АМАЛИЙ ҚИСМ
Мавзуга доир микропрепаратларни ўрганиш.
1- препарат. Бармоқ териси.Бўялиши: гематоксилин-эозин.
1 – эпидермис; 2 – дерма; 2.1 – сўрғичли қават; 2.2 – тўрсимон қават; 3 – гиподерма: 3.1 – ёғ тўқима бўлаклар; 3.2 – сийрак толали бириктирувчи тўқима қавати, 4 – тер безлари, 4.1 – охирги бўлими; 4.2 – чиқарув найи; 5 – қон томири.
Тери кесмасида эпидермис ва дерма кўринади. Эпидермисда 5 қават фарқланади: биринчи қават (базал қават) – базал мембранада жойлашган бир қават призматик ҳужайралардан иборат. Бу қават устида бир неча қават полигонал тиканаксимон ҳужайралар бўлиб, улар кучсиз базофил бўялган. 3 қават: 3-4 қават донадор ҳужайралардан иборат бўлиб, уларда тўк сиёҳранг кератогиалин доналар бўлади. 4 қават: ялтироқ бўлади. У 2-3 қават гомоген ҳужайралардан иборат ва пушти рангли тасма шаклли. 5 қават: мугуз қаватдир, унда кўп мугузланган ҳужайралар бўлади.
Эпидермис остида – дерманинг сўрғичли қавати бўлиб, унда сийрак бириктирувчи тўқима, қон томирлар бўлади. Чуқурроқ эса зич шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан иборат тўрсимон қават бўлади. Бу ерда коллаген толалар тутами бўлиб, улар турли йуналишда жойлашган. Шу жойда тер безларининг охирги бўлими ва чиқарув найлари бўлади.
Тўрсимон қаватда Фатер-Паччини нерв охирлари кўринади. Тўр қават остида ёг ҳужайралари бўлади.
Препаратни чизинг ва белгиланг: 1) эпидермис: а) базал қават; б) тиканаксимон қават; в) донадор қават; г) ялтироқ қават; д) мугуз қават; е) безнинг чиқарув найи; 2) дерма: ж) сўрғичли қават; з) тўрсимон қават; и) тер безининг охирги бўлими ; 3) тери ости ёғ клетчатка.
2-препарат. Бошнинг сочли териси (юпқа тери).Бўялиши: гематоксилин-эозин.
1 – соч илдизи; 1.1 – соч пиёзчаси; 1.2 – мағиз моддаси; 1.3 – пўстлоқ модда; 1.4 – соч кутикуласи; 2 – соч сўрғичи; 3 – соч фолликуласи: 3.1 – ички эпителиал қин;3.2 - ташқи эпителиал қин; 4 – соч халтаси; 5 – ёғ бези; 5.1 – охирги бўлим; 5.2 – чиқарув найи; 6 – соч кўтарувчи мушаклар.
Бошнинг сочли тери соҳаси юпқа бўлади. Бу терида мугуз қавати бармоқ терисига нисбатан юпқароқ, ялтироқ қават яхлит бўлиб кўринмайди, донадор қават 1-2 қават бўлади. Дерманинг сўрғичлари бармоқ те-рисидаги сўрғичларга нисбатан ривожлан-маган. Қолган барча қаватлар бармоқ тери-си билан бир хил. Препаратнинг ўзига хос хусусияти - унда соч фолликулининг ва ёг безларининг борлигидир. Сочнинг 2 қисми бор: теридан чиқиб турадиган ўқи ва терида жойлашган илдизи. Сочнинг танаси ва илдизининг кўндаланг кесимида марказда очроқ бўялган мағиз модда, четдаги зичроқ пўст модда ва бир қават ясси кутикула ҳужайралари фарқланади.
Соч илдизи ташқи томондан 2 қават эпителиал қин ва унинг устидан бириктирувчи тўқимали дермал қин қоплаган. Соч илдизининг чуқур тубида соч пиёзчаси бўлиб, унда камбиал ҳужайралар бўлади. Унда соч ва қин усади. Ички эпителиал қин ёг безлари очиладиган жойгача давом этади ва ёг бези очилган жойдан юқорида бўлмайди. Ташқи эпителиал қин оч базофил эпителий ҳужайралардан иборат, улар эпидермиснинг базал ва тиканаксимон ҳужайраларига ўхшайди. Ташқи эпителиал қин эпидермисга давом этади. Препаратда дермал қинда қизил рангли коллаген толалар кўринади. Ёг безининг чиқарув найи соч фолликулига очилади. Ёг безларининг охирги бўлимида майда базофил ҳужайралар кўринади. Сўнгра бир неча қават ёг тўпловчи ҳужайралар бўлиб, уларнинг цитоплазмасида ёг томчилар ўрнига майда вакуолалар кўринади. Безларнинг чиқарув найи олдида пикнотик ядрога эга бўлган ва ядросиз парчаланаётган ҳужайралар бўлади. Ёг безлар остида сочни 8кўтарувчи мускуллар жойлашган. Бу мускуллар бир учи сочнинг дермал қинига ва бир учи билан дермани тўр қаватига бирикади.
Препаратни чизинг ва қуйидаги тузилмаларни белгиланг: 1) эпидермис; 2) сўрғичли қават; 3) дерманинг тўрсимон қават; 4) соч илдизи; 5) ички эпителиал қин; 6) ташқи эпителиал қин; 7) дермал қин (соч халтаси); 8) соч пиёзчаси; 9) ёғ бези; 10) сочни кўтарувчи мускул.
Do'stlaringiz bilan baham: |