2-мавзу: АҲОЛИ СТАТИСТИКАСИ
2.1. Аҳоли ва уни статистик ўрганиш
Аҳоли статистикаси статистиканннг энг қадимги тармоғи ҳисобланади,
Қадимги дастлабки ҳисоб операциялари ҳарбий ва хўжалик мақсадларида аҳолини хисобга олиш билан боғлиқ ҳолда олиб борилган. Кўплаб маълумотларни ўрганиш натижасида аниқланган қонуниятлар биринчи марта аҳолининг туғилиши ва ўлиши билан боғлиқ жараёнларда аниқланган.
Ҳозирги кунда ҳам аҳоли ҳар томонлама тадқиқотлар объекти ҳисобланади, чунки аҳоли ишлаб чиқариш жараёнининг бовосита иштирокчиси ва бу жараён натижасининг истеъмолчиси ҳам ҳисобланади. Ҳозирги кунда аҳолини, жамиятда рўй бераётган жараёнларни, турмуш шароитларини статистик ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда.
Аҳоли статистикасининг ўрганиш объекти маълум худудда яшовчи одамлар йиғиндиси ҳисобланади. Хар қандай мамлакатнинг аҳолиси ўз таркиби бўйича бир хил эмас ва у вақт бўйича ўзгарувчан, шунинг учун аҳолининг яшаш қонуниятлари, унинг таркибий узгаришлари ва бошқалар аниқ шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда ўрганилиши керак.
Аҳоли статистикасида кузатиш бирлиги кўпинча алоҳида одам, индивид ҳисобланади. Аммо битта оила ҳам бирлик бўлиши мумкин.
Аҳоли статистикасида кузатиш объекти бўлиб эса турли хил йиғиндилар: бутун аҳоли, аҳолинипг алоҳида гуруҳлари, мсҳнат ресурслари ва хакозолар бўлиши мумкин.
Кузатиш объекти ва бирлиги тадқиқот мақсадига боғлиқ ҳолда танланади. Аҳоли статистикасининг асоси манбалари жорий ҳисоб ва ёппасига ёки танлама рўйхатга олиш кўринишидаги кузатишлар ҳисобланади. Рўйхатга олиш яҳоли ҳақидаги маълумотларни биринчи манбаидир. У аҳоли сони ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларни беради. Туғилганлар, ўлганлар ёки бу ҳудудга келганлар ёки чиқиб кетганларнинг жорий ҳисоби ва охирги рўйхатга олиш натижалари асосида йиллик аҳоли сонини аниқлаш мумкин.
Рўйхатга олишлар орасида жамиятда юз берган демократик ва ижтимоий жараёнлар ҳақидаги маълумотларни олиш учун, одатда, танлама кузатиш ўтказилади.
Аҳолини статистик таҳлил қилишда ҳар хил масалалар ечилиши мумкин. Лекин умуман аҳоли статистикаси ҳақида гапирганда унинг қуйидаги вазифаларини ажратиб кўрсатиш мумкин:
- аҳоли сонини ва унинг мамлакат ҳудуди бўйича тақсимланишини (жойлашишини) ўрганиш;
- аҳоли таркибини (жинси, ёши, миллати, ижтимоий ахволи, маълумоти, бандлиги ва бошқалар бўйича) ўрганиш;
- аҳолининг табиий ҳаракатини (туғилиш, ўлим, табиий ўсиш, никохдан ўтиш ва бекор қилиш) ўрганиш;
- аҳоли миграциясини ўрганиш;
- аҳолига ижтимоий тавсиф бериш ва хакозо.
Do'stlaringiz bilan baham: |