Ернинг ички геодинамик жараёнлари. Тектоник ҳаракатлар ва тектоник структуралар
Режа:
1. Тектоник ҳаракатлар
2. Тоғ жинсларининг деформацияси
3. Тектоник структуралар
1. Тектоник ҳаракатлар
Зилзилалар қабилида кечадиган жараёнлар мажмуаси тектоник ҳаракатлар дейилади. Тектоник ҳаракатлар узлукли-узлуксиз равишда кечади, яъни унинг интенсивлиги геологик вақт давомида гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб туради. Улар ер пўстининг рельефи, материкларнинг пайдо бўлиши, умуман Ернинг палеогеографик тараққиётида етакчи ўринда туради.
Ер тараққиёти тарихида тоғ ҳосил қилувчи кучли тектоник ҳаракатлар рўй берган тоғ бурмаланиши эпохалари ажратилади. Масалан, байкал тоғ бурмаланиши протерозойнинг охири-палеозойнинг бошланишида, каледон ва герцин тоғ бурмаланишлари палеозойнинг ўртасида ва охирида, киммерий тоғ бурмаланиши мезозой эрасида, альп тоғ бурмаланиши эса кайнозой эрасида содир бўлган. Тектоник ҳаракатлар энг қадимги, қадимги, янги (неотектоник) ва ҳозирги замон тектоник ҳаракатларига бўлинади.
Энг қадимги тектоник ҳаракатларга архей ва протерозойда содир бўлган тектоник ҳаракатлар киради. Қадимгиси - палеозой (каледон, герцин) ва мезозой (киммерий) эраларидаги, неотектоник ва ҳозирги замон тектоник ҳаракатлари эса кайнозой (альп) эрасидаги тоғ бурмаланишларини ўз ичига олади. Улар асосан геологик, қисман геоморфологик усуллар орқали ўрганилади.
Ер пўстидаги тектоник ҳаракатлар қатлам ёки қатламсиз яхлит ётқизиқларнинг дастлабки ётишини ўзгартиради. Қатламлар ён томонидан сиқилишидан бурмаланади, тик таъсир қилган кучдан эса, синади, дарзлар ҳосил қилиб, бўлакларга ажралади ва ниҳоят бир қисми кўтарилиб, иккинчи қисми чўкиши мумкин.
Қатламларнинг шакли ва яхлитлигининг ўзгариши ички ҳаракатга боғлиқдир. Бу ҳаракатдан чўкиш, кўтарилиш, бурмаланиш, ер ёрилиши, катта - катта палахсаларнинг силжиши ва бошқа хил тектоник структуралар вужудга келади. Тектоник ҳаракатлар икки хил - ороген ва эпейроген ҳаракатларга бўлинади. Ороген ҳаракатлар ўз навбатида пликатив (бурмаланиш) ва дизъюнктив (узилма) турларга ажратилади. Эпейроген (тебранма) ҳаракатлар ер пўстининг асрий тебранишида ўз ифодасини топган.
Денгиз ётқизиқларининг барча қитъаларда топилиши ўтган геологик даврларда бир неча марта ер пўстида асрий тебранишлар кечганлигидан далолат беради. Бундай ҳаракатлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Эпейроген ҳаракатлар қирғоқ чизиқларининг ўзгаришида айниқса яққол акс этади. Денгиз соҳилларининг баъзи жойларида сувнинг қайтишини кузатиш мумкин. Бундай ҳодиса ё денгиз сатҳининг пасайиши ёки соҳилининг кўтарилишида рўй беради.
Қуруқликнинг чўкиши ёки денгиз сатҳининг кўтарилиши натижасида денгиз трансгрессияси рўй беради ва қуруқликнинг бир қисмини сув босади. Қуруқликдан денгиз суви қайтса регрессия дейилади.
Ер пўстининг асрий тебраниши фақат денгиз соҳилларидагина эмас, балки материк ичкарисида ҳам кузатилади. Масалан, Франциянинг айрим жойлари, Альп тоғларининг этаклари ва Боден кўли атрофи, Шимолий Америкада Мичиган кўли соҳиллари, Тинч океандаги кўпчилик маржон ороллари ҳам аста - секин чўкмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ер пўстидаги ҳозирги ҳаракатларни аниқ ўлчашда геодезик асбоблардан фойдаланилади. Тоғ жинслари қатламларининг ётиш ҳолатини ўлчаш билан эпейроген ҳаракатларнинг ер пўстига кўрсатган таъсири аниқланади. Бунда геологик ва геоморфологик кесмалар, тоғ жинсларининг ётиш шаклларининг таҳлили ҳам катта ёрдам беради.
1862-1932-йиллардаги нивелирлашларнинг натижалари текшириб кўрилганда, Ҳимолай тоғлари билан Ганг дарёси ўртасида жойлашган Шимолий Ҳиндистоннинг кўп қисми бир йилда 18,2 мм кўтарилганлиги аниқланган. Банорас шаҳрининг шимолий қисми ҳам энг кўп кўтарилганлиги маълум. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейинги сейсмологларнинг илмий текшириш ишлари Тошкент ҳудудининг пасткам жойлари (Чирчиқ дарёси, Қорақамиш ва Бўзсувнинг қуйи оқимлари) чўкаётган бўлса, бошқа жойлари (Анҳор канали ўтган жойлар, Юнусобод) кўтарилаётганлигини кўрсатди.
Ер пўстининг тик (вертикал) тебранма ҳаракатидан ташқари, горизонтал ҳаракати ҳам кузатилади. Масалан, Помир тоғлари жанубдан шимолга томон аста-секин йилига 2-3 см силжимоқда. Ер тарихида ва ривожланишида тектоник ҳаракатлар муттасил, лекин гоҳ тез, гоҳ суст кечган.
Неотектоник ҳаракатлар. Неотектоник ҳаракатлар 40 млн. йилдан буёнги тектоник ҳаракатларни ўз ичига. Ёш тектоник харакатлар голоцен давридан, яъни кейинги 10000 йилдан бошланади, археологик ва геоморфологик усуллар ёрдамида ўрганилади. Ҳозирги замон тектоник ҳаракатлари 100 йилдан буёнги харакатларга тегишли бўлиб, улар геодезик асбоблар ёрдамида ўрганилади.
Неоген ва тўртламчи даврлардаги тектоник ҳаракатларни ва улар ҳосил қилган структураларни геологиянинг неотектоника деб аталувчи соҳаси ўрганади.
Неотектоникани академик В.А.Обручев (1863 - 1956) биринчи бўлиб умумий тектоника фанидан ажратишни таклиф қилган ва буни асослаган.
Ер пўстининг ривожланиш тарихи унда муттасил тектоник ҳаракатлар бўлиб турганлигидан дарак беради. Бундай ҳаракатлар тоғ жинси қатламларининг ётиш ҳолатини, тузилишини, рельефини ўзгартиради. Ер қатламларидаги, айниқса ёш қатламлардаги бундай ўзгаришларни аниқлаш, уларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки улар ҳозирги рельеф шаклларини ҳосил қилган бўлиб, нефт, газ, кўмир каби фойдали қазилмаларни башорат қилиш ва қидиришда етакчи мезон ҳисобланади.
Неотектоник ҳаракатлар кечган жойларни бир неча хил усуллар ёрдамида аниқлаш мумкин.
Тектоник ҳаракатлар туфайли неоген, тўртламчи давр ётқизиқларида дарз кетган, букилган структуралар ҳосил бўлган ва баландликларда қадимги текисланиш юзалари каби қолдиқ рельеф шакллари учрайдиган жойлар мавжуд. Ана шулар таҳлил қилиниб, неотектоник ҳаракатларнинг тезлиги ва йўналиши, қандай геологик структураларни ҳосил қилганлиги ҳамда уларга рельефнинг қандай шакллари мос келиши аниқланади.
Тўртламчи давр ётқизиқларнинг дарз кетган ва узилган жойлари Қоржонтовда, Норин дарёси водийсида ва бошқа жойларда учрайди. Ер пўстининг кўтарилиши туфайли антропоген даври ётқизиқлари тоғларнинг 1800 - 2000 м мутлақ баландликларида, яъни дарё ўзанидан 600-700 м тепада қолиб кетган. Масалан, Пском дарёси чап қирғоғидаги нанай супаси (Q1) бунга мисол бўлаолади. Қадимги текисликларнинг баланд тоғ оралиғида қолиб кетиши неотектоник ҳаракат кечганлигидан дарак беради. Масалан, Чотқол, Пском тоғлари орасидаги Майдонтол (платоси) денгиз юзасидан 2500 - 2800 м баландликда жойлашган.
Неотектоник ва ҳозирги замон тектоник ҳаракатлар вулкан отилиши, зилзила ҳаракатларида намоён бўлади (зилзила бобига каранг). Тўртламчи даврнинг бошларида ер ёрилишидан Африкадаги Виктория ва Танганика кўллари, Қизил денгиз ва Ўлик денгизлар ҳосил бўлган. Россия ҳудудидаги Байкал кўли ҳам антропоген даврида хосил бўлган деб ҳисобланади.
Неотектоник ҳаракатлар туфайли ҳозирги даврдаги қуруқлик ва океан тубларидаги асосий рельеф шакллари: тоғлар, текисликлар, дарё водийлари пайдо бўлган.
Ҳозирги замон тектоник ҳаракатларини бевосита ўрганишимиз ва асбоблар орқали уларнинг қийматини ўлчашимиз мумкин. Шу каби йўналишини ҳам аниқлаш мумкин. Масалан: ветикал ҳаракатлар мусбат – кўтарилувчи ва манфий – чўкувчи бўлиши мумкин.
Ҳозирги замон вертикал ва горизонтал тектоник ҳаракатларни ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, уларнинг ўртача тезлиги йилига 1-2 см дан ошмайди. Биринчи қарашда бу жудаям арзимасдек туюлади. Аммо бу ҳаракатлар юз минг ва миллионлаб йиллар давомида тўхтовсиз кечиши мумкин. Йилига 1 см даги кўтарилиш тезлиги бир миллион йил давомида баландлиги 10 км бўлган тоғни ҳосил қилади. Бу Ҳимолайдан ҳам баланд!
Геологик ўтмишдаги тектоник ҳаракатлар тўғрисида уларнинг натижалари бўйича фикр юритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |