3. Ишга неча ёшдан қабул қилаётганингизни текширинг
Ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади. Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун ёшларни умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини енгил ишга қабул қилиш мумкин. Асосийси, бундай иш уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган бўлсин ва ўқишдан бўш вақтида бажарилсин. Бундай ҳолларда ишга 15 ёшдан ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади (МК 77-моддаси).
Агар штатда 18 ёшга тўлмаган ходимлар бўлса, қуйидаги чекловларга риоя этилганини текширинг (МК 241-моддаси):
а) улар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Меҳнат шароити ноқулай ва ер ости ишлари рўйхати ва 18 ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда белгилайди (МК 241-моддаси 3-қисми).
б) 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг белгиланган нормадан ошадиган оғир юкларни кўтариши ва ташишига йўл қўйилмайди (18 ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низом, рўйхат рақами 1954 , 21.04.2009, 0116-01-сонли СанҚваМ).
4. Ишга қабул қилаётганда тақдим этиладиган ҳужжатларнинг мавжудлигини текширинг
Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади (МК 80-моддаси):
паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, 16 ёшгача бўлган шахслар эса – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
қонунчиликка мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни.
Ишга кираётган шахсдан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш мумкин эмас. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, алоҳида қонунларда, Ҳукумат қарорларида қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилиши мумкин.
Чунончи, сиз ходимдан ШЖБПҲни талаб қилишга ҳақлисиз (Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 27-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2004 йилдаги 595-сонли қарорига 1-илова).
Агар сизнинг ташкилот таълим муассасаси бўлса, у ҳолда шуни ҳисобга олингки, Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда бўш лавозимни эгаллаш учун танловда иштирок этиш истагини билдирган шахсларда илмий унвон, илмий даража, шунингдек илмий ишлар ва кашфиётлар бўлиши талаб этилиши, шунинг учун улардан тегишли дипломлар, аттестатлар нусхалари ва илмий ишлари рўйхати, малака ошириш ҳақида гувоҳномаларни тақдим этиш талаб этилиши мумкин (Вазирлар Маҳкамасининг 10.02.2006 йилдаги 20-сонли қарорига илова).
Шунингдек, ходимлар дастлабки тиббий кўрикдан қандай ўтказилаётганини текширинг. МК 214-моддасида иш берувчига меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш вазифаси юклатилган:
18 ёшга тўлмаганлар;
60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар;
ногиронлиги бўлган шахслар;
меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;
умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.
Бундай ходимлар билан уларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказмасдан меҳнат шартномаси тузиб бўлмайди.
Ўзбекистонда доимий яшаб келаётган чет эллик фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳам ишга кираётганда МК 80-моддасида санаб ўтилган ҳужжатларни тақдим этади. Бунда фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш жойи бўйича ИИБда яшаш гувоҳномасини олиши керак. Чет эллик мутахассисларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун тасдиқнома талаб этилади. Чет элликларни ишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилишга ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган (Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2019 йилдаги 244-сонли қарорига 1-илова).
Агар штатда ўриндошлар бўлса, Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом (Вазирлар Маҳкамасининг 18.10.2012 йилдаги 297-сонли қарорига илова, кейинги ўринларда – низом) талабларига риоя қилинаётганини текширинг. Чунончи, ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар (Низомнинг 6-банди):
паспортни ёхуд унинг ўрнини босадиган ҳужжатни;
меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани тақдим этиши шарт. Бажарилиши учун фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул қилишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади. Агар ўриндошни махсус билимларни талаб этадиган ишга қабул қилаётган бўлсангиз, ходимдан маълумоти ёки касб-ҳунар бўйича тайёргарлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд бошқа ҳужжатни талаб қилишингиз мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |