14-МАВЗУ. ШАХС ТАРАҚҚИЁТИНИ ДАВРЛАРГА БЎЛИШ
Режа:
1.Шахс тараққиётининг даврийлаштириш йўналишлари
2. Биогенетик ёндашувга кўра даврийлаштириш
Жаҳон психологияси фанида шахснинг камолоти, унинг ривожланиши тўғрисида хилма-хил назариялар мавжуд: биогенетик, социогенетик, психогенетик, когнитивистик, психоаналистик, бихевиористик
Улардан биогенетик назариянинг негизида инсоннинг биологик етилиши бош омил сифатида қабул қилинган бўлиб, қолган жараёнларнинг тараққиёти ихтиёрий хусусият касб этиб, улар билан ўзаро шунчаки алоқа тан олинади, холос. Мазкур назарияга биноан, тараққиётнинг бош мақсади - биологик детерминантларига (аниқловчиларига) қаратилади ва уларнинг моҳиятидан социал-психологик хусусиятлар келтирилиб чиқарилади.
Биогенетик қонунни Ф.Мюллер ва Э.Геккеллар кашф қилишган. Биогенетик қонуният органнинг тараққиёти назариясини ташвиқот қилганда ҳамда антидарвинчиларга қарши курашда муайян даражада тарихий рол ўйнаган. Бироқ органнинг индивидуал ва тарихий тараққиёти муносабатларини тушунтиришда қўпол хатоларга йўл қўйган. Жумладан, биогенетик қонунга кўра, шахс психологиясининг индивидуал тараққиёти (онтогенез) бутун инсоният тарихий тараққиётининг (филогенез) асосий босқичларини қисқача такрорлайди, деган ғоя ётади.
АҚШда кенг тарқалган назариялардан яна биттаси - бу индивидуал тажриба ва билимларни эгаллаш (мустақил ўзлаштириш) назариясидир. Мазкур назарияга биноан шахснинг ҳаёти ва унинг воқеликка нисбатан муносабати кўпинча кўникмаларни эгаллаш ва билимларни ўзлаштиришнинг самараси қўзғатувчини узликсиз равишда мустаҳкамланиб боришнинг маҳсулидир. (Э.Торндайк, Б.Скиннер ва ҳоказо).
К.Левин томонидан тавсия қилинган “фазовий зарурат майдони” назарияси психология фани учун (ўз даврида) муҳим аҳамият касб этади. К.Левиннинг назариясига кўра индивиднинг хулқи (хатти-ҳаракати) психологик куч вазифасини ўтовчи иштиёқ (интилиш), мақсад (ният) лар билан бошқарилиб турилади ва улар фазовий зарурат майдонининг кўлами ва таянч нуқтасига йўналтирилган бўлади.
Психологияда психогенетик ёндашиш ҳам мавжуд бўлиб, у биогенетик, социогенетик омилларнинг қимматини камситмайди, балки психик жараёнлар тараққиётининг биринчи даражали аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Ушбу ёндашишнинг учта мустақил йўналишга ажратиб таҳлил қилиш мумкин, чунки уларнинг ҳар бири ўз моҳияти, маҳсули ва жараён сифатида кечиши билан ўзаро тафовутланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |