2022 ЙИЛДА ПФ-35-СОНЛИ ФАРМОНДА БЕЛГИЛАНГАН ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ ҲАР ЙИЛГИ МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИНГ ДАВОМИЙЛИГИНИ БЕШ ИШ КУНИГА ҚИСҚАРТИРИШ ҲИСОБИГА ҚОПЛАНИШИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.12.2021 йилдаги “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-35-сон Фармони 21.12.2021 йилдан кучга кирди. Унинг ижроси бўйича 2022 йилда белгиланган дам олиш кунлари ҳисобидан бюджет ташкилотлари ходимларнинг меҳнат таътили қандай қисқартирилиши юзасидан кадровикларга ўз тавсияларимизни бермоқчимиз.
Фармоннинг 1-банди “а” кичик банди бўйича 2022 йилда иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, қўшимча дам олиш кунлари этиб белгиланган саналар:
3 январь – душанба;
22 март – сешанба;
23 март – чоршанба;
11 июль – душанба;
2 сентябрь – жума.
👆Айнан мана шу дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини беш иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади.
Бунда ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, яъни таътил учун ҳақ тўлиқ иш кунларига тўланади ва унга юқорида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилади.
2022 йилда меҳнат таътилининг биринчи куни:
➖5 январдан 21 мартгача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 1 иш кунига;
➖21 мартдан 11 июлгача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 3 иш кунига;
➖11 июлдан 2 сентябргача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 4 иш кунига;
➖2 сентябрдан 2022 йилнинг охиригача бўлган даврга тўғри келса ходимларнинг меҳнат таътили муддати — 5 иш кунига камаяди.
Энди ходимларнинг ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлигини тегишли иш кунларига қисқартириш масаласида кадровиклар учун янада тушунарлироқ бўлиши учун бир нечта мисоллар билан келтириб ўтсак.
Биринчи мисол. Ходимнинг таътиллар жадвали бўйича 24 иш кунидан иборат бўлган меҳнат таътили 2022 йил 5 январдан бошланади. Натурада берилган унинг меҳнат таътили муддати 23 иш кунини ташкил этади (24 — 1).
Иккинчи мисол. Агар шу ходимнинг меҳнат таътили 2022 йил 24 мартдан берилса, у ҳолда унинг таътили натурада 21 иш кунини ташкил этади (24 — 3).
Учинчи мисол. Ходим навбатдаги меҳнат таътилини 2022 йил 13 июль кунидан олса, бу ходимнинг меҳнат таътили натурада 20 иш кунидан иборат бўлади (24-4).
Тўртинчи мисол. Ушбу ходимнинг меҳнат таътили 2022 йил 5 сентябрь кунидан (ёки шу кундан йил охиригача) бошланса (Фармон бўйича 2022 йилда дам олиш кунлари этиб белгиланган саналарнинг ҳаммаси – 3 январь, 22-23 март, 11 июль ҳамда 2 сентябрь, яъни жами бешта қўшимча дам олиш кунларидан фойдаланганлиги сабабли), таътил кунларидан беш иш куни қисқартирилади. Натурада бериладиган таътил муддати 19 иш кунидан иборат бўлади (24-5).
❗️Албатта бир муҳим қоидани унутмаслик керакки, ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги тегишли иш кунига қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда ходимнинг меҳнат таътили ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |