“Еттинчи кун адвентистлари” адвентистлик замирида пайдо бўлган энг йирик йўналиш ҳисобланади. 1844 йилда АҚШда юзага келган ушбу йўналишнинг асосчиси Элена Уайт (1827–1915) ҳисобланади. “Еттинчи кун адвентистлари” йўналиши тарафдорларининг сони тахминан 16 миллион кишини ташкил этади. Унинг 206 давлатда 46 мингдан ортиқ черков (жамоа)лари бор. Умумжаҳон Еттинчи кун адвентистлари черковининг Маркази – Бош Конференцияси АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган. “Еттинчи кун адвентистлари” таълимотига кўра, Худо ўз иродасини халққа етказиш учун гўёки, Элена Уайтни танлаган. ва унда 2000 га яқин “кўринишлар” (видение) бўлган. Унинг бу “кўринишлар” асосида ёзган китоб ва хатлари “Библия” билан бир қаторда “Еттинчи кун адвентистлари” диний таълимотининг асосий манбаи ҳисобланади. Исо Масиҳнинг яқин орада қайтишига ишониш “Еттинчи кун адвентистлари”нинг асосий ақидаси ҳисобланади. Еттинчи кун адвентистлигида: – “Библия” буйруқларига бўйсуниш қатъий талаб қилинади; – бошқа христианлардан фарқли равишда, якшанба куни эмас, ҳафтанинг еттинчи куни – шанба улуғланади. Шунинг учун ҳам, уларни “Еттинчи кун адвентистлари” деб атайдилар. Шанба куни ишлаш, ҳатто овқат тайёрлаш ҳам мумкин эмас. Бутун кун ибодатга бағишланади. Улар Исонинг тирилиши ва “охирзамонни” кутиб яшайдилар. Ўрта Осиёда дастлабки адвентистлар XIX асрнинг бошларида пайдо бўлган. Уларнинг пайдо бўлиши Россия адвентистлари фаолияти билан боғлиқ. 1910 йилда Тошкентда илк адвентистлар жамоаси тузилади.
“Новоапостол черкови” XIX асрнинг ўрталарида Англияда вужудга келган протестантлик йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда “Новоапостол черкови” дунёнинг 180 та давлатида 50 га яқин жамоа, 9 миллионга яқин аъзоларига эга. “Новоапостол черкови” диний таълимотида 7 сирли маросимнинг учтаси эътироф этилади: – сув билан чўқинтириш (ёшнинг фарқи йўқ); – причащение – нон ва вино билан тотиниш; – Муқаддас Руҳ билан (запечатление) инсоннинг ички оламини бутунлай янгилаш. Черковни биринчи апостол ва апостоллар бошқарадилар. Ўз навбатида улар христианликдаги машҳур 12 апостолнинг ўринбосарлари ҳисобланадилар (“Новоапостол черкови” номи шундан келиб чиққан). Биринчи апостол, диний қоидаларга асосан, Худонинг ердаги вакили ҳисобланади. Черков ходимлари ўз вазифаларини бепул ва ўзларининг асосий касбларидан ташқари бажарадилар Ҳар бир жамоа 150–170 кишилик катта оила каби ташкил этилади. Пасторлар камида икки ойда бир маротаба ҳар бир уйни зиёрат қиладилар. Асосий эътибор болалар ва ўсмирлар тарбиясига, ногирон ва камбағалларга ёрдам қилишга қаратилади. “Новоапостол черкови” Ўзбекистондаги фаолиятини 1992 йилдан бошлаган.