Моддий ва ғоявий борлиқ. Атрофимизни ўраб турган дунё икки хил реалликдан ташкил топгандир. Объектив реаллик ва субъектив реаллик. Онгимиздан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган реаллик объектив реаллик дейилади. Бу тушунчани материалистлар материя тушунчаси билан айнан бир маънода ишлатишади. Реалликнинг инсон онги билан боғлиқ бўлган ва онгнинг маҳсули ҳисобланган қисми субъектив реаллик дейилади. Объектив реаллик моддий борлиқ тушунчасига мос келса, субъектив реаллик эса борлиқнинг ғоявий шаклига мувофиқ келади. Материализм вакиллари борлиқнинг ғоявий шакли моддий шаклининг маҳсули, деб ҳисоблашади. Идеализм вакиллари эса моддийлик ғоявийликнинг ижоди ёки ғоявийликнинг намоён бўлиш шаклидир.
Актуал ва потенциал борлиқ. Актуал борлиқ борлиқнинг айни пайтда ва шу жойдаги воқеликда намоён бўлиб турган ва шу воқелик билан алоқадорликдаги қисми. Бу объектив реаллик тушунчасига мос келади, чунки объектив реаллик борлиқнинг шу жойда берилган ва шу онда амал қилаётган қисмидир. Дунёнинг ҳамма томони бирдан берилган эмас. Биз борлиқнинг ҳозирги замонга тегишли қисми билангина алоқадамиз. Бу қисми ўтмишга айланиб, унинг ўрнини келажакдаги қисми эгаллайди. Ҳозирги замонда келгуси воқеликнинг куртаклари мужассамлашган бўлади. Актуал борлиқнинг ҳали воқеликка айланмаган ва келгусида воқеликка айланадиган муртак ҳолидаги қисми потенциал борлиқ дейилади. Потенциал борлиқ ҳали воқеликка айланишга улгурмаган, салоҳиётдаги актуал борлиқдир.
Реал ва виртуал борлиқ. Борлиқнинг биз учун мавжуд қисми реал борлиқ дейилади. Реал борлиқни нақд борлиқ ҳам дейиш мумкин. Аммо борлиқнинг шундай қисми ҳам борки, унинг бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Борлиқнинг бундай қисми эҳтимолий мазмунга эга. У ҳали реалликдан узоқда. Мана шундай мазмундаги борлиқ виртуал (лот. virtuales - эҳтимол) борлиқ дейилади.
Табиий ва ижтимоий борлиқ. Табиий борлиқ деганда одатда атрофимиздаги жисмоний нарсалар (жисмлар), жараёнлар, табиатнинг ҳолатлари назарда тутилади. Табиий борлиқ икки қисмга ажралади: биринчиси - азалий табиий борлиқ, яъни табиатнинг табиий борлиғи. У инсондан илгари инсоннинг иштирокисиз мавжуд бўлган. Буни бирламчи табиат деб ҳам аташади; иккинчиси - инсон иштироки билан вужудга келган нарсалар (жисмлар), ҳодиса ва жараёнларни ўз ичига олувчи ҳосилавий табиий борлиқ. Уни иккиламчи табиат деб ҳам аташ мумкин.
Иккиламчи табиат доирасида борлиқнинг қуйидаги кўринишларини кузатиш мумкин:
- инсон борлиғи - инсоннинг нарсалар дунёсидаги борлиғи ва махсус инсоний борлиқдан иборат;
- маънавий борлиқ - индивидуаллашган ва объективлашган (индивидуалликдан ташқаридаги) маънавий борлиқдан иборат;
- социал борлиқ - айрим одамнинг жамиятдаги ва тарих жараёнидаги борлиғи ҳамда жамиятнинг борлиғи - ижтимоий борлиқ.
Оламда нимаики мавжуд бўлса, уларнинг ҳаммаси биргаликда кенг маънода «яхлит дунё» ни ташкил этади ва уни баъзан «ҳақиқий борлиқ» деб ҳам аташади. Форобий барча мавжуд нарсаларнинг йиғиндиси дунёни ташкил қилади, «ҳамма нарсанинг умумий жинси оламдир» ва «оламдан ташқарида ҳеч нима йўқдир» деб ҳисоблаган. Яхлит ҳолда бутун дунёнинг асосида нима ётади? Бу саволга жавоб беришда файласуфлар турли хил концепцияларда фикр юритишади. Бу жойда асосан уч хил муҳим концепцияни кўрсатиш мумкин. Уларга монистик, дуалистик ва плюралистик концепциялар киради.
Монизм (юнон. monos - битта) концепцияси вакиллари дунёнинг асосида битта манба (битта субстанция) ётади деб ҳисоблашади. Материалистик монизм тарафдорлари бу манба моддий манбадир деб айтишса, идеалистик монизм тарафдорлари дунёнинг асосида битта ғоявий негиз, ғоявий, маънавий, илоҳий субстанция ётади дейишади.
Дуализм (лот. dualis - иккиланган) вакилларининг фикрича, дунёнинг асосида иккита мустақил негиз: ҳам моддий, ҳам ғоявий (маънавий, илоҳий) негиз ётади, деб ҳисоблашади. Арасту дуалист бўлган, унинг фикрича, дунёнинг асосида материя ва шакл ётади, материя пассив ва инерт негиз бўлса, шакл эса фаол, актив, яратувчан негиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |