Абу Райҳон Беруний(973-1048 йиллар), асосий асарлари: (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Минерология”, “Сайдана”, “Масъуд қонуни”) табиат ва унинг объектив қонунлари мавжудлигига шубҳа қилмаган. У табиат муттасил ўзгариш ва ривожланишда бўлади, материя нарсалар шаклини ўзи яратади ва ўзгартиради, жон (тафаккур, маънавий ҳодиисалар) тананинг муҳим хоссасидир, деб таъкидлаган.
Маълумки, тажриба, эксперимент борлиқни билиш усулларидан бири ҳисобланади. Тадқиқотчилар фикрига кўра, «Берунийни етарли асос билан ўрта аср фанида эмпирик метод яратувчиларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. У металлар ва минералларнинг хоссалари ва солиштирма оғирлигини аниқлаш бўйича бир қанча тажрибалар ўтказди». Тажрибада олинган билимни мутафаккир айрим меъёрларга мувофиқ ишончли билим деб талқин килади. Уларнинг орасида объектларнинг кузатувчанлиги, тажрибаларнинг қайта ўтказилувчанлиги ва кузатишларнинг текширилувчанлигини қайд этиш мумкин.
Бу мулоҳазалар тажриба, билим олиш ва унинг ҳақиқийлигини текшириш методи сифатида, ўрта аср шароитида ҳам анча кенг тарқалган, деб айтиш имконини беради.
Берунийнинг ижодида кузатиш муҳим ўрин эгаллайди. Табиатни илмий ўрганишда кузатиш билишнинг бошқа шакллари билан ўзаро боғланган.
Беруний фикрича, кузатувчи кузатилаётган ҳодисани у юз бераётган жойда идрок этади. Бинобарин, кузатиш у ёки бу ҳодисани унинг муайян кўринишида қайд этади. Кузатишларнинг эски маълумотлари объектнинг ҳақиқий кўрсаткичини анча бузиб ифодалаши мумкин.
Беруний тадқиқотчи ўтказган тажриба ва унинг натижаси амалда ишончли эканлигини қайд этади. У «Синовдан бошқа устувор дастур, тажрибада текширишдан ўзга муваффақиятга элтадиган дастуриламал йўқ», деб ёзади.
Беруний астрономик кузатишлар воситасида Ой ва Қуёшнинг тутилиши, уларнинг Ердаги ҳаётга таъсири, иқлим, табиий ва сунъий танланиш, сақланиш, ривожланиш аномалияси каби мураккаб муаммоларни янги илғор метод ва назарий тамойиллар ёрдамида ечишга ҳаракат қилди.
Беруний Шарқда астрономия кузатиш асбобларини яратиш техникасининг вужудга келиши ва ривожланиши тарихида ҳам етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. У ўша даврда илмий изланишлар олиб оришда фойдаланилган эски асбобларни такомиллаштириш ва янгиларини яратишга алоҳида эътибор берган. Олимни ўта аниқлиги ва мукаммаллиги билан ажралиб турувчи кузатиш асбобларини яратиш имконияти масаласи қизиқтирган.
Шундай қилиб, само жисмларининг ҳолатларини нафақат асбоблар воситасида, балки ўрганилаётган объект хусусиятига мувофиқ амалга оширишни алломанинг улкан хизматларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. Бундай методологик мўлжал, илмий тадқиқотлар жабҳаси чекланганлигига қарамай, илмий билишнинг янги йўллари ва воситаларини топиш борасидаги изланишларда муҳим рол ўйнади.
Do'stlaringiz bilan baham: |