Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича. Фуқаролик қонунчилигининг асосий манбаларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси 1993 - 1996 йилларда, яъни бундан 24 йил аввал, иқтисодиёт эндигина ривожлана бошлаган, иқтисодиётни ҳуқуқ билан тартибга солишга киришилган бир шароитларда ишлаб чиқилган ва 1997 йил 1 мартдан бошлаб амалга киритилган эди.
Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда фуқаролик қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва унификация қилиш масалаларига доир бир қатор халқаро конференциялар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, Фуқаролик ва ва фуқаролик процессуал Кодексларини такомиллаштириш юзасидан ишлар олиб борилар экан, фуқаролик қонун ҳужжатлари ривожланишининг стратегияси ҳамда уни босқичма-босқич тактик жиҳатдан амалга ошириш масалалари бўйича аниқ тўхтамга келиш зарур бўлиб ҳисобланади.
Биз қонун ҳужжатлари юзасидан нималарга эга эканлигимизни ва яқин йиллар ҳамда келажак истиқболдаги 15-20 йил ичида фуқаролик қонун ҳужжатларини ривожлантириш бўйича қандай ишлар олиб борилиши кераклиги юзасидан аниқ тасаввурга эга бўлишимиз лозим.
Бу борадаги қонунчилик базасини яратиш, такомиллаштириш ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан тегишли ишлар режалаштирилиши керак. Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал Кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал Кодексларининг тегишли матнларини барча конструктив ва мазмун элементларини тубдан ўзгартиришга йўналтирилмаган ҳолда асосан мазкур кодекснинг айрим институтлари ва нормаларини янгилашга, бозор иқтисодиёти шароитларига мос келмайдиган ёки юридик техника қоидаларини бузадиган Кодексдаги мавжуд қоидаларни чиқариб ташлашга ҳамда бир қатор моддаларни янги таҳрирда баён қилишга қаратилган бўлиши керак.
Бунда энг асосий вазифа, чуқур таҳлиллар ва илмий асосларга таянган холда фуқаролик қонун ҳужжатларида вужудга келган айрим бўшлиқларни тўлдириш, ҳуқуқни қўлловчи учун қийинчилик туғдирадиган ҳолатларни бартараф этиш, товарлар, ишлар, хизматлар бозорида эркин рақобатни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилиши лозим.
Фуқаролик қонун хужжатларини такомиллаштириш учун аввало қуйидагиларга алохида эътибор қаратиш лозим:
-фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга;
-фуқаролик суд ишларини юритиш вазифаларини тўлақонли бажаришга;
-суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлашга;
-судга мурожаат қилиш шаклларини тушинтиришга
-фуқаролик ишини юритиш ва суд ҳужжатларини ижросини таъминлашга.