II-БОБ. ТАДҚИҚОТ ЎТКАЗИЛГАН ЖОЙЛАРНИНГ ГЕОГРАФИК ТАСНИФИ ВА ИШ УСУЛЛАРИ
2.1-§. Тошкент вилоятининг географик жойлашиши рельефи, табиий иқлими ва тупроқ хусусиятларининг тавсифи
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг тупроғи хусусиятларининг тавсифи. Тошкент текислигининг тупроғи оч бўз, баъзи жойлари шўрхок тупроқни ташкил қилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Ўзбекистоннинг шарқий қисмида жойлашган, майдони 15,6 минг км2, республика умумий майдонининг 10% ни эгаллайди. У шимолий, Шимолий - ғарбий томондан Қозоғистон, шимолий - шарқдан Қирғизистон, шарқдан Наманган вилояти, жанубдан Тожикистон республикаси, жанубий - ғарбдан Сирдарё вилояти билан чегараланган. [38; 69-б.].
Тошкент шаҳри ва вилояти асосан Тошкент-текислигини эгаллайди. Шимолий шарқдан ғарбий Тяньшань тоғ тизими, жанубдан Туркистон тоғ тизмаси ва унинг ғарбий тармоғи билан ўралган. Текисликнинг баландлиги 200-500 м ташкил қилади.
Чирчиқ ва Ангрен водийлари бир - биридан ғарбий Тяньшаннинг Угам, Пскент, Чотқол, Қурама тоғ тизмалари билан ажралиб туради.
Чирчиқ ва Ангреннинг пастки қисмларида ўтлоқли ва ўтлоқли - ботқоқли, ғарбий Тяньшаннинг тоғ олди текислигида ҳақиқий ва тўқ бўз, Туркистон тоғ тизмасида оч ва ҳақиқий бўз, ғарбий Тяньшаннинг ўрта қисмида эса жигарранг ва қорамтир бўз, юқори қисми очжигарранг тупроқдан ташкил топган.
Тошкент шаҳри ва вилоятининг тупроғи микроэлементлар билан ўртача таъминланган. Ундаги ўзлаштирилувчи шакллар миқдори (мг/кг тупроққа нисбатан) қуйидагича: бор – 0,25-0,30; мис – 0,21-0,65, молибден – 0,24-0,75, марганец – 37,6-41,4, темир – 140-155; рух – 3,24-3,45, кобальт – сезиларсиз.
Олинган маьлумотларни манзарали дарахтларнинг биологик хусусиятлари билан таққосласак, бу кўрсаткичлар дала шароитида манзарали дарахтларнинг ўсиши, ривожланишига қулай шароит мавжудлигидан далолат беради.
Тадқиқот ўтказиш жойининг табиий иқлим шароитлари. Тадқиқот мавзуси юзасидан назарий изланишлар 2013-2019 йиллар мобайнида Тошкент давлат аграр университетининг тажриба станциясида, шунингдек, «Саксонота» давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонасида ҳамда «Дархан» тажриба хўжалиги илмий - тадқиқот ва ўқув - тажриба станциясида олиб борилди.
Асосий дала тажрибалари ўтказилган жой Тошкент вилояти республиканинг шимолий - шарқий қисмида жойлашган бўлиб, Ғарбий Тян-Шан тоғи ва тоғолди ҳудудларини, Ангрен ва Чирчиқ дарёлари водийсини ўз ичига олади. Вилоят ҳудудида 42017' ва 40015' шимолий кенглик ва 68039' ва 7102' шарқий узунликда жойлашган. Вилоят шимол ва шимолий ғарбда Қозоғистон Республикаси, шарқ ва жанубий шарқда Қирғизистон Республикаси, жанубда Тожикистон Республикаси ва ғарбда эса республикамизнинг Сирдарё вилояти билан чегарадош ҳисобланади.
Тадқиқотлар амалга оширилган Тошкент давлат аграр университети илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш тажриба станцияси Чирчиқ дарёсининг юқори трассасида жойлашган. Жойнинг денгиз сатҳига нисбатан баландлиги 486 м ни ташкил этади. Сизот сувлари кучсиз минераллашган ва у қадар саёз эмас, яъни 5-8 м чуқурликда жойлашган бўлиб, Салар дарёсига яхши оқиб чиқиб туради.
Умуман олганда тажриба станцияси жойлашган туманларнинг табиий иқлим шароитлари Тошкент вилояти учун типик ҳисобланади ва сезиларсиз айрим четланишлар билан фарқланади.
Тажриба станциялари жойлашган қуёш ёруғлиги давомийлиги йилига ўртача 2893 соатни ташкил этади. Ёз мавсумида у бир ойда 362-396 соатгача етади, қишда эса ўртача 103-127 соатга тенг. Ўртача бир кеча - кундузлик ҳароратнинг ўзгариш амплитудаси январь ва июлда 25-30 оС га етади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг тадқиқот олиб борилган йиллардаги ўртача ойлик ҳароратлари кўрсаткичи қуйидаги диаграммада келтирилган (2.1-расмга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |