Ирода ҳақида тушунча
Маълумки, инсоннинг эҳтиёжлари ижтимоий тўзум шакллари тараққиётига қараб ўзгаради. Шу боис ўз эҳтиёжларини қондириш учун инсон ҳаракат қилади. Шахс ўз ҳаракатлари ёрдами билан муҳитга мослашади ва ундан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланади. Лекин шу билан бирга одам муҳитни ўз эҳтиёжларига мувофиқлаштириб ўзгартиради, қайта қуради ва ўзига мослаштиради.
Одамнинг шахс сифатидаги фаоллик хусусияти шундан иборатки, ўз эҳтиёжларини қондиришга ёрдам берадиган ҳаракатлари инстинктив ҳаракатлар эмас, балки асосан оқилона, онгли ҳаракатлардир. Бу онглилик шундан иборатки, одам олдиндан бирон-бир мақсадни кўзлаб ҳаракат қилади, шу мақсадга етишиш учун ёрдам бера оладиган воситали йўл ва усулларни олдиндан қидириб топади, тўсқинлик ва қийинчиликларни енгиш учун онгли равишда куч-ғайратини ишлата олади.
Одам фақат ўзига хос маданий-ижтимоий эҳтиёжларини қондиришдагина эмас, балки, табиий-биологик эҳтиёжларини қондиришда ҳам онгли ва оқилона равишда иш тутади.
Одам теварак - атрофдаги нарсаларни ўзгартириб ўзига мослаштирар экан, янгилик яратади, ижод қилади, шу янгиликни теварак-атрофдаги воқеликка қўшади, воқеликни ўзгартиради ва тўлдиради. Умуман одам ҳар доим ҳаракат қилмасдан тура олмайди. Ана шу жиҳатдан олганда одамнинг барча ҳаракатларини икки туркумга бўлиш мумкин. Улардан биринчиси ихтиёрсиз ҳаракатлар бўлса, иккинчиси ихтиёрий ҳаракатлардир.
Одамнинг ихтиёрсиз ҳаракатлари қатъий бир мақсадсиз, кўпинча импулъсив тарзда, яъни рефлектор тарзда юзага келади. Масалан, йўталиш, акс уриш, кўз қовоғини очиб юмилиши ва шу кабилар. Бу ҳаракатларни одам олдиндан ўйлаб режалаштирмайди. Ихтиёрсиз ҳаракатлар ҳар қандай шароитда юз бериши мумкин. Ихтиёрсиз ҳаракатлар баъзан, одамнинг ақлий фаолиятлари билан ҳам боғлиқ бўлади. Чунончи, ихтиёрсиз идрок, ихтиёрсиз диққат, ихтиёрсиз эсда олиб қолиш, ихтиёрсиз эсга тушириш ҳолатлари ҳам бўлади. Бундай ҳолларда одамнинг ихтиёрсиз ҳаракатлари идрок қилинаётган нарсанинг бошқа нарсалардан кескин фарқ қилиши ёки одамнинг қизиқишлари, эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ бўлади.
Ихтиёрий ҳаракатлар ирода билан боғлиқ бўлган ҳаракатлардир. Ихтиёрий ҳаракатлар олдиндан белгиланган мақсад асосида тўла онгли равишда амалга ошириладиган ҳаракатлардир. Лекин ихтиёрий ҳаракат деганда, фақат жисмоний ҳаракатлар эмас, балки, ақлий ҳаракатлар ҳам тушунилади. Шундай қилиб, ирода тушунчасига нисбатан адабиётларда турлича таърифлар учрайди. Жумладан, А.В.Петровский дарслигида ирода – бу кишининг ўз олдига қўйган мақсадларига эришишида қийинчиликларни енгиб ўтишга қаратилган фаолияти ва хулқ-атворини онгли равишда ташкил қилиши ва ўз-ўзини бошқариши демакдир, деб таърифланади. Қ.Турғунов муаллифлигидаги луғатда таърифланишича, ирода – шахснинг онгли ҳаракатларида, ўз-ўзини билишида ифодаланадиган, айниқса мақсадга эришиш йўлида учрайдиган жисмоний ва руҳий қийинчиликларни енгиб чиқишда намоён бўладиган ихтиёрий фаоллигидир. М.Воҳидов фикрича, ирода деганда биз олдиндан белгилаган, қатъий бир мақсад асосида амалга ошириладиган ва айрим қийинчиликларни, тўсиқларни енгиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларни тушунамиз.
Ирода - бу ташқи ва ички қийинчиликларни енгишни талаб қиладиган қилиқларни ва ҳаракатларни инсон томонидан онгли бошқарилишидир. Умуман олганда ирода шахс фаоллигининг кўриниши ҳисобланади. Шу боис унинг юзага келиши бир қатор ҳаракатларни амалга оширилиши билан изоҳланади. Иродаий ҳаракат босқичлари мақсад ва унга эришишига интилиш, мақсадга эришиш имкониятларини топиш, мотивларнинг пайдо бўлиши ва имкониятларни мустаҳкамлаш, мотивлар кураши ва танлаш, бир фикрни қабул қилиш, қабул қилинган қарорни амалга ошириш орқали шакллантирилади.
Иродавий ҳаракатларда ҳар доим мақсад аниқ бўлади. Одам ўз олдига қўйган мақсадидан келиб чиқадиган натижаларни ҳам олдиндан тасаввур эта олади. Ана шунинг учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб бўлса ҳам мақсадини амалга оширишга интила боради. Масалан, одам бирор иморат солаётган пайтда охирги натижа қандай бўлиб чиқишини жуда яхши тасаввур этади ва шунинг учун қандай қийинчиликлар бўлса ҳам енгиб ишни давом эттира беради. Ёки талаба университетнинг биринчи курсига кирганда қандай мутахассис бўлиб чиқишини яхши билади ва шунинг учун барча қийинчиликларга чидаб ўқишни давом эттира беради.
Умумий иродавий фаолиятни ёки алоҳида актни амалга оширишнинг муҳим ҳусусиятларидан бири амалга оширилаётган ҳаракатларнинг эркин эканлигини англашдан иборатдир.
Одамнинг иродавий ҳаракати тўла-тўкис детерминизмга, яъни сабабий боғланиш қонунига бўйсунади. Шу билан бирга иродавий фаолиятнинг бевосита сабаблари шароитида иродавий ҳаракатларни белгилаб берадиган турли-туман ҳаётий шароитлар бўлиши мумкин.
Одамнинг иродавий фаолияти объектив жиҳатдан боғлангандир. Иродавий фаолиятнинг муҳим хусусиятларидан бири, иродавий ҳаракатларни одам ҳамма вақт шахс сифатида амалга оширади. Худди мана шунинг билан боғлиқ равишда иродавий харакатлар одам тўла равишда жавоб берадиган иш сифатида бошдан кечирилади. Иродавий фаолият туфайли шахс кўп жиҳатдан ўзини маълум шароитда англайди, ўз ҳаёт йўли ва тақдирини ўзи белгилаши мумкин.
Ироданинг энг муҳим хусусияти унда фаолиятни амалга оширишнинг пухта ўйлаб чиқилган режанинг мавжудлигидир. Аввалдан режалаштирилмаган хатти-ҳаракатларни иродавий ҳаракат деб бўлмайди. Шу билан бирга ирода аввалдан мавжуд бўлмаган, лекин фаолиятни натижасига эришишдан сўнг ҳосил бўлиши мумкин бўлган қониқишга бутун эътиборини қаратишдан иборатдир.
Кўп ҳолларда ирода вазият ёки қийинчилик устидан ғалаба қозониш эмас, балки ўз-ўзини енгиш ҳамдир. Бу айниқса, мувозанатсиз, ҳиссий, қўзғалувчан, суст кишиларга хос бўлиб, ўзларининг табиий характерологик хусусиятлари билан курашишга тўғри келади.
Ҳеч бир муаммо ироданинг иштирокисиз ҳал этилмайди. Инсон кучли иродасиз катта муваффақиятга эриша олмайди. Одамзод бошқа тирик мавжудотлардан ўзининг онги ва ақли билангина эмас, балки иродасининг мавжудлиги билан ҳам ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |