Технологик инновациялар, ишлаб чиқариш ривожланиши интенсивлиги тавсифи бўла туриб, ишлаб чиқариш воситалари, услублари, технологиялари ва илмий-техник тараққиётни белгиловчи бошқа омилларни ўз ичига олади.
Ташкилий, бошқарув, ҳуқуқий, ижтимоий ва экологик характердаги инновациялар – нотехнологик инновацияларга мисол бўла олади.
Маҳсулот инновациялари янги маҳсулотлар нархини ошириш ва сотувлар ҳажмини ошириш ҳисобига даромад ўсишини таъминлаш имконини беради. Аммо ушбу омиллар корхона стратегиясида барқарор эмас, чунки корхона рақобатдошлари ҳисобига узоқ вақт давомида қўшимча даромад ола олмайди. Чунки, кам харажатлар билан ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар пайдо бўлиши жараёнини тўхтатиб бўлмайди. Корхона бозорнинг тегишли сегментига ўз ўрнини шакллантириб кириб борган ҳолда, мазкур маҳсулот бўйича талабни ўзига қарата олса, сотувлар ҳажми омилининг таъсири мумкин бўлади.
Технологик инновациялар, ресурслар ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни оптималлаштириш, ҳамда истиқболли технологияларни ташкил этиш ҳисобига иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш имконини беради.
Янгиликнинг олдинги маҳсулотга муносабати, деб номланган туркумлаштириш белгисига мувофиқ қуйидагилар ажратилади:
ўрнини босувчи (эскирган аналог ўрнига қўлланиладиган ва жорий этилган технологик жараёнда кўпроқ самара олишни таъминлайдиган);
рад этувчи (олдин қўлланилган маҳсулот ва жараёнларни ҳеч нима билан алмаштирмасдан туриб рад этадиган);
қайтарувчи (амалиёт давомида бирор хатоликлари маълум бўлган инновацияларни ўрнига қайтадан қўлланиладиган олдинги маҳсулот ва жараёнлар);
кашф этувчи (принципиал янги маҳсулот, жараён ва хизматларни яратиш воситаси бўлиб хизмат қиладиган);
ретро янгиликлар (кўп вақт олдин эскирган, аммо замонавийлаштирилган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулот, тамойил ва жараёнлар).
Мақсадлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда янгиликлар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга, меҳнат шароитларини яхшилашга, меҳнат унумдорлигини оширишга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот рақобатдошлигини ўстиришга йўналтирилган бўлиши мумкин.
Инновациявий жараён нафақат вақт (ғоя пайдо бўлишидан уни амалга оширишгача), балки маконда ҳам (илм соҳасидан, ишлаб чиқариш орқали, истеъмол соҳасигача) ривожланади.
Инновациявий жараён тузилмасининг тадқиқоти қуйидаги схема мавжудлигини кўрсатади:
Илм-фан → тадқиқот → ишлаб чиқиш→ ишлаб чиқариш →
→ сотув→ истеъмол.
Ушбу схемани янада батафсилроқ таҳлил қиладиган бўлсак, инновациявий жараён қуйидаги тузилма билан таърифланиши мумкин:
Фундаментал тадқиқотлар → амалий тадқиқотлар→ тажриба-конструкторлик ишлари → бирламчи ўзлаштириш → тарқатиш → янгиликдан фойдаланиш ва унинг эскириши → янгиликни такомиллаштириш ва янги фундаментал натижалар зарурияти.
Ҳар бир босқич, бошқарувнинг турли хил шакли ва услубларини қўллаш заруриятини аниқловчи ўз хусусиятларига эга. Аммо бунга қарамасдан, ушбу босқичларнинг интеграциялашувигина инновациявий жараёнлар муваффақиятини таъминлаши мумкин.
Инновациявий менежментнинг мақсади, вазифалари ва услубларининг ўрганишни давом эттириш учун, инновациявий менежмент объектини ифодалаш ва унинг асосий тавсифлари ва хусусиятларини аниқлаш лозим. Бунинг асосий зарурияти шундаки, инновациявий менежмент корхонанинг рақобат асосида ривожланиши стратегиясининг асосий элементларидан бири бўлган ҳолда, бошқарув инфратузилмасига ҳам муҳим таъсир кўрсатади.
Инновациявий фаолият натижалари бўлиб, иқтисодий объектнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш ва фаолият мақсадларига янада самаралироқ эришиш имконини берувчи турли хил янгиликлар ва инновациялар хизмат қилади. Инновациявий менежментнинг асосий категорияларини аниқлашга бўлган ёндашувларнинг кўплиги туфайли, инновациявий менежмент атамаларини изоҳлашга бўлган ягона ёндашувни шакллантириш муаммоси туғилади. Шу муносабат билан, инновациявий менежмент назарияси ретроспективасини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги тушунчаларга яна бир бор алоҳида изоҳ бериб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Янгилик – самарадорликни ошириш бўйича фаолиятнинг бирор соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотлар, ишланма ва тажрибалар натижасидир.
Янгиликлар қуйидаги кўринишларда бўлиши мумкин:
кашфиётлар;
товар белгилари;
рационализаторлик таклифлари;
янги такомиллаштирилган маҳсулот ёки технология ҳужжатлари;
ноу-хау;
илмий ёндашувлар ёки тамойиллар;
маркетинг тадқиқотлари натижалари ва ҳ.
Асосий мақсад – янгиликни жорий этган ҳолда уни инновация шаклига айлантириш, яъни инновациявий фаолиятни тугаллаш ва ижобий натижага эга бўлган ҳолда инновациялар диффузиясини давом эттиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |