Давлатнинг легистик концепцияси. Ушбу концепция XIX-асрнинг иккинчи ярмида Германияда вужудга келган ва XX-асрда Г.Кельзен томонидан назария сифатида мантиқан якунланган.
Бу концепциянинг мазмунида давлат феномени оммавий-сиёсий
ҳокимият тўғрисидаги қонунлар мазмуни билан тенглаштирилади.
Давлатнинг легистик концепцияси давлат деганда сиёсий ҳокимиятнинг қонунлар билан расмийлаштирилган аппаратини, унинг қонунга мувофиқ ташкил этилишини ва амал қилишини, ҳокимият органларининг қонуний компетенциясини тушунади. Бу назария давлатни аслида амалда конституциявий ва маъмурий қонунчилик қоидалари, суд тузилишига ва бошқа давлат органларига оид қонунчилик қоидаларига тенглаштиради. Демак, бу назария ёндошувича – монарх, президент, хукумат, суд, прокуратура, полиция ва ҳокимиятнинг бошқа институтлари тўғрисида қонунларда нима дейилган бўлса, ўша давлат, бунда қонунларда юқоридаги органлар тўғрисида нима дейилганлиги эътиборга олинмайди, гарчи бу қонунларнинг мазмуни турлича бўлиши мумкин. Давлат ҳокимиятнинг қонуний шакли орқали белгиланади, бироқ қонунларнинг мазмуни орқали эмас.
Юқорида кўриб чиққанимиздек, давлатнинг социологик концепцияси давлатнинг элементлари сифатида ҳокимият остидаги ҳудудни, ҳокимият остидаги аҳолини ва суверен ҳокимиятни кўрсатади. Легистик концепцияда эса давлатнинг бу элементлари ўзининг қонунчилик талқинини топади, яъни давлат ҳудуди – бу «қонунларнинг маконда ҳаракат қилиш соҳаси» деб, давлат
аҳолисини эса «мамлакат қонунларининг шахсларга нисбатан ҳаракат соҳаси» деб, давлат ҳокимиятини эса – муайян маконда ва муайян доирадаги шахсларга нисбатан ҳаракат қиладиган қонунлардаги қоидалар деб талқин этади.
Позитивизм йўналишидаги фанда давлатга соф «юридик» нуқтаи-назаридан қарашга интилиши легистик концепциянинг кенг тарқалишига замин яратган: зеро социологлар ва политологлар реал ҳокимият муносабатларини ўрганадилар, файласуфлар идеал, фозил давлат тўғрисида фикр юритадилар, юрист-қонуншунослар эса ҳаракатдаги қонунларни ўрганишлари керак, демак, давлат
қонуншунослар учун ҳокимият тўғрисидаги қонунлар мазмунисифатида касбий қизиқиш уйғотади.
Шу ўринда социологик ва легистик концепцияларнинг фарқи яққол кўзга ташланади: социологик концепция ҳокимиятнинг (ҳокимий муносабатларнинг) фақат фактик муносабатларигагина урғу берса ва ҳокимиятнинг қонуний шаклини эътибордан четда қолдирса, легистик концепция, аксинча, фактик сиёсий муносабатлардан узоқлашиб, давлатни у ҳақдаги қонун ҳужжатлари қоидалари билан тенглаштиришади, ҳокимият қонунда белгилангандан бошқача тарзда фаолият юргизиши мумкинлиги бу назария томонидан ҳисобга олинмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |