Ҳозирги замон давлат бошқарув шакли хусусиятлари: Давлатнинг бошқарув шакли деганда - давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий ва марказий органлари, уларни ташкил топиш тартиби ва тузилиши, компетенцияси, бу органларнинг ўзаро муносабати, давлат олий ҳокимият органларини шакллантиришда аҳолининг иштироки кабилар тушунилади.
Давлат бошқарув шакли - бу муайян давлатда давлат ҳокимиятини ташкил этиш услублари йиғиндисидир.
Давлат бошқарувининг асосий шакллари: Монархия ва Республика.
«Монархия» атамаси юнонча бўлиб, («монос» - якка, «архе» - ҳокимият), «якка ҳокимлик», «якка ҳукмронлик»ни англатади.
Бошқарув шакли сифатида монархияга аниқ юридик хусусиятлар хос. Давлат монарх шахсида намоён бўлади, ташқи ва ички сиёсатда давлат бошлиғи, халқ вакили, миллатнинг «отаси», фуқароларни давлатга бирлаштирувчи шахс бўлиб чиқади.
Монархга ҳокимият тўлалигича тегишлидир. Унинг ҳокимияти олий ва суверен ҳисобланади. У давлатда олий ҳокимият тимсолидир, қоида бўйича унинг ҳокимияти дин ҳимоясига олиниб, муқаддас саналган.
Монархиянинг (Монархиянинг ўзи ҳам икки кўринишда бўлади: мутлақ (чекланмаган) монархия ва чекланган монархия) белгилари:
1) монарх ҳокимияти мерос тариқасида авлоддан авлодга ўтган;
2) ҳокимиятнинг бир шахс қўлидан бошқасига ўтишида халқнинг иштироки талаб қилинмайди;
3) монархнинг ҳокимият тепасида туриши муддатсиз ва умрбод бўлган;
4) у ҳар қандай жавобгарликдан озод бўлган, яъни у ўз бошқарувининг оқибатлари учун бирон юридик ёки сиёсий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган.
Мутлақ монархиянинг асосий жиҳати шундаки, монархнинг тўла ҳокимиятини ҳеч бир давлат органи чеклай олмайди, унга тазйиқ ва таъсир эта олмайди; мутлақ монархияда монарх давлатнинг ягона, бирдан-бир олий ҳокимият органи ҳисобланади.
Чекланган монархияда монарх ҳокимияти сайлаб қўйиладиган орган - парламент ёки махсус ҳуқуқий акт - Конституция билан чекланган бўлади. Шу билан бирга кўпгина чекланган монархия давлатларида монарх ҳокимияти, ҳам парламент, ҳам конституция воситаси билан чекланган бўлади.
Парламентлик монархия давлатлари (ҳозирги Англия, Канада, Бельгия, Норвегия, Дания, Нидерландия, Швеция)да қирол монарх вазифасини ўтаса-да, мамлакатни тўла маънода бошқара олмайди. Давлат бошлиғи - монарх томонидан тайинланган вазирлар парламентнинг ишонч вотумига боғлиқ бўлади, монарх “кейинга қолдириш” - вето ҳуқуқига ҳамда қонунда белгиланган ҳолда парламентни тарқатиш ҳуқуқига эга. Ҳукумат парламент томонидан сайловларда кўп овоз олган муайян партиялар вакилларидан иборат қилиб шакллантирилади. Энг кўп депутатлик мандатларига эга бўлган партия раҳбари ҳукумат бошлиғи бўлади. Қонун ҳужжатлари парламент томонидан қабул қилиниб, расман монарх томонидан имзоланади. Қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти соҳаларида монарх ҳокимияти рамзий маънога эга. Парламент ҳатто монархнинг шахсий ҳаётини ҳам тартибга солиб туради (никоҳ, сарой хизмати масалаларида).
Дуалистик монархия (ўтмишда Пруссия, Австрия, Италия, Руминия, ҳозирда - Марокко, Иордания ва б.) да бутун ижро ҳокимияти монарх қўлида тўпланган бўлади, у ҳукуматни шакллантиради, вазирларни тайинлайди, алмаштиради, «вето» ва парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқидан кенг фойдаланади. Монарх чекланмаган миқдорда фармонлар чиқариш ҳуқуқига эга, бу фармонларнинг кучи қонунга тенг, баъзан эса ундан юқори бўлади.
Теократик монархия – бунда монарх давлатни бошқаришдан ташқари, уни диний жиҳатдан бошқаришни ҳам ўз қўлига олган бўлади (масалан, Саудия Арабистони).
Бошқаришнинг республика шакли - бунда олий ҳокимият - давлат ҳокимиятининг муайян муддатга сайлаб қўйилган органларга тегишли бўлишини англатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |