Миро мойи суртиш маросими (юн. Конфирмация; русчада – миропомазание). Зайтун ёғидан тайёрланган муқаддас мой суртиш сирли маросимлардан бири бўлиб ҳаворийлар даврида йўлга қўйилган. Миро мойи – (юн. – хушбўй мой) черков епископи томонидан олий навли зайтун ёғига оқ узум виноси, атиргул япроқлари, бинафша, занжабил илдизлари, мускат, атиргул, чиннигул ва лимон мойлари каби маҳсулотларни қўшиб қайнатиш орқали тайёрланади. Чўқинтирилган боланинг, муқаддаслаштирилган ёғ (хушбўй миро мойи) билан, вужудининг турли жойларига суртиш маросими. У Шарқ черковларида чўқинтирилгандан дарҳол кейин, Ғарб черковларида эса кейинроқ қилинади. Православларда чўқинтириш билан конфирмация орасида яқин бир боғлиқлик бўлганлиги учун уларнинг кетма–кет қилиниши афзал, деб билинади. Католикларда эса, мазкур маросим бола саккиз ёшга тўлгачгина амалга оширилади. Бунда, миро суртилаётган кишининг пешона, ёноқ, оғиз қисми, елкалари ва қорнига хоч шаклида сурилади. Протестант йўналишлари эса мазкур маросимни ё умуман рад этадилар, ё бўлмаса уни “сирли” деб тан олмайдилар.
Тавба–тазарру қилиш маросими. Бунда инсон ўзи қилган гуноҳларига иқрор бўлиши, кейинчалик шу гуноҳларни қилмаслик учун мағфират сўраши лозим. Бу христианликда кенг ёйилган гуноҳларни эътироф қилиш маросими ҳисобланади. Бу маросим, асосан гуноҳ қилиш орқали йўқолган чўқинтириш иноятини қайта қўлга киритиш учун қилинади. Бунинг асоси сифатида Библияда келтирилган қуйидаги матнлар олингандир: “Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин қандайдир гуноҳ содир этган бўлса, истиғфор айтиб, гуноҳларига тавба қилсин” (Сонлар, 5:5,6). Бу маросимнинг асосий моҳияти диндор черковга келиб, қилган гуноҳлари учун тавба қилади, яъни руҳонийга ўзининг ҳамма гуноҳларини батафсил сўзлаб беради, ҳаттоки, қалби тубидаги яширин сирларини ҳам руҳоний “ота”га сўзлаб беради. Черков номидан гуноҳларни кечириш ҳуқуқига эга бўлган руҳоний унинг гуноҳларидан ўтади ва унга насиҳат қилиб, уни тўғри йўлга солади ва Муқаддас Руҳнинг кучи билан уни гуноҳларидан пок қилади.
Руҳоний унвонини бериш маросими. Бу руҳонийлик мартабасига кўтарилиш билан боғлиқ маросимдир. У “Хиротония” (юн. “хир” – қўл ва “тефими” – қўяман) деб номланади. Диний таълимотга кўра, руҳоний бўладиган шахснинг бошига епископ қўл теккизганидан кейин, у “Муқаддас Руҳ” нинг алоҳида марҳамати билан одамлар ўртасидаги воситачилик қилиш хусусиятига эга бўлади. Шундан сўнг мазкур инсон худди Исога унинг ҳаворийлари хизмат қилганидек ўз зиммасига Худо ва одамлар орасида воситачи бўлиб хизмат қилиш мажбуриятини олади. Маълумки, христианлик динида руҳонийлик унвонлари – дьякон, пресвитер, епископ каби уч турли даражага эга. Дьякон (юнон. хизматчи) – христиан черковидаги энг қуйи руҳонийлик даражаси. У маросимларда епископ ва пресвитерларга ёрдамчилик қилиш билан шуғулланади. Пресвитер (лот. оқсоқол) – христиан руҳонийлар иерархиясида юқори даражага эга руҳоний. Қадимда епископлар ҳам шундай ном билан аталган. Жамоа тарафидан сайлаб қўйилувчи руҳоний бўлиб, даставвал, у пастор билан биргаликда диний маросимларга раҳбарлик қилган. Епископ (юнон. назоратчи) – христианликдаги олий даражадаги руҳонийлик унвони. Католик эътиқодига кўра епископлар ҳаворий Павелнинг издошлари ҳисобланади. Шунингдек, епископ ўзи миро мойини тайёрлаш, руҳонийлик даражасини бериш ҳамда диний маросимларни бошқариш ҳуқуқига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |