13.Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосини тартибга солишда қўлланилаётган техник тўсиқлар, лицензияларнинг турлари ва мазмуни? В.Техник тўсиқлар - ташқи савдо сиёсатининг кўзга кўринмас усулларидан бири бўлиб, бу усулда хориж мамлакатларидан келадиган товарларга нисбатан миллий, техник, маъмурий ҳамда бошқа турдаги меъёрлар, қоидалар қўлланилади. Энг кўп тарқалган техник тўсиқлар қаторига миллий стандартларга амал қилиш, импорт товарлари сифатини тасдиқловчи сертификатни олиш, товарни махсус тарзда маркировкалаш ва ўраш-қадоқлаш, маълум бир турдаги санитар-гигиеник меъёрларга амал қилиш, (маълум бир) мураккаблашган божхона расмиятчиликларига амал қилиш каби талаблар киради.
Техник тўсиқлар ҳар доим ҳам протекционистик усул сифатида намоён бўлмайди, баъзан, эса уларнинг қўлланилиши аҳолининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган бўлади.
Техник тўсиқлар Ўзбекистон Республикасида миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва Республикага олиб келинадиган товарларни сертификатлаш ҳамда Республиканинг бошқа миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 ноябрдаги 247-сонли қарори билан, Ўзбекистон Республикасига 2005-2030 йиллар даврида олиб келинадиган озонни бузувчи моддаларга нисбатан импорт квоталари белгиланган.
Стандартлар ва техник талаблар.
Стандартлар одамлар ва ҳайвонлар ҳаёти ҳамда соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида товарларга махсус талаблар қўйилишини кўзда тутади. Бу уларнинг нотариф тартибга солишдаги алоҳида ўрнини аниқлаб беради. Бу талабларга сертификатлаш ва маҳсулот сифатини назорат қилиш тизимлари, техника ва экология хавфсизлиги талаблари, санитария-гигиена ва экология меъёрлари, қадоқлаш ва маркировкага бўлган талабларнинг халқаро, миллий ва минтақавий стандартлари киради.
Мазкур талаблар протекционистик характерга эга бўлиб, мамлакат ичкарисида ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқарувчилар манфаатлари доирасида импортни чеклашнинг самарали воситаси ҳисобланади. Кўпгина ҳолатларда бундай талаблар янги товарлар ҳажмининг ўсиши, анча кучли техника ва юқори концентратли химиявий бирикмаларнинг пайдо бўлиши, янги модда ва тиббий препаратларнинг пайдо бўлиши шароитида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган бўлади.
“Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 2019 йил 20 ноябрда ПҚ-4525-сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш — 2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида:
экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.
Бунда ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига интеграция қилинади;
фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ваколатли органларнинг харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ҳам ривожланаётган мамлакат сифатида ўзининг ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишда нотариф чеклов чораларининг кўпчилигини қўллайди.
Қўшимча божхона тўловлари, ҚҚС, Акциз ва бошқа солиқлар.
Импорт қилинадиган товарларга нисбатан ҚҚС ва Аксиз солиғини ҳисоблаб чиқариш, тўлаш тартиби ва ундан бериладиган имтиёзлар Солиқ кодексида берилган.
Акциз солиғи Юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган алоҳида турдаги товарлар бўйича акциз солиғи тўлаш тартиби.
Мамлакатимиз бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтаётган ва ривожланаётган давлат сифатида ташқи савдода ишончли ҳамда тўлақонли ҳамкор давлат бўлиб ўз ўрнини топиб бормоқда. Шундай экан, жаҳон бозорига интеграциялашув шароитида ва ҳозирги кунда «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг маъмурий усулларидан иқтисодий усулларига ўтиш – давр талаби» бўлиб қолмоқда. Яна бошқача қилиб айтганда, нотариф чеклов чораларини қисқартириб, паст божхона тарифли тариф чораларига ўтиш давр талаби дейишимиз мумкин. Маълумки, ҳар бир давлатнинг ташқи иқтисодий фаолиятини шу давлат органлари томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий усуллар ёрдамида тартибга солишдан асосий мақсад, бир томондан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни, ички бозорни чет эл рақобатидан ҳимоя қилиш бўлса, иккинчи томондан, унинг мавқеини, дунё иқтисодий хўжалик тизимидаги салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш усуллари мазмун ва моҳиятига кўра ўзгариб ва такомиллашиб туради.
Бунга асосий сабаб ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш усулларини халқаро иқтисодий алоқалар ва ҳуқуқ нормаларига доимо мослаштириб бориш заруриятидир.
Ҳозирги кунда ташқи иқтисодий фаолиятда республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг туб моҳияти, Президентимиз И.А.Каримовнинг «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» асарида таъкидланганидек, ташқи иқтисодий фаолиятни жаҳонда қабул қилинган маърифий шаклларга тезроқ ўтказишдан, Республикамизни Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига эришмоқликдан иборатдир. Республикамиз бу ташкилотга аъзо бўлган 140 дан ортиқ мамлакатларнинг бозорларига киришини, имкониятларини кенгайтиришини ҳамда халқаро тажрибанинг далолат беришича, янги бозорларни ўзлаштириш ва мавжудларига киришни янада кенгайтириш ҳуқуқларидан фойдаланишни таъминлайди. Шунинг билан бирга, бошқа давлатларнинг товар ва хизматларини Ўзбекистон бозорига киришини янада кенгайтириш имкониятини яратади.
Буларга эришиш учун республикамиз ташқи иқтисодий фаолиятни ташкил этишда сунъий тўсиқларни бартараф этиши, маъмурий усуллардан иқтисодий усулларга, ёпиқ савдо тизимидан очиқ савдо тизимига ўтиши лозим. Зеро, Бутунжаҳон савдо ташкилотининг асосий талабларидан бири ҳам шу. Бутундунё савдо ташкилоти нотариф чеклов чораларининг қўлланилишига доир талабларини яқиндан кўриб чиқадиган бўлсак, нотариф чеклов чоралари БЖСТ доирасида қабул қилинган алоҳида келишувларда тартибга солинади.
БЖСТ қоидалари, нотариф чеклов чораларини юқоридаги келишувлардан четга чиқмаган ҳолда, қўллашга рухсат беради. 1973-79 йиллардаги Токио ва 1986-94 йиллардаги Уругвай кўп томонлама савдо музокаралари раундида нотариф чекловларнинг айрим турларини қўллашнинг қатъий қоидаларини (қўллашни) ўрнатувчи бир неча кодекслар ишлаб чиқилди. Айни вақтда БЖСТ доирасида нотариф тўсиқларни қўллаш тартибини регламентлаштирувчи қуйидаги кодекслар амал қилмоқда:
- Техник тўсиқлар бўйича келишув;
- Импортни лицензиялаш бўйича келишув;
- Божхона баҳолаши бўйича келишув;
- Ҳукумат харидлари бўйича келишув.
Бу келишувлар дастлаб Токио раундида қабул қилиниб, сўнгра Уругвай раундида такомиллаштирилган. Бундан ташқари, музокараларнинг Уругвай раундида бир қатор янги келишувлар имзоланди:
- Санитария ва фитосанитария меъёрларини қўллаш тўғрисида келишув;
- Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашга оид келишув;
- Текстиль ва кийим бўйича келишув БЖСТ доирасида нотариф чеклов чораларини қўллаш, умумий тарзда аъзо давлатлардан миллий режим ва энг қулай савдо режимини қўллашни талаб қилувчи Тариф ва савдо бўйича бош келишувнинг I ва II моддалари билан тартибга солинади.
Бундан ташқари, XI модда умумий аъзо давлатларга олиб кириш ва олиб чиқишда божхона тарифларидан ташқари бошқа турдаги чеклов чораларини қўллашни тақиқлайди. Айниқса, БЖСТ доирасида тақиқлар, миқдорий чекловлар ва бошқа баъзи бир чораларни қўллашга жиддий қаралади ва тартибга солинади. Бироқ нотариф чекловлар соҳаси халқаро ҳуқуқий асосда тўлиқ таъминланмаган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси яратилганини қайд этиш зарур. Ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурига мувофиқ, жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантириш учун янада қулай бизнес муҳитни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди ҳамда бу жараён янада очиқлик касб этди. Рўйхатга олиш учун давлат божи ставкаси икки баробарга қисқартирилди. Ишчиларнинг йиллик ўртача сони 100 кишигача кўпайтирилган кичик корхоналар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилди. Кичик бизнес субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг миқёсда жалб қилиш механизми ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Давлат ва назорат идораларининг корхоналар молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувини кескин камайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий эркинлиги ва ҳуқуқларини сезиларли равишда кенгайтириш бўйича чоралар қабул қилинди. Янги ташкил қилинган кичик корхоналар ва микрофирмаларни режали солиқ текширувларидан озод этиш муддати икки йилдан уч йилга узайтирилди. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаётган, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларида уч йил давомида солиқ текширувларини ўтказиш тақиқланди.
Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш, бозор ислоҳотларини либераллаштириш ва чуқурлаштириш йўлидан жадал ҳаракат қилиш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги роли ва улушини ошириш, салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлаш мақсадида 2011 йил 24 августдаги ПФ-4354-сон “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар”тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қуйидагиларга амал қилинади:
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, давлат бошқаруви функцияларини қисқартириш ва тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилаётган турли рухсат бериш меъёрлари ҳамда чеклаш тартибларини кескин қисқартириш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат бошқаруви идоралари, солиқ ва назорат тузилмалари билан ўзаро муносабатларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика идораларига ҳисоботларни топшириш механизмини уларни электрон тизим бўйича тақдим этишга босқичма-босқич ўтиш орқали тубдан соддалаштириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ, божхона ҳамда бошқа тўловлар бўйича тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишга кўмаклашадиган қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар бериш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлик механизмини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, уларга ажратилаётган кредитлар,
биринчи навбатда, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга ва технологик янгилашга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлар ҳажмини кўпайтириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш, шартномаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини ҳамда умуман божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ва либераллаштириш.