Bog'liq 13-maruza 3fb2ab6a710da9b789cddd6191761a36
13.3.Ижтимоий шерикликнинг турлари, мақсад ва вазифалари, субъектлари, ташкилий, ҳуқуқий механизмлари. Жамиятда мавжуд муаммоларни аниқлаш, ифодалаш ва тегишли ташкилотларга етказишда жамоат бирлашмалари муҳим роль ўйнайди. Уларнинг масъулияти ҳам худди мана шунда, яъни муаммони аниқлаш ва давлат ёки бизнес вакилларига етказишда кўринади. Ана шу бирлашмалар фаолиятида иштирок этар экан, фуқаролар муайян муаммолар тўғрисида атрофлича маълумотга эга бўлади ва бу маълумот уларнинг зиммасига муаммони ечиш йўлларини излаш, ундан давлат ҳокимияти органлари ва бизнес вакилларини тегишли тарзда хабардор қилиш масъулиятини юклайди. Фуқароларнинг мана шу жараёнда фаол иштирок этиши ижтимоий шерикликнинг ҳаракатга келтирувчи кучи ҳисобланади.
Ижтимоий шериклик субъектларидан бири бўлган давлатнинг функциялари ана шу шерикликни ривожлантириш учун ҳуқуқий ва иқтисодий стимулларни яратишдан иборат. Ўзбекистонда давлатнинг энг муҳим функцияларидан бири жамиятдаги турли ижтимоий гуруҳлар ва қатламлар ўртасидаги мувозанатни ва диалогни сақлаб туришдир. Давлат томонидан ўтказилаётган кучли ижтимоий сиёсат аҳолининг муайян гуруҳлари ҳаддан ташқари бойиб кетиши, бошқа гуруҳлар эса қашшоқлашиб кетишининг олдини олиб туради. Бундай сиёсатнинг мақбуллиги шундаки, жуда бой ва жуда қашшоқ гуруҳлар ўртасида нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маданий тафовутлар келиб чиқади. Бундай тафовутларнинг кучайиши эса, зиддиятларга, ижтимоий ларзаларга олиб келиши мумкин.
Ижтимоий шериклик турли мамлакатларда умумий хусусиятлар билан бир қаторда миллий ўзига хосликларга ҳам эга бўлади. Кўпинча ижтимоий шериклик тушунчаси ижтимоий онгда адекват тарзда акс этмайди. Чунки, ижтимоий шерикликни тўла ва чуқур тушуниш учун ижтимоий фанлар, хусусан, социология, ижтимоий фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича муайян билимларга эга бўлиш тақозо этилади. Баъзан ташкилотлар ичидаги ёки ташкилотлар ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорликни ижтимоий шерикликнинг кўриниши сифатида қабул қилинади. Аслида бу ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди. Бундай ҳамкорлик оддий шерикликнинг кўринишидир. Ижтимоий шериклик, юқорида таъкидланганидай, катта ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги шерикликни англатади.
Ҳозирги кунда ижтимоий шерикликнинг моҳияти ижтимоий-сиёсий майдондаги кучлар: давлат тузилмалари, тижорат корхоналари ва нотижорат ташкилотлари ўртасидаги конструктив алоқадорлик сифатида англашилади. Ижтимоий фанларда бу кучлар 1-, 2- ва 3-сектор номлари билан юритилади. Ижтимоий шериклик ҳар уч сектор вакиллари ўртасида ҳамкорлик пайдо бўлганда ва бу ҳамкорлик ҳар уч гуруҳ ва жамият учун манфаатли экани англашилганда вужудга келади.
Ижтимоий шерикликнинг қуйидаги муҳим элементларини кўрсатиш мумкин: ижтимоий муаммо; шерикларнинг манфаатлари ва шерикликнинг ҳуқуқий асосланиши; ўзаро таъсир ва ўзаро назоратнинг қоидалари ишлаб чиқилгани; ижтимоий шериклик жараёнларини ёритадиган ахборот майдони мавжудлиги; томонларнинг ўзаро жипслашиши учун лойиҳаларнинг мавжудлиги; ижтимоий шериклик жараёнининг барқарорлиги ва доимийлиги; ижтимоий муаммоларни ечишнинг инновацион усулларини излаш ва топиш; ижтимоий муаммонинг барча томонлар учун муҳимлиги; шерикларнинг манфаатларини аниқлаш ва ҳисобга олиш; фаолият мақсади ва вазифаларини биргаликда белгилаш; ҳамкорлик жараёнида амал қилиши зарур бўлган аниқ қоидаларни ишлаб чиқиш; ҳамкорлик алоҳида-алоҳида ҳаракат қилишга нисбатан бир неча баробар самарали бўлиши мумкинлигини барча томонлар тўла англаб етиши.
Ҳар қандай кооперация ҳам ижтимоий шерикликка мисол бўла олмайди. Чунки, кооперацияга томонлар ўзларининг мақсадларига эришиш учун бирлашадилар. Масалан икки ёки ундан ортиқ хусусий корхонанинг муайян фаолият турларини биргаликда амалга ошириш тўғрисида тузган битими ижтимоий шериклик эмас. Бу иқтисодий шерикликдир. Ижтимоий шериклик кўпқиррали ҳодиса бўлиб сиёсий жиҳатлардан ташқари маънавий, аҳлоқий, фалсафий жиҳатларга ҳам эга. Уни ижтимоий амалиётга тадбиқ қилиш учун жамиятда бағрикенглик кенг тарқалган бўлиши тақозо этилади. Бағрикенгликнинг амалий аҳамияти қай даража катта эканини шундан ҳам билиш мумкинки, бир қатор шахслараро муносабатларгина эмас, гуруҳлараро муносабатларни ҳам унинг ёрдамисиз йўлга қўйиб бўлмайди. Масалан, ижтимоий шериклик муносабатларига киришаётган гуруҳлар ва шахсларда бағрикенглик сингари маънавий-аҳлоқий сифат бўлмаса, унинг қарор топиши бениҳоя қийинлашади.
Ижтимоий тараққиёт интенсивлашаётган ва давлатлараро муносабатлар мураккаблашиб кетаётган ҳозирги даврда бағрикенглик гуруҳлар ва давлатлараро муносабатларни тартибга солишда, жамиятда миллатлараро, ижтимоий гуруҳлараро, динлараро тинч-тотувликни таъминлашда борган сари улканроқ аҳамият касб этмоқда.
Бағрикенглик аҳамиятининг ортиб бориши унинг умуминсоний қадриятлар билан узвий боғлиқлиги туфайли ҳам юз бермоқда. Мазкур қадриятлар асносида бағрикенглик шахслараро ва гуруҳлараро муносабатларнинг кўпчилик томонидан энг мақбул, деб ҳисобланадиган йўли сифатида намоён бўлмоқда. Шунинг учун ҳам катта ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш механизми бўлган ижтимоий шерикликнинг ижтимоий ҳаётда қарор топиши кўп жиҳатдан бағрикенгликнинг ижтимоий гуруҳлар фаолияти тамойили сифатида қандай ўрин эгалланига боғлиқ бўлмоқда.