ўйлай олмайди. Агар биз миямизни қўрқувга тескари туйғулар билан банд қилсак, қўрқувга ўрин қолмайди. Қўрқувнинг тескариси асло жасурлик эмас. Ахир жасур инсон ҳам қўрқувни туяди, бироқ уни енгиб ҳаракат қилади. Шу сабабли уни биз жасур деб атаймиз.
Қўрқувнинг акси мамнунлик ҳисобланади, шу сабабли қўрқувни мамнунлик билан енгиш мумкин. Агар сиз ўзингизда мамнунлик ҳиссини уйғотувчи бешта нарсани эслай олсангиз, қўрқувдан асар ҳам қолмайди. Бу мутлақо оддий нарса бўлиши мумкин, масалан: юриш, кўриш, гапириш, ўқиш қобилиятингиз. Бу сизнинг автомобилингиз, квартирангиз, сиз суйган ва сизни севувчи одамлар бўлиши мумкин.
Биз кўпинча бундай нарсаларни ўз-ўзича бўладиган нарса сифатида қабул қиламиз, ҳеч қурса, улардан айрилгунимизча. Худо кўрсатмасин-у, юриш имкониятидан маҳрум бўлсангизгина бу қандай бахт бўлганини англаб етасиз.
Буни тез-тез англаб туриш керак, шунда ҳаётингиз тўкис ва бой бўлади.
БУЮК МАҚСАДЛАР ҚЎРҚУВНИ ЧЕКИНТИРАДИ
Қўрқувни енгишга қаратилган яна бир усул ўз мақсадингизга диққатингизни жамлашдан иборат. Агар биз мақсадимизни кўздан қочирсаккина қўрқув бизни тўла-тўкис чулғаб олиши мумкин. Ҳар ҳафта ўзингизнинг энг муҳим мақсадларингизни ёзиб боринг. Уларга етишганингиздан сўнг ҳаётингиз қандай бўлишини тасаввур қилиб туринг.
Ўз мақсадларингиз ҳақида орзу қила туриб қўрқув нималигини унутганингизни сезиб қоласиз шунда. Албатта, бу иш учун кунига бир неча дақиқангиз қурбон бўлар, бироқ, ҳаракатсизлик ва қўрқув исканжасида бундан-да кўпроқ вақтингизни йўқотасиз.
Тўғри, бу муолажадан кўп ўтмай қўрқув яна қайтади, бироқ энди сиз уни анча хотиржам қарши оласиз. Бундан ташқари, бу ҳолатда қўрқув сизга яна ўз мақсадларингизни ёдга олиш ҳақида сигнал бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |