2-Мавзу: Ўзбек халқ мусиқа ижодининг жанри.
Мавсумий маросим айтимлари
Режа:
Ўзбек халқ мусиқа ижодининг жанри.
Мавсумий маросим айтимлари ҳақида маълумот.
Маросим қўшиқлари.
Мавсумий қўшиқлар.
Болалар мавсумий қўшиқлари.
Ўзбек халқининг урф-одатлари, маросимлари ва байрамлари ранг-баранг ҳамда ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бир неча минг йиллар мобайнида шаклланиб келган. Анъанавий урф-одатлар ва маросимлар ўзбек халқининг қадимий даврида иштирок этган деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган воҳа ва чўл ахолисига хос хусусиятларни ўзига сингдирган турли қабила ва бошқа қабилаларнинг маданий тажрибаларининг мураккаб қўшиқлиш жараёнида шаклланган. Масалан, бола туғилиши (чилла, бешикка солиш), суннат тўйи, никоҳ ва мотам маросимларида Ўрта Осиё халқларига хос умумий ўхшашликлар мавжуд. Ўзбек халқида жамоа муносабатларига оид урф-одатларни шаҳарда маҳалла, қишлоқда қишлоқ жамоаси акс эттирган, уларнинг фаолиятида эркаклар ва болалар қатнашган. Ўтмищда барча удумлар, маросимлар қишлоқ ва шаҳарда маҳалла жамоаларининг ташаббуси билан ўтказилган. Жумладан, ҳашар кенг тарқалган. Ҳашарнинг бир неча тури мавжуд: жамоа ишларини бажаришда, қўни-қўшничилик ва қавм-қариндошлик доирасида ўтказиладиган ҳашар. Жамоа ҳашари билан уй-жой, кўприк қуриш ва таъмирлаш, ариқ-зовурлар қазиш, уларни лойқадан тозалаб туриш; масжид қуриш ва таъмирлаш, мозорларни тозалаш ва бишқа ишлар бажарилган. Ёшларни одоб-ахлок руҳида тарбиялашда жамоанинг ўрни ҳам катта бўлган. Жамоанинг ҳар бир аъзоси меҳмондорчилик, маърака ва бошқа жамоат жойларида ёши ва мавқеига қараб жой эгаллаган. Ўзбек халқининг жамоа маросимларига Наврўз байрами, меҳржон сайли, лола сайли, қизил гул сайли, Рўза ҳайити (Ийд ал-Фитр), Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳо), сумалак сайли ва бошқалар, уларни ўтказиш билан боғлиқ халк одатлари, расм-русумлари киради. Ҳар бир байрам ўз тарихига эга бўлиб, у халқ ижодий меҳнати ва ҳаёт шароити билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбек халқи орасида энг кенг тарқалган, миллий тусга эга бўлган урф-одатлардан мавсумий маросимлар диққатга сазовордир. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, ўзбек мавсумий маросимларини қуйидаги туркумларга бўлиш мумкин: 1) қишда ўтказиладиган гап-гаштак, яса-юсун кабилар; 2) баҳорги маросимлар — Наврўз, шохмойлар (қўш чиқариш), лола ёки қизил гул сайли, лой тутиш, суст хотин кабилар; 3) ёзги маросимлардан қовун сайли, чой момо; 4) кузги маросимлар — ҳосил йиғими билан боғлик меҳржон, облобарака, шамол чақириш, узум сайли кабилар.
Советлар ҳукмронлиги даврида амалдаги мафкурага мувофиқ, бир қанча маросимлар, жумладан. «комсомол тўйи», «қизил тўй», Октябрь (7 ноябрь) байрами, Совет Армияси куни, Совет конституцияси куни, «Пахта байрами» ва бошқалар жорий этилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу байрамларнинг кўпчилиги ўз-ўзидан барҳам топди, лекин жорий тақвим билан боғлик умумбащарий байрамлардан 1 январь — Янги йил куни, 8 март — Халкаро хотин-қизлар куни сақлаб қолинди. Айни вақтда, мустақил Ўзбекистон Республикасида янги халқ байрамлари таъсис этилди: 1 сентябрь — Мустақиллик куни, 8 декабрь — Республика Конституцияси қабул қилинган кун, 9 Май - Хотира ва Қадрлаш куни. Шунингдек, Рўза ва Қурбон хайитлари куни, Наврўз байрами тикланди ва янгича мазмун кашф этди.
Мавсум — 1) фасл, йил фасли. Мавсум иқлимий, астрономик, фенологик белгиларига қараб ажратилади. Иқлимий ёки синоптик мавсум астрономик фаслларга тўғри келмайди. Ўрта минтақада, жумладан, Ўзбекистонда 4 мавсум — бахор, ёз, куз, қиш ажратилади; 2) бирор иш бажариладиган ёки табиат ҳодисалари бўулиб ўтадиган давр. Масалан: чигит экиш, балиқ овлаш, пахта териш (ўрим-йиғим), муссон шамоллари, ёғингарчилик мавсум лари ва ҳ.к.
Do'stlaringiz bilan baham: |