Мустақиллик йилларидаги халқаро алоқалар.
Ўзбекистон 1992 йил февраль ойида тинчликни мустаҳкамлаш, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича катта тадбирларни амалга ошираётган нуфузли халқаро ташкилот - Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига (ЕХҲТ) аъзо бўлиб кирди. И.Каримов 1992 йил 9-10 июлда бўлиб ўтган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг мажлисида иштирок этиб, 10 июлда бўлган мажлисида раислик қилди. 1994 йил 28-30 сентябрда Тошкентда ЕХҲТнинг халқаро анжумани ўтказилди. ЕХҲТ Тошкентда ва Урганчда атроф-муҳитни қайта тиклаш бўйича семинарлар ўтказди. Мазкур халқаро ташкилот Орол муаммосини ҳал қилишга кўмаклашмоқда. 1995 йил июлда Тошкентда ЕХҲТнинг минтақавий бюроси очилди ва фаолият кўрсатмоқда. 1995 йил июль ойида Ўзбекистон НАТОнинг «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастурига қўшилди. «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастури доирасида 1995 йилда АҚШда, 1997 йили Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтказилган ҳарбий машқларда Ўзбекистон ҳарбий қисмларининг иштироки зобит ва аскарларнинг ҳарбий-техник тайёргарлигини янада кўтаришга хизмат қилди. Ўзбекистон жаҳондаги 105 мамлакатни бирлаштирувчи қўшилмаслик ҳаракатининг аъзосидир.
БМТ ҳомийлигида таълим, фан ва маданият билан шуғулланувчи халқаро ташкилот - ЮНЕСКО билан алоқалари мустаҳкамланди. 183 давлат аъзо бўлган ЮНЕСКОнинг бош мақсади - барча халқлар келажагининг умумийлиги асосларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, ҳозирги замон муаммоларини янада чуқурроқ ўрнатишга кўмаклашишдир. 1993 йил 29 октабрда ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида Ўзбекистонни ЮНЕСКО аъзолигига қабул қилиш маросими бўлди.
1992 йил 15-16-февраль кунлари АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди ва икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. 1992 йилда Тошкентда биринчи бўлиб АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси очилди.
1991 йилнинг август-сентабрь ойларига келиб собиқ СССР таркибидаги барча 15 та Республика ўзини мустақил давлат деб эълон қилинган бўлса-да, СССР Президенти, парламенти, ҳукумати ўз фаолиятини тугатмаган эди. 1991 йил 8 декабрда Россия, Украина ва Белорус раҳбарлари Беловежское Пушчеда (Минск, Белорус) мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)ни тузиш тўғрисидаги Битим имзоладилар. 1991 йил 21 декабрда Алматида МДҲни тузиш тўғрисидаги Битимга Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам имзо қўйдилар. Шу куни ушбу давлатлар раҳбарлари Россия, Украина ва Белорус раҳбарлари билан биргаликда «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг мақсад ва тамойиллари тўғрисидаги Шартнома»ни имзоладилар. Мазкур ҳужжатда СССР давлатининг фаолияти ва СССР Конситуцияси тўхтатилади деб эълон қилинди. Кенгашда Алмати Декларацияси қабул қилинди. 1993 йил МДҲга Грузия қўшилди. Бу билан МДҲга аъзо бўлган давлатлар сони 12 тага етди.
Do'stlaringiz bilan baham: |