Пул-кредит (монетар) сиёсати деганда Марказий банк томонидан барқарор ва мувозанатли иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш мақсадида нарх барқарорлигини сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар мажмуидир. Марказий банкнинг ушбу чора-тадбирлари таркибида монетар сиёсатнинг асосий инструментлари муҳим ўринни эгаллайди.
Ўзбекистонда Марказий банк нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги чора-тадбирлар воситасида пул-кредит сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади:
макроиқтисодий кўрсаткичлар, шу жумладан инфляция кўрсаткичлари прогнозларини шакллантириш, шунингдек унинг мақсадли кўрсаткичини белгилаш;
келгуси йил учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;
пул бозорида ликвидлиликни тақдим этиш ва уни олиб қўйиш бўйича операциялар ўтказиш;
ички валюта бозорида интервенцияларни амалга ошириш;
Марказий банкнинг коммуникация сиёсатини ўтказиш.
Марказий банк ҳар хил турдаги пул-кредит операциялари бўйича бир ёки бир нечта фоиз ставкасини белгилаши мумкин. Марказий банк амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати доирасида бозор фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиш учун фоиз сиёсатини қўллайди. Марказий банк пул-кредит операциялари бўйича фоиз ставкаларини ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.
Марказий банк монетар сиёсатнинг асосий инструментлари:
Тижорат банкларига бериладиган кредитлар учун фоиз ставкаларини ўзгартириш (расмий ҳисоб ставкаси, қайта молиялаш ставкаси, ломабард ставкаси);
Очиқ бозордаги операцияларни тартибга солиш, я’ни давлат облигациялари, векселлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш фаолиятини чегаралаш;
Валюта курси сиёсати, я’ни иқтисодиётда валюта муносабатлари ва валюта курси билан боғлиқ сиёсатни амалга ошириш;
Инфляцияни таргетлаш.
Расмий фоиз ставкаларини оширилиши тижорат банки учун ўз захираларини тўлдиришга мўлжалланган кредитларни олиш имкониятини камайтиради. Натижада тижорат банкларининг кредит бериш ҳажми камаяди, я’ни муомаладаги пул массасининг камайиши кузатилади. Пул массасининг камайиши эса иқтисодиёт субъектлари учун бериладиган кредитнинг фоиз ставкасини ўсишига сабаб бўлади. Фоиз ставкасини ошириш билан Марказий банк кредитни камайтириш (рестрикция) сиёсатини олиб боради. Фоиз ставкасининг оширилиши тўлов баланси ва валюта курси даражасига ҳам та’сир кўрсатади. Чунки мамлакатга қисқа муддатли хорижий капиталнинг жалб қилиниши фаоллашади. Натижада мамлакат тўлов баланси ўзгариб, хорижий валюта таклифи кўпаяди, демак, хорижий валюта курси пасайиб, миллий валюта курси ортади. Марказий банк фоиз ставкасининг камайтирилиши эса кредит экспансияси деб юритилади ва кредит ресурсларининг ҳажмини кўпайтиради, муомаладаги пул массасининг кўпайишига хизмат қилади.
2020 йил давомида Марказий банкнинг асосий ставкаси, я’ни қайта молиялаш ставкаси 16 фоиздан 15 фоизгача камайтирилган бўлса, 2021 йил давомида мазкур кўрсаткич 14 фоизни ташкил этмоқда.
Банкларнинг мажбурий захира талабларини ўзгартириш тижорат банкларининг ресурслари ҳажмига жиддий та’сир кўрсатади. Мажбурий захира оширилиши нимани англатади?