2- Мавзу: Суюқлик аралашмаларини ажратиш жараёни ва фильтрлар конструкциялари. Ғовак фильтр тўсиқлар. Қумли фильтр.
Умумий тушунчалар
Т урли жинсли системаларни ғовак фильтр тўсиқлар ёрдамида фазаларга ажратиш жараёнига фильтрлаш дейилади. Фильтр тўсиқлар аралашманинг қаттиқ (дисперс) фазасини ушлаб қолади, суюқ (дисперсион) фазасини ўтказиб юбориш қобилиятига эга. Фильтр тўсиқлар ёки бундан буён фильтрлар сифатида ғовакли материаллар қўлланилади (масалан, тўр пардалар, картон, газламалар, сочилувчан материаллар, шағал, қум, ғовак полимер материаллар, керамика, металлокерамика ва бошқалар).
Фильтрлаш жараёни босимлар фарқи ёки марказдан қочма кучлар майдони таъсирида амалга оширилади.
Фильтрлаш интенсивлиги суспензия сифати, яъни дисперс фаза чўкмаси қаршилигининг миқдорига, картон, шилимшиқ ва коллоид моддалар бор-йўқлигига боғлиқдир.
Турли жинсли системаларни ажратиш пайтида фильтр конструкцияси ёки фильтрловчи центрифуга, фильтр тўсиқ ва фильтрлаш режимларини танлаш зарурати туғилади.
Кимё, озиқ - овқат ва бошқа саноатларда чўкма хосил қилиш йўли билан фильтрлаш кенг тарқалган.
Масалан, шакарпазликда фильтрлаш қиёмларни тозалаш, чўкмани сатурацион шарбатдан ажратиш учун қўлланилади. Пиво пиширишда эса, ушбу жараён суслодан қаттиқ фазани ажратиш ва тайёр махсулотни тиндириш учун ишлатилади. Ундан ташқари, винопазлик, ликер – ароқ ва шарбатлар ишлаб чиқариш саноатларида фильтрлаш жараёнидан кенг миқёсда фойдаланилади.
Кимё, нон пишириш, тегирмон ва спирт саноатларида газларни тозалаш учун фильтрлаш жараёни ишлатилади.
Фильтрлаш жараёнида сиқилувчи ва сиқилмайдиган чўкмалар хосил бўлади. Сиқилувчи чўкма заррачалари босим ортиши билан қатлам деформацияга учрайди ва унинг ўлчами камаяди. Сиқилмайдиган чўкмада босим кўпайиши билан қатлам шакли ва ўлчами узгармайди.
Амалда фильтрлашдан кейин қуйидаги қўшимча жараёнлар қўлланилади:
а) чўкмани ювиш;
б) чўкмани хаво ёки инерт газлар оқими билан тозалаш;
в) чўкмани қуритиш;
Фильтрлаш жараёнининг унумдорлиги ва олинган фильтратнинг тозалиги фильтр тўсиқлар хусусиятларига боғлиқ. Фильтр тўсиқлар ғовак, тешиклари катта ва гидравлик қаршилиги кичик бўлиши керак. Фильтр тўсиқлар тузилишига қараб эгилувчан ва эгилмас бўлади.
Фильтр тўсиқлар тепа ва остки қисмидаги босимларнинг фарқи фильтрлаш жараёнининг харакатлантирувчи кучи деб хисобланади.
Ҳаракатлантирувчи кучлар турига қараб фильтрлаш жараёни икки гурухга бўлинади: а) босимлар фарқи таъсирида ажратиш (фильтрлаш); б) марказдан қочма куч таъсирида ажратиш (центрифугалаш).
Do'stlaringiz bilan baham: |