Стартолди ҳолатларининг психологик хусусиятлари
Ҳар бир спортчи мусобақа олдидан стартолди холатини бошдан кечиради. Бундай ҳолатнинг келиб чиқишига сабаби, эмоционал зўр беришлар билан боғлиқдир.
Стартолди эмоционал ҳис – ҳаяжонлар спортчининг стартолди ҳолатлари турли пайтларда юз бериши мумкин. Баъзи спортчиларда бу ҳолат бирон бир мусобақада иштирок этиши ҳақидаги хабарни олиши биланоқ бошланса, баъзи бирларида ушбу мусобақага старт берилишидан бир неча кун ёки бир неча соат олдин бошланиши мумкин.
Спортчилардаги стартолди ҳолатининг пайдо бўлиши уларнинг шахсий-индивидуал хусусиятларига, яъни асаб тизимининг турига, темпераментига, характерига, спорт мусобақаларда иштирок этиш бўйича тўплаган тажрибасига ва хоказоларга боғлиқ. Спортчиларнинг мусобақаларда иштирок этиш олдидан стартолди ҳолатларини бошдан кечиришлари физиологик механизмларга боғлиқ бўлиши мумкин. Физиология фани нуқтаи назаридан стартолди ҳолатларининг механизмлари шартли рефлекс характерига эгадир.
Уларнинг асосида спортчи организмининг олдинда турган кучли ҳаракат фаолиятига функционал тайёргарлиги ётади. Спортчи организмида старт олдидан юзага келадиган физиологик ўзгаришлар шартли рефлектор мослашувчанлик реакциялари ҳисобланиб, улар спортчи олдида турган жисмоний ишларнинг бажарилишини таъминлайди. Масалан, улар қаторида юрак – қон томир тизими реакцияси, нафас олиш фаолиятининг ўзгариши, ички секреция безларининг ва бошқа органлардаги ўзгаришларни айтиб ўтиш мумкин.
Психологик нуқтаи назардан олиб қараганда мусобақалар олдидаги психологик зўриқишни одатда шунчаки ҳис- ҳаяжон деб аташади. Старт олдидан ҳаяжонланиш (албатта белгиланган меъёр даражасида) нафақат мумкин, балки зарур ҳамдир. Чунки, стартолди ҳаяжонини ҳис этмасдан, киши ўз имкониятларини тўлиқ намойиш эта олмайди. Бундай вазиятлардаги ҳаяжонланиш, одатда, спорт ўйинларидаги кўтаринки кайфият, умумий кўтаринки жанговор руҳ, спорт жангларини интиқлик билан кутиш тарзида намоён бўлади. Ҳар бир спортчи нафақат мусобақа олди ҳис-ҳаяжонлари динамикасининг умумий қонуниятларини билиши, балки айни пайтда бу борадаги ўзининг индивидуал хусусиятларини ҳам яхши билиши керак. Зеро ўз ҳолатини тўғри англаб етиш, уни меъёрлаштира олишнинг бош йўлидир. Стартолди ҳолатларининг психологиясини ўрганишга бағишланган дастлабки тадқиқотлар (О.А.Черникова, 1937) “стартолди лихорадкаси” нинг ўзига хос жиҳатларини очиб берди, яъни унинг спортчи хатти-ҳаракатларига таъсир қилишини ҳамда ушбу масалани ўрганиш спортчиларни мусобақага тайёрлашда ўта муҳим эканлигини кўрсатди. Ушбу йўналишдаги тадқиқотларда Г.М.Гагаева, С.М.Оя, Ю.Ю.Палайма, А.Ц.Пуни ва бошқалар томонидан стартолди холатининг асосий турлари аниқланган. Мазкур тадқиқотларда стартолди ҳолатлари алоҳида психологик ва физиологик хусусиятлари билан ажралиб туриши қайд этилган. Бу ҳолатлар спортчининг, ишчанлигига ҳамда мусобақалашув шароитларида у амалга оширадиган хатти-ҳаракатларнинг натижасига таъсир кўрсатиши аниқланган.
Стартолди ҳолатининг 4 та турини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:
• Стартолди лихорадкаси
• Стартолди апатияси
• Жанговор ҳолат
• Хотиржамлик ҳолати
1. Стартолди лихорадкаси - ушбу ҳолат қуйидаги психологик хусусиятлари билан ажралиб туради:
а) кучли ҳаяжонланиш, баъзи ҳолларда бу ҳаяжон спортчи фаолиятини асосий мақсаддан чалғитади;
б) ҳис-ҳаяжонларнинг беқарорлиги, уларнинг бирини иккинчиси, баъзан мутлақо тескариси билан тез-тез алмашиб туриши;
в) диққатнинг чалғиши, паришонхотирлик;
г) идрок ва тасаввурдаги узилишлар, спортчи старт сигнали ёки мураббийнинг маслаҳатларини ўз вақтида эшитмаслиги мумкин;
д) хотиранинг сусайиши. Бундай ҳолатда, спортчилар асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга талаб даражасида эътибор қаратмайдилар;
е) фикрлар чалкашиб, бири иккинчисига ўтиб кетади.
Ташқи белгилари:
• Томир уриши ва нафас олишнинг тезлашуви;
• Қўл ва оёқларнинг қалтираши;
• Оёқ ва қўлларнинг совуққотиши;
• Терлаб кетиш, юзнинг оқариб кетиши;
• Баъзи ҳолларда оғизнинг қуриши, ошқозон бузилиши ва ҳоказолар кузатилади.
Физиологик нуқтаи назардан стартолди лихорадкаси кучли ҳаяжонлантирувчи асаб жараёнларининг кўтарилиши ва тормозловчи асаб жараёнларининг сусайиши билан боғлиқдир.
Стартолди лихорадкаси кўпинча спортни яқинда бошлаган спортчиларда ёки етарли даражада тайёргарлик кўрмаган спортчиларда шунингдек, қизиққон, ҳар нарсага бирданига қизишиб кэтадиган спортчиларда кузатилади.
Ушбу эмоционал ҳолатни бартараф этишда спортчининг эътиборини мусобақадан бошқа нарсага жалб этиш яхши натижа беради. Уларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:
•Сўзлашув усули—бунда спорт мураббийси ёки психолог спортчининг эътиборини мусобақага мутлақо алоқаси бўлмаган бошқа мавзуларга қаратади.
•Қизитиш машқлари (тинчлантирувчи ва мураккаб координацияли машқларни бериш).
•Массаж, ўз-ўзини массаж қилиш (тинчлантирувчи).
•Диққатни чалғитиш усуллари.
•Ортиқча зўриқишни сусайтириш мақсадида ўз-ўзини тартибга солиш.
2. Стартолди апатияси. Ушбу ҳолат стартолди лихорадкасининг тамоман тескариси бўлиб, унда қуйидаги хусусиятлар кузатилади:
а) қўзғалувчанликнинг сусайиши. Одатда бу ҳолат барча психик жараёнларнинг ўта бўшанглик билан бажарилишида ва баъзан ҳатто уйқусираш ҳолатига тушиш тарзида намоён бўлади;
б) мусобақада иштирок этиш хоҳишининг йўқлиги;
в) астеник кайфиятнинг пайдо бўлиши, кучсизланиш, идрок, диққат, тафаккур ва бошқа жараёнлар суръати ва ҳажмининг пасайиши.
Стартолди апатия ҳолати физиологик жиҳатдан бош мия қобиғидаги қўзғатувчи жараёнларнинг пасайиши ва тормозловчи жараёнларнинг кучайиши билан боғлиқ бўлади.
Бунга сабаб спортчининг ўта чарчаганлиги ёки меъёрдан ортиқ машқ қилиб юборганлиги ҳам бўлиши мумкин. Агар спортчида юқорида айтилган холатлар кузатилмаган бўлса, бу ҳолатни бартараф этиш учун худди стартолди лихораткасида қўлланган усуллардан фойдаланиш мумкин. Фақат уларнинг аксини қилиш лозим бўлади.
3. Жанговор тайёргарлик холатига қуйидагилар хосдир.
а) олдинда турган мусобақага бутун диққатни жалб этилиши, диққат ҳажмининг ошиши;
б) спортчи ўз курашида нимани ҳисобга олиш кераклигини ва қандай усуллардан фойдаланиши кераклигини жуда яхши эслаб қолади ва билади;
в) ушбу ҳолатда спортчининг ҳаракатлари, реакция вақти ва унда кечаётган психик жараёнларининг тезлашуви юз беради;
г) спортчида юқори даражадаги иродавий зўр бериш қобилияти кучаяди.
Жанговор ҳолатнинг физиологик асоси спортчи организмининг барча тизимлари жисмоний ишчанлик қобилиятининг умумий кўтаринкилиги, қўзғалиш ва тормозланиш асаб жараёнларининг оптимал ҳолатда бўлишидан иборатдир.
Жанговор ҳолат юқори даражада машқланган, яхши тайёрланган ва мусобақаларда иштирок этиш бўйича катта тажрибага эга бўлган спортчиларга ҳосдир.
4. Хотиржамлик ҳолати. Ушбу холат аксарият ҳолларда спортчилар спорт мусобақаларида рақиби имкониятини суньий равишда пасайтириб, ўзлари учун жуда кучсиз рақиб деб ҳисоблайдиган ва шу сабабли унинг устидан енгилгина ғалаба қозонаман деб ўйлайдиган ҳолатларда юзага келади. Мазкур ҳолатда қуйидагилар кузатилади:
а) ғалаба учун зарур бўлган ҳушёрлик ва сафарбарлик ҳолатининг йўқлиги;
б) диққат жадаллигининг пасайиши, идрок, тафаккур жараёнининг секинлашуви, спорт жангини олиб боришдаги хушёрликнинг сусайиши.
Одатда ўзини хотиржам тутиш ҳолати спортчиларда улар чиндан ҳам ўзларидан анча ожиз рақиблар билан майдонга тушганда кузатилади. Ушбу ҳолат спортчининг ишчанлик, бор куч ғайратини сафарбар этиш қобилиятларига салбий таъсир этиб, натижада унинг ҳатти - ҳаракатларидаги якуний натижалар даражаси пасайиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |