12-МАВЗУ. СПОРТ МУСОБАҚАСИНИНГ ПСИХОЛОГИЯСИ
Спорт мусобақаларининг психологик хусусиятлари ҳақида тушунча
Маълумки, ҳар қандай спорт фаолияти тури мусобақаларсиз бўлмайди. Мусобақада иштирок этишдан мақсад ғалабага эришиш, ёки спортчи шу пайтгача эришган ютуқлар даражасидан қатъий назар натижаларни яхшилашдан иборат. Мусобақаларда юқори натижаларни, кўрсаткичларни қўлга киритишга интилиш спортчининг спорт ютуқлари ва тайёргарлиги даражасидан ҳамда бошқа омиллардан қатъий назар намоён бўлади. Мусобақа кўп ҳолларда жуда қисқа вақт ичида кишидан ниҳоятда катта имкониятларни намойиш қилишни талаб этувчи экстремал вазиятни юзага келтиради.
Спорт мусобақалари спорт мураббийсининг қай даражада ишини тўғри ташкил этганлигини сарҳисоб қилиш ҳисобланади. Спорт фаолияти спорт мусобақаси билан ўзвий боғлиқ. Бинобарин, ҳар бир спорт мусобақаси ўз моҳиятига кўра, спортчининг муайян мусобақаларга тайёргарлик жараёнидаги ўтказган машғулот фаолияти натижаларни руёбга чиқариш демакдир.
Спортчини мусобақага тайёрлаш жараёни ундан юқори даражали психик зўриқишни талаб қилади. Шу сабабли спортчининг асаб тизими, жисмоний ва психик ривожланиши ҳамда спортчи шахсининг маънавий – ахлоқий сифатларини шаклланганганлик даражасига бевосита боғлиқ бўлади.
Спортчида психик зўриқишни юзага келтирувчи сабаблар нимада? Бундай сабаблар жуда кўп. Улардан қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:
1. Спортчининг тайёргарлиги. Спортчи ўз олдида турган мусобақага қанчалик яхши тайёргарлик кўрган бўлса, у ўзини шунчалик ишончли ҳис қилади, унинг психик ҳолати ҳам оптимал даражада бўлади, яхши тайёргарлик кўрмаган спортчида эса бунинг акси кузатилади. Бундай спортчи ниҳоятда қаттиқ ҳаяжонланади, хавотирга тушади.
2. Мусобақалашув тажрибаси. Спортчи турли миқёсдаги мусобақаларда қанча кўп қатнашган бўлса унинг шахсига хос ижобий сифатлар шунчалик яхши намоён бўлади. Бироқ бунда спортчининг жисмоний, техник, тактик, назарий ва психологик тайёргарлигини ўзида мужассам этган спорт тайёргарлиги даражаси ҳам катта рол ўйнайди.
3. Мусобақалар миқёси. Мусобақаларнинг миқёси қанчалик баланд бўлса, спортчилардаги психик, зўриқиш ҳам шунчалик юқори бўлади. Чунки спорчининг мусобақа фаолияти натижаларининг шахсий ва ижтимоий аҳамияти, унинг “ғалабаси” ёки “мағлубияти”, спортчи ёки жамоанинг, давлатнинг ижтимоий мақоми ва обрўси ошишига таъсир кўрсатади. Албатта зўриқишнинг интенсивлиги спортчининг олдига кўйган вазифаларига ҳам боғлиқдир.
4.Эмоционал ҳолатларнинг суръати спортчиларнинг мусобақа давомидаги мотивлари даражасига боғлиқ бўлади, буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
-мусобақаларда қўлга киритилган ғалаба орқали, қўлга киритилган спорт натижаси орқали ўз шахсиятини намоён килиш мотиви;
-спорт орқали ўзининг моддий эҳтиёжларини қондириш мотиви;
-спорт мураббийсига яхши муносабат, мураббийнинг умид ва ишончини оқлаш мотиви;
-спортга хос курашчанликка интилиш, спортга муҳаббат мотивлари;
-ўзини мусобақавий фаолиятга хос бўлган экстремал шароитларда синаб кўриш мотивлари;
-мусобақалардан ғалаба қувончини кутиш мотивлари;
-мусобақаларда юқори спорт натижаларига эришиб, мамлакат терма жамоаси таркибига кириш мотивлари;
-спорт орқали дунёни кўриш орзуларини қондириш мотивлари;
-дунёвий рекордларни ўрнатиш билан боғлиқ мотивлар;
-чемпион бўлиш, совриндор бўлиш ва ҳоказо унвонларга эришиш билан боғлиқ мотивлар;
-спортчининг эстетик туйғулари билан боғлиқ мотивлар;
-спортчининг—ватанпарварлик, мамлакат, жамият, жамоа олдидаги бурчи ва мажбурияти туйғуси, спортчилик шаъни туйғуси каби маънавий туйғулари билан боғлиқ мотивлар.
Мотивациялар шаклининг хилма-хиллиги спортчининг шахсий хусусиятларига ҳам, шунингдек мусобақа иштирокчиларининг спорт натижаларининг ижтимоий аҳамиятига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Спорт тайёргарликлари тизимида мусобақада иштирок этиш мотивини шакллантириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Мотивнинг ижтимоий аҳамияти қанчалик юқори бўлса, ҳамда спортчи томонидан яхши англаб етилса, спортчининг юқори спорт натижаларини қўлга киритишига, мусобақаларда ғалабани қўлга киритишига зарур бўлган шароит шунчалик яхшироқ яратилган бўлади.
5. Мусобақа иштирокчиларининг таркиби. Ўз кучларига кўра тенг рақиблар мусобақалашганда курашлар янада қизғин тус олиб, спортчиларнинг эмоционал зўриқишлари юқори даражага етади. Агар мусобақалашаётган томонларнинг тайёргарлик даражалари бир-биридан сезиларли фарқ қилса, эмоционал зўриқиш ҳам шу қадар паст бўлади.
6. Мусобақаларни ташкил этиш ва жиҳозлаш шарт-шароитлари. Одатда мусобақа ёмон ташкил этилса, ҳакамлар нотўғри иш тутсалар, эмоционал зўриқишнинг кучайиши ва агрессив, тажовузкор ҳис-туйғуларнинг пайдо бўлиши юз беради. Бундан ташқари агрессив ҳис-туйғуларнинг пайдо бўлишига томошабинлар сонининг, айниқса мусобақалашаётган спортчиларга нисбатан дўстона муносабатда бўлмаётган томошабинлар сонининг катта бўлиши ҳам сабаб бўлади.
7.Эмоционал зўриқишнинг келиб чиқиши спортчи шахсининг индивидуал хусусиятларига ҳам боғлиқдир. Бунга қуйидагилар киради: асаб тури, темперамент, шахснинг характери, спортчининг иродавий ва маънавий ривожланиш даражаси.
8. Ўз–ўзини тартибга солиш усулларини эгаллаганлиги даражаси. Агар спортчи ўз-ўзини тартибга солиш усулларини эгаллаган бўлса, бу уни турли нохуш вазиятларда ҳимоя қилувчи ички ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади. Масалан, стресс ҳолати юзага келганда ёки мусобақа жараёнида кўплаб салбий омиллар пайдо бўлганда тезкорлик билан ўз вақтида уларни бартараф эта олади.
Мусобақа қадим-қадимдан педагогика ва психология соҳасида инсон фаолиятини рағбатлантирувчи омил сифатида эътироф этиб келинган. Мусобақанинг бундай рағбатлантирувчи таъсирини ўрганишга бир қатор психологик тажрибавий тадқиқотлар ҳам бағишланган.
Спорт фаолиятида мусобақаларнинг рағбатлантирувчи таъсири азал-азалдан маълум ва буни қўшимча тарзда исботлашнинг ҳожати йўқ. Чунки одатда спортчилар айнан мусобақалашув жараёнидагина энг юқори кўрсаткичларга эришганлар. Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларидаги жаҳон рекордларининг ўрнатилиши бунга яққол мисол бўлади.
Спортчи мусобақалашув фаолиятининг энг муҳим психологик хусусияти шундаки, мазкур фаолият спортчи шахсини тарбиялаш ва қарор топтиришнинг муҳим омилидир. Шу сабабли ҳам спорт соҳасида шахсни тарбиялашда спорт мусобақалари зарурий шарт-шароит ҳисобланади.
Спорт мусобақаларининг спортчи шахсига таъсири икки хил тарзда кечиши мумкин:
1.Стихияли тарзда яъни, ўзидан ўзи кутилмаган ҳолда. Бунда мазкур таъсирлар ҳам спортчига, ҳам унинг мураббийсига боғлиқ бўлмайди;
2.Спортчи фаолиятидаги мусобақалар олдидан ва старт олдидан ўтказиладиган психологик-педагогик таъсир тизими орқали.
Психологик-педагогик таъсирнинг асосий мақсади, бу мусобақа олдидан ва старт олдидан тайёргарлиги жараёнида спортчининг ўз фаолиятини ташкил қила олиш кўникмасини шакллантириш орқали, унинг психик тайёргарлигини сафарбар этишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |