Қон реакцияси. Қоннинг фаол реакцияси плазма таркибида водород ва гидроксил ионларининг миқдорий нисбати билан аниқланади. Артерия қоннинг реакцияси рН—7,40 бўлса, вена қонида рН — 7,35 га тенгдир. Вена қони реакциясининг қисман бўлсада, камроқ бўлишига асосий сабаб унда артерия қонидагига нисбатан карбонат ангидриднинг кўплигидир.
Организмда бўладиган кўпгина биокимёвий, биофизикавий ҳодисалар шу қон реакцияси билан чамбарчас боғлиқдир, чунончи, тўқима ва ҳужайраларда бўладиган оксидланиш-қайтарилиш реакциялари асосий озиқ моддалар — оқсиллар, ёғлар ва углеводларнинг парчаланиши натижасидир. Шунинг учун ҳам қон реакциясининг оз бўлсада, меъёрдан ўзгариши бир қатор зарарли оқибатларга олиб келса, бу соҳадаги кучли ўзгаришлар эса организмнинг халок бўлишига олиб келади. Қон реакциясининг доим бир хил сақланишини унинг буфер тизими ва айириш аъзолари таъминлайди.
Қоннинг буфер тизими. Қон реакциясининг доим бирдек бўлишини таъминловчи омиллар кучсиз кислота ва кучсиз асослардан ташкил топган буфер тизимларидир. Бунга карбонат кислота ва натрий бикарбонатлардан иборат бўлган карбонат буфер тизими; бир ва икки асосли натрий ортофосфатлардан иборат бўлган фосфат буфер тизими; гемоглобин ва гемоглобиннинг калийли тузидан иборат бўлган гемоглобин буфер тизими ва плазма таркибидаги бир қатор оқсил моддалар ҳам буфер хусусиятга эга. Қоннинг буферлик хусусияти асосан унинг таркибидаги гемоглобин ва гемоглобин тузлари миқдорига боғлиқ. Буфер тизимлари қон муҳитини бир даражада ушлаб туришда иштирок этади.
14.3. Қоннинг шаклли элементлари.
Қоннинг шаклли элементларига эритроцитлар, лейкоцитлар ва қон пластинкалари - тромбоцитлар киради (7-1 расм).
Эритроцитлар қизил рангли диск шаклидаги ядросиз ҳужайралардир. Сут эмизувчилардан фақат одам эритроцитлари ядросиздир. Эритроцитларнинг ранги қизил бўлишига сабаб, таркибида темир ионини тутувчи оқсил – гемоглобиннинг борлигидир. Эркакларнинг 1 мм куб қонида 4.5 - 5.0 млн, аёлларнинг шу ҳажмдаги қонида 4.0 - 4.5 млн эритроцитлар бўлади. Онтогенезда эритроцитлар сони ўзгаради. Янги туғилган болада 1 мм куб қонда 7 млн, 5 - 6 кунлигида бир оз камаяди, 3 - 4 ёшли даврда яна кўпаяди ва 8 ёшлардан бошлаб катталарнинг даражасига етади. Эритроцитлар қизил иликда етилади ва уларнинг миқдори ташқи муҳит шароитига боғлиқ. Кислород кам бўлган шароитда (масалан, тоғлик районларда) яшаган одамларда эритроцитлар кўп бўлади. Бундай ўзгаришлар эритроцит таркибидаги гемоглобинга боғлиқ. Эритроцитлар нафас олишда, яъни карбонат ангидрид ва кислородгаз молекулаларни ташишда иштирок этади. Гемоглобин гем ва оқсил глобиндан таркиб топган. Гем икки валентли темирни ўз ичида сақлаб, кислород билан бирикиб мустаҳкам бўлмаган беқарор бирикма оксигемоглобинни ҳосил қилади. Капиллярларда оксигемоглобин гемоглобин ва кислородга тезда парчаланиб, кислород билан ҳужайралар тўйинади. Гемоглобин эса ҳосил бўлган карбонат ангидрид билан бирикиб карбогемоглобинни ҳосил қилади ва ўпкада у диссоциацияга учраб карбонат ангидрид ажралади. Ҳосил бўлган карбонат ангидрид нафасдан чиқувчи ҳаво билан атмосферага чиқиб кетади. Гемоглобин кучли оксидловчи моддалар билан бирикиб (масалан, бертоле тузи, атомар кислород) мустаҳкам бирикма метгемоглобинни ҳосил қилади. Агар гемоглобин ис гази билан бирикса, у карбоксигемоглобин бирикмасини ҳосил қилади. Бу бирикма ҳам жуда мустаҳкам. Метгемоглобин ва карбоксигемоглобинлар газлар ташишида иштирок эта олмаганлиги учун организмда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради, организм ўзини бўғилгандай хис этади.
100 мл қонда 16.7 г гемоглобин бўлса 100% деб ҳисобланади. Лекин катталарнинг қонида гемоглобин 60-80% ни ташкил қилади. Қоннинг таркибида эритроцитлар сони 3 млн дан, гемоглобин эса 60% дан кам бўлса кам қонлик ёки анемия касаллиги келиб чиқади. Эритроцитларнинг умри 30 кундан 90 кунгача бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |