Абу Наср Муҳаммад ибн Тархон ал Форобий (870-950). Унинг яратган асарларининг умумий сони 160та бўлиб, уни икки гуруҳга ажратиш лозим: а) қадимги юнон файласуфлари ва табиатшунос олимларининг(Арасту, Афлотун, Евклид, Гален ва бошқалар) илмий меросларини шархлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган; б) Ўрта аср фанининг табиий ва ижтимоий фалсафий фикри соҳаларига, унинг турли долзарб масалаларини ишлаб чиқишга, табиатшунослик, мусиқашунослик, жамиятшунослик, филологиянинг муҳим соҳларига бағишланган рисолаларидир.
Форобий фанлар билиш воситалари эканлигини таъкидлаб, “Ихсо ал улум” рисоласида назарий(мантиқ, фалсафа, табиий фанлар) ва амалий (ахлоқ, сиёсат) фанларни фарқлаган. Шунингдек барча фанларни бешта катта гуруҳга ажратади.
Тил ҳақидаги илм – бу етти бўлимдан иборат.
Мантиқ.
Математика – бу ҳам етти бўлимдан иборат: арифметика; геометрия; оптика; сайёралар ҳақидаги илм; оғирлик ҳақидаги илм; механика; мусиқа ҳақидаги илм.
Табиёт илмлари ва илоҳиёт(метафизика)
Шаҳарни бошқариш ҳақидаги илм (ёки сиёсий илм), фиқҳ – ҳуқуқшунослик ва калом.
Фанлар тизимида у инсонга ҳақиқий билимни сохта билимдан фарқлаш имконини берувчи мантиқни биринчи ўринга қўйган. Ана шу сабабли файласуф инсон тафаккурига алоҳида эътибор берган. Айнан фалсафа инсонга борлиқнинг моҳиятини тушуниш имконини беради.
Форобий фикрича, борлиқ (мавжудот) олти босқичдан иборат бўлиб, бу босқичлар, айни вақтда бутун мавжуд нарсаларнинг асосидир, улар бир-бирлари билан сабаб ва оқибат муносабатлари тарзида узвий боғлангандир. 1-босқич – биринчи сабаб (ас-сабаб ал - аввал, яъни Аллоҳ), 2-босқич осмоний жисмлар (ас – сабаб ас – соний), 3 – босқич – фаол ақл (ал-ақл ал -фаол ), 4 – босқич жон (ан-нафс), 5 – босқич – шакл ( ас –сурат), 6 – босқич – материя (ал-модда).
Вужуд икки турлидир: “Зарурий вужуд”, яъни ўз-ўзича мавжуд нарсалар, “вужуди мумкин”, яъни бошқа нарсалар туфайли вужудга келади. “Вужуди мумкин” мавжуд бўлиши учун у бирор сабабга, яъни “зарурий вуждга” муҳтождир.
Форобий Аллоҳни “биринчи сабаб”, “биринчи моҳият” сифатида белгилайди, яъни уни илмий тушунча ёрадмида ифода этади. Биринчи сабаб абадий вужудга эга бўлса, мавжуд олам, яъни материя, унинг оқибати ҳам абадийдир. Борлиқ “ягона” ва айни вақтда “кўп”дир. Борлиқнинг мазкур ҳолати эманация (борлиқнинг худодан босқичма-босқич келиб чиқиши тўғрисидаги таълимот) , яъни ягона муҳитдан борлиқнинг турли муҳитлари келиб чиқиши маҳсулидир.
Форобий ижодида билиш назарияси ҳам муҳим аҳамият касб этди.Унингча билиш дунёни сезги ва aқл бирлиги сифатида англаб етиш назариясидир. Бунда акл ва жон нарсалар табиатини сезгилар идрокидан фойдаланиб англаб етади. Нарсаларнинг моҳияти акл билан англаб етилади. Бунда ақл аввало мантиққа таяниши, лекин сезги аъзолари берувчи материалдан фойдаланиши лозим.
Форобий борлиқнинг биринчи сабаби ва ҳаракат манбаи сифатида Худо мавжуд деб ҳисоблаган бўлса-да, унинг фалсафаси билиш ва борлиқнинг мураккаб масалаларини ечишга интилиш билан тавсифланади. Айни шу сабабли файласуф борлиқнинг ҳолатларини, унинг шаклларини: оддий элементлар - ҳаво, олов, ер, сувни; шунингдек минераллар, ўсимликлар, ҳайвонлар, инсон ва осмон жисмларини синчиклаб ўрганади. Шу тариқа у ташқи дунёнинг объектив мавжудлигига урғу беради. Форобийнинг фалсафий қарашлари Шарқ фалсафасининг ривожланишига кучли таъсир кўрсатди.
Форобийнинг гносеологияси табиатшунослик, математика, мусиқа, тилшунослик ва бошқа фанлар соҳасидаги билимларга асосланади. У табиат инсондан ташқарида ва унга боғлик бўлмаган ҳолда мавжуддир, деб ҳисоблайди. Фаробий фикрича, объект субъектга қадар мавжуд бўлган. Сезиладиган нарсалар сезгилардан олдин пайдо бўлганидек, билиш мумкин бўлган нарсалар ҳам билишдан олдин пайдо бўлган.
Форобий фикрича, инсон билимларни ташқи дунёдаги ҳодисаларни билиш жараёнида ўзлаштиради. Бу жараён сезиш, идрок этиш, хотира, тасаввур қилиш ва энг муҳими - мантиқий мулоҳаза юритиш, тафаккур каби усулларни қамраб олади. Бу воситалар ёрдамида инсон фанни ўрганади. Форобий «Фан ва санъатнинг ўзига хос хусусиятлари» асарида табиатни билишнинг узлуксизлигини, билиш - бу билишдан билимга, сабабни билишдан оқибатни билишга, ҳодисани билишдан моҳиятни билишга элтувчи йўл эканлигини қайд этади.
Форобий фикрича, инсон пайдо бўлганидан сўнг аввало «озиқлантирувчи куч» пайдо бўлади, унинг ёрдамида озиқланиш жараёни юз беради. Сўнгра сезги органлари пайдо бўлади, улар инсонга сезиш, тасаввур қилиш қобилият ва хотирани беради. Шундан кейингина инсон «орзу кучи» ёрдамида билим ва ҳунарларни ўзлаштиради, фойдали нарсаларни фойдасиз нарсалардан фарқлайди, ўз хулқ-атворини тартибга солади. Форобий инсоннинг барча кучлари маълум сезги органлари билан моддий сабаб орқали боғланади, бу кучларнинг бирортаси ҳам моддий сабабсиз мавжуд бўла олмайди, деб хисоблайди.
Аристотелга эргашиб Форобий ҳам айрим нарсалар бирламчи, мавжуд тушунчалар ва ғоялар - иккиламчидир ва улар ақлда муайян нарсаларнинг мавҳумлашиши натижасида пайдо бўлади, деб ҳисоблайди. Форобийнинг бу ғоялари универсалиялар ва умумий тушунчалар ҳақидаги қарашларида янада аникроқ намоён бўлади. Универсалиялар мавжуд бўлгани учун ҳам умумий тушунчалар мавжуддир, деб ҳисоблайди буюк мутафаккир.
Умуман, Форобий ғоялари нафакат Шарқ фанининг, балки Ғарб ижтимоий- фалсафий тафаккурининг ривожида ҳам муҳим рол ўйнади.
Do'stlaringiz bilan baham: |