11-Мавзу. Дин маданият феномени мавзу режаси



Download 63 Kb.
bet4/6
Sana03.06.2022
Hajmi63 Kb.
#631058
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
12-мавзу Дин маданият феномени

4. Фуқаролик жамияти кишилар ўртасидаги муносабатларнинг юксак маданий савия ва теран маънавий заминга асослангани билан ажралиб туради. Бундай жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги, уларнинг мўътабар ва ҳатто, муқаддас саналиши барқарор бўлади. Муайян инсоннинг қадр-қиммати, одамлар орасидаги меҳр-оқибат, самимийлик, ахлоқий поклик, инсофу адолат ва инсонпарварлик каби энг эзгу умуминсоний қадриятлар фуқаролик жамияти ҳаётининг ҳақиқий мезонларидир. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда кечаётган давлат ва жамият қурилиши жараёнида том маънодаги виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида урғу берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган давлат ва жамият қурилишининг бош мақсадлардан бири – инсон фаровонлиги таъминланган, ижтимоий адолат ва қонунийлик устуворлик қиладиган, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигига асосланган жамиятни барпо этишдир. Бу, энг аввало, юксак маънавият ва ҳурфикрлиликка асосланган, виждон эркинлиги амалда барқарор бўлган жамиятни барпо этиш демакдир. Бундай жамиятни қуриш эса, биринчи навбатда, кенг маънодаги виждон эркинлиги, жумладан, диний эътиқод эркинлигини таъминлашни тақозо этади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу ҳаётий масалага умумэътироф этилган демократик тамойиллардан келиб чиқиб ёндашилган.
5. Ҳуқуқий категория сифатида – виждон эркинлиги, бир томондан, эътиқод эркинлигини, иккинчи томондан эса, ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини ифода этади. Ахлоқий нуқтаи назардан виждон эркинлиги – бу муайян инсоннинг фикрлаш тарзи ва шахсий маънавий эътиқодига мос хатти-ҳаракат қилиш ҳуқуқидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни 1991 йилда қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди. Давр талаблари асосида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунни тубдан ўзгартириш зарурати туғилди ва у 1998 йил 1 май куни янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбекистон халқига азалдан хос бўлган хислат – бағрикенглик биз учун анъанавийдир. Ўзбекистон ҳудуди азалдан турли урф-одат, маданият, тил, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани ерлик халқнинг диний ва маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатган. Миллати ва диний қарашидан қатъи назар инсонни ардоқлаш ва ўзгаларни қадрлаш, катталарга ҳурмат ва бошқаларни иззат қилиш каби туйғулар Марказий Осиё халқларининг юксак сифатларидир. Айнан шу омиллар халқимизнинг нафақат маънавий-маърифий, балки динлараро мулоқотининг маънавий асосини ташкил қилади.
Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасидаги қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
1. Динларнинг ўзаро муносабати ҳамкорлик, ҳамдўстлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида амалга оширилади. Бундай муносабатларнинг сабабларидан бири ҳозирги вақтда дунёда умуминсоний манфаатлар ва қадриятларнинг мамлакат, халқ ва ижтимоий гуруҳлар манфаати ҳамда қадриятларидан устун туришидадир. Бугунги кунда дунёдаги ривожланган давлатлар демократия, инсонпарварлик ва дунёвийлик тамойилларига амал қилган ҳолда тараққий этмоқда. Уларда виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатланиб, толерантлик ҳал қилувчи тамойил сифатида эътироф этилмоқда.
2. Глобаллашув, ахборот оқимининг кучайиши, интеграциялашув шароитида виждон эркинлиги ва бағрикенглик тамойиллари асосида динлараро соғлом мулоқотнинг интенсивлашуви, диний онг ва маданиятнинг ривожланиши жараёни содир бўлмоқда. Диний жараёнларнинг глобаллашуви тезкор интернет тизими, юксак технологиялар орқали жаҳон динлари ўртасида ўзаро таъсирнинг кучайиши, диний ташкилотлар сонининг ортиб бориши шароитида амалга ошмоқда. Кейинги йилларда диний таълим жаҳон миқёсида юқори суръатлар билан ўсмоқда. Бу жаҳоннинг бир қатор ҳудудларида динга қўйилган тўсиқларнинг бекор қилиниши, диний эътиқоднинг қайта фаоллашуви, диний қадриятларнинг қайта тикланиши, диний маърифатга бўлган муносабатнинг ўзгариши, бир қатор диний ўқув юртларининг барпо этилиши билан боғлиқ ҳолатда амалга оширилмоқда. Ахборот технологияларининг кескин юксалиши диний мазмундаги маълумотларни, хабарларни глобал миқёсда кенг ёйилишини таъминламоқда. Диний ахборот инсон ва жамият ҳаётининг муҳим ресурси бўлиб қолмоқда.
3. Дин истиқболига доир футурологик масалалар дунёвий жамият тўғрисидаги ғояларнинг ривожланиб бориши билан шаклланган секулярлашув концепцияларида ўз аксини топиб келмоқда. Ушбу йўналишдаги барча концепцияларда тараққий этган мамлакатларда диннинг жамият ҳаёти соҳаларига таъсирининг тобора пасайиб, дунёвийликка асосланган ҳаёт тарзининг мустаҳкамланиб бориши ҳақидаги қарашлар қабул қилинган. Секулярлашувга бағишланган назарияларда динларнинг тақдири билан боғлиқ масалалар юзасидан таҳлилий мулоҳазаларга эътибор бериладиган бўлса, табиий равишда инсоният истиқболида динийликдан дунёвийликка ўтиб, ривожланиб борувчи жамият қурилиши модели устувор бўлиши тўғрисидаги хулоса илгари сурилади. Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида ривожланар экан, дин билан давлат муносабати диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш, диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш, диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш асосида амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда дунёвий турмуш тарзига диннинг мослашиш жараёнини ифодалаш ва дин билан сиёсатнинг ўзаро нисбатини тавсифлаш учун илмий адабиётларда “секуляризация” атамаси ҳам кенг қўлланилмоқда. Жамият ҳаётида дин ўзида фақатгина диний ақида ва ибодатларни камраб олиш билан кифояланмай, аввало ўзига умуминсоний ахлоқ меъёрларини сингдирган ва уларни умуммажбурий ҳулқ–атвор қоидаларига айлантира олган. Жамиятда турли миллат ва дин вакилларининг баҳамжиҳат яшашида, жамият аъзоларида эртанги кунга ишонч ҳиссини мустаҳкамлашда, турли ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида, энг муҳими умуминсоний ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан–авлодга етказишда диннинг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган бўлсада, мамлакатдаги маданий-маънавий анъналарнинг ажралмас қисми ва аҳоли маънавий камолотининг асоси сифатида қаралади. Дин кишилар менталитети, ахлоқи ва маданияти билан диалектик алоқадордир. Шу сабабли ҳам, ҳар қандай дунёвий давлатда жамиятнинг бирдамлиги, ўзаро аҳиллиги, жипслиги, тинчлиги ва барқарорлигини сақлашда дин ўзининг алоҳида ўрнига эга.
4. Ислом таълимотига кўра, инсонларнинг дини, жони, насаби, ақли ва молига фойда келтирадиган ҳар қандай амал диний жиҳатдан ҳам маъқулланиб, савобли иш ҳисобланган. Исломда дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмай, балки, диннинг муқаддас манбалари-Қуръони Карим ва Ҳадисларда ҳам инсон бу дунёси учун ҳам ҳаракат қилиши кераклиги уқтирилади. Жумладан, “Бақара” сураси 201-оятда: Яна шундайлари борки, улар:”Эй, Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”,-дейдилар. Қуръони Каримда диний ҳаёт тарзини мажбурлаб сингдириш мумкин эмаслиги таъкидланади. Ҳадиси шарифдаги “Сизларнинг яхшиларингиз дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни унутмаганларингиз” деган ҳикматнинг мазмун-моҳияти ҳам дунё ва охират ишини уйғунлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтади. Дунёвий ишлар шахс ва жамият манфаатларини кўзлар экан, улар дин таълимотларида доимо қўллаб-қувватланган. Дин жамият ҳаётида дунёвий ишларнинг маънавий жиҳатларини савоб ёки гуноҳ тушунчалари орқали тартибга солиб турган. Динийлик ва дунёвийлик масаласи давлатчилик мавзусига ҳам тааллуқли масала бўлиб, ислом дини таълимотида давлат сиёсий тузилмасининг умумий тамойиллари - тенглик, эркинлик, адолат ва машваратдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилган.
5. Бугун Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш жараёнида дунёвийлик тамойили ва диний қадриятлар уйғунлиги масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Дунёвийлик тамойили Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни билан ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган бўлиб, халқимиз диний эътиқодни чуқур ҳурмат қилган ҳолда дунёвий тараққиёт йўлидан бормоқда.
Дунёвийлик диний қадриятларни ҳурмат қилган ҳолда ақл-заковат, билим ва тажрибани ишга солиш, эл-юртни обод қилишга ҳисса қўшиш, халқнинг ҳурматини қозонишни ўзида ифодаламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, - Дину диёнатимиз, ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, инновация ва тараққиёт ютуқлари билан қуролланиб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта етамиз1.
Ҳозирги даврда тараққий этган мамлакатларда диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлиб, уларнинг давлат ва нодавлат идоралар билан алоқаси қонунлар асосига қурилган. Давлат диний ташкилотларнинг ички ишига аралашмасдан, уларнинг фаолиятини қонунчилик орқали тартибга солади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам турли объектив ва субъектив сабабларга кўра динга қизиқиш кучайиб, халқимиз тарихи ва маданиятини чуқурроқ билиш, ўзлигимизни қайтадан кашф этиш, қадриятларни қайтадан баҳолаш зарурияти туфайли динга муносабат ўзгармоқда. Бугунги кунда динни ўрганиш жараёнида унинг ахлоқий таълимоти ва тарбиясига, фалсафасига, ижтимоий-амалий меъёрларига, қадриятлар мажмуасига эътибор кучайтирилмоқда. Маданий меросга илмий ёндашишнинг мезонлари инсонпарварлик, ватанпарварлик, халқчиллик ва тараққийпарварликдан иборат бўлиб, Ўзбекистонда ислом маданий меросига умуминсоний маданият, умуминсоний ва миллий қадриятларни ўзлаштириш, маданият ва ахлоқий билимларнинг асоси сифатида муносабатда бўлинмоқда.
Муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз меросида доимо ҳалол меҳнат билан яшаш, ватанпарварлик, мардлик, саховат ва камтарлик улуғланиб келган. Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа кўплаб алломаларимиз тарғиб қилган исломий қадриятлар маънавий ҳаётимиз ва дин-диёнатимизнинг кўзгуси бўлиб ҳисобланади. Улуғ алломаларнинг маънавий мероси ёшларни эзгу ишлар билан шуғулланишга, ватанпарвар бўлишга, ҳалол меҳнат қилишга ундайди. Ватанимиз ҳудудида яшаб фаолият кўрсатган аждодларимиз Ислом динини юксак маданият ва цивилизация даражасига кўтаришганини бутун мусулмон олами эътироф этади.
Имом Бухорий, Бурхониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Ахрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган, - дейди Президент Шавкат Мирзиёев, - ...Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир2. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш таклифини билдириб, бу резолюциянинг қабул қилиниши дунё мамлакатларида тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Тарихий маънавий меросимизда Бухоро ҳанафия мазҳаби илмий марказининг вужудга келиши мусулмон оламида улуғ аллома саналган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди, буюк фақиҳ Абу Ҳафс Кабир ва у тарбиялаб етиштирган олимлар билан боғлиқ бўлса, Самарқанд илмий марказининг асос солинишида Имом ал-Бухорий, Имом ад-Доримий, Абу Мансур Мотуридий кабиларнинг хизматлари катта бўлган. Бу иккита илмий марказдан ислом оламида машҳур бўлган бир неча минглаб алломалар етишиб чиққанлар. Улар орасида Абу Ҳафс Кабир Марказий Осиёда фиқҳ илмига асос солди, Имом Бухорий ҳадис илмининг султони даражасига етишди. Абу Мансур Мотуридий суннийликда калом мактабини яратди. Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ илмининг қонунларини ҳужжатлаштириб берди. Абу Бакр Колободий тасаввуфнинг илмий асосларини ишлаб чиқди. Буларнинг бари ислом илмининг тараққий этишига хизмат қилди. Шу даврда ҳар икки илмий марказнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган улуғ алломалардан бири, буюк фақиҳ Абу Зайд Дабусий бўлди. Барча исломий илмлар асосан саккиз қисмга ажратилиб, уларга илми тафсир, илми усул ул-хадис, илми ҳадис, илми усул ул-калом, илми калом, илми усули фиқҳ, илми фиқҳ, илми тасаввуф каби илмлар киритилган.
Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда билдирган таклифларига кўра вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослаштирилган 5 та илмий мактаб очилди. Ушбу маърифат марказлари эндиликда бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Шу йўл орқали аҳолининг диний радикаллашувининг олди олиниб, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтириш кўзда тутилган. Хусусан, 2017 йил 8 ноябрда Самарқанд вилоятида Калом илми мактаби, 10 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида Ақида илми мактаби ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд Тасаввуф илми мактаби ҳамда 13 ноябрь куни Фарғона вилоятида Ислом ҳуқуқи мактаби, 2018 йил 16 апрелда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби каби мактаблар иш бошлади. Бу илмий мактабларнинг фаолиятидан кўзланган асосий мақсад ислом динини чуқур ўрганиш ва унинг маърифатпарвар ғояларини кенг жамоатчиликка, шу жумладан, оддий фуқароларга етказишдан иборатдир. Бугунги кунда ислом дини халқаро майдонда ҳам муҳим аҳамият касб этиб, бир қатор ислом ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
1. Ислом оламида энг йирик ва нуфузли, расмий, 57 та давлат аъзо бўлган халқаро ислом ташкилоти Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)дир. ИҲТ 1969 йилнинг 25 сентябрида Марокашнинг пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари биринчи йиғилишида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда ислом ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Бу ташкилотнинг асосий мақсади мусулмон бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий соҳаларда ҳамкорлик қилиш, барча мусулмонларни ўз қадриятлари, мустақиллиги ва миллий ҳуқуқларини таъминлаш учун қўллаб-қувватлаш, муқаддас жойларни мухофаза қилиш, адолатлик асосида халқаро тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш, ташкилотга аъзо мамлакатлар ва ўзга мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувни рағбатлантиришдан иборатдир.
2. Халқаро ислом ташкилотларидан бири Ислом олами уюшмасидир. Ислом олами уюшмаси – дунёнинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон арбобларини бирлаштирган ҳалқаро ислом ташкилотидир. У 1962 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Маккада бўлиб, Риёз, Жидда ва Мадина шаҳарларида ҳам бўлимлари мавжуд. Ташкилотнинг мақсади Ислом таълимотини бутун дунёга тарқатишдир. Ташкилот кенг миқёсдаги хайрия, инсонпарварлик фаолиятини олиб боради. Саудия Арабистони ҳукумати ИОУдан ислом динининг муқаддаслиги ва софлигини дунёга танитиш ҳамда обрўсини оширишда фойдаланишга ҳаракат қилади.
3. Диний таълим соҳасида фаолият олиб бораётган илм-фан муассасаларидан бири “ал-Азҳар” мажмуаси бўлиб, Мисрнинг пойтахти Қоҳирада жойлашган “ал-Азҳар” мажмуаси дунёдаги энг қадимий таълим ва илм-фан муассасаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда “ал-Азҳар” мажмуаси ислом қонунчилиги ва араб тили бўйича турли араб ва ислом мамлакатлари учун мутахассислар тайёрлаб келмоқда. “Ал-Азҳар” кўпроқ университет сифатида бутун жаҳонга танилган бўлсада, унинг таркибига университетдан ташқари, ўрта ва махсус мактаблар, илмий марказлар, масжидлар ҳам киради. Бугунги кунда “ал-Азҳар” мажмуаси ислом дини масалалари бўйича дунёдаги етакчи марказ ҳисобланади. Ҳозирда “ал-Азҳар” мажмуасининг фаолияти нафақат араб дунёси, балки бутун мусулмон оламида маданий, илмий ва маънавий уйғониш манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.“Ал-Азҳар” мажмуаси тинчлик ва саҳоват дини бўлган исломни мустаҳкамлаш, унинг инсонийлик ғояларини тарғиб қилишда фаолият кўрсатиб келмоқда.
4. Бугунги кунда фаолият олиб бораётган диний ташкилотлардан бири Халқаро ислом фиқҳи академиясидир. Халқаро ислом фиқҳи академияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошидаги муассаса бўлиб, ушбу академия 1981 йилда Макка шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон мамлакатлари раҳбарлари олий кенгашида тузилган. Ушбу академиянинг ташкил этилишидан мақсад замонавий ҳаёт муаммоларини ўрганиш, улар ҳақида фаол ва асл ижтиҳод қилиб исломий илмий меросга асосланган ва исломий фикр тараққиётидан келиб чиққан ечимларни тақдим қилишдир.
1. Бир мақсад йўлида биргаликда ҳаракат қилиш учун бирлашган диндорлар ёки диний ташкилотлар бирлашмаси диний уюшмани ташкил қилади. Диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшмага диний ташкилот дейилади. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (1998) қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади. Тегишли устав (низом) асосида фаолият юритувчи республика диний уюшмалари Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистон мусулмонларига раҳбарлик қилувчи диний ташкилот бўлиб, мусулмонларни бирлаштириш, уларнинг ибодати учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ислом асосларини тарғиб қилиш, малакали дин ходимларини тайёрлаш, диний адабиётлар нашр этиш кабиларни амалга оширади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси давлатдан ажралган мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. Идора ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга риоя қилади. Олий органи – Олий ҳайъат ва Алломалар кенгаши бўлиб, раиси муфтий ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муфтийси Усмонхон Алимовдир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўпгина хорижий диний ташкилотлар билан алоқа ўрнатган.
2. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2276 та диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Бу диний ташкилотлардан 2093 таси исломий, 183 таси ноисломий диний ташкилотлар бўлиб, уларнинг ичида 166 та христиан черкови, 8 та яҳудий ибодатхонаси, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та кришнани англаш жамияти мавжуддир.
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида бой тарихий маънавий мерос ва миллий қадриятларни тиклаш масаласига катта эътибор қаратилиб, тарихий маънавий меросимизда эса дин омили муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистонда тарихий, маънавий меросни тиклашда Қуръону карим, Ҳадису шариф, Шарқ мутафаккирларининг адолатли жамият қуриш, комил инсонни тарбиялаш масаласига тааллуқли бўлган маънавий меросига катта эътибор қаратилмоқда. Миллий урф-одат, анъана, удумлар ва маросимларга диний омил бевосита таъсир кўрсатган бўлиб, давлатчиликнинг ташкил топиши, ҳуқуқий тизимнинг такомиллашиши миллий ғоя, маънавият тарбияси, одат ҳуқуқидаги диний қадриятлар га бевосита боғлиқ дир.
3. Ўзбекистонда дунёвий давлат барпо этилмоқда. Лекин давлат диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган ҳолатда ўз сиёсатини олиб бормоқда. Ўзбекистон Конституциясига кўра барча фуқаролар учун виждон эркинлиги кафолатланган. Мазкур конституциявий норма негизида Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратмоқда. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборат бўлиб, ушбу жараёнда дин омилига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири бўлиб, халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш масаласи давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
4. Ҳозирги даврда инсон, жамият ҳақидаги масалада диний ва дунёвий дунёқарашлар ўртасида диалог олиб борилмоқда. Дин цивилизациялар маънавий бирлигини кучайтиришнинг, социомаданий соҳадаги ҳиссий ва илоҳий элементларнинг гармоник бирлигини тиклашнинг омилига айланиб бормоқда. Шарқ дунёқарашида динийлик ва дунёвийлик кескин ажралиб турмайди. Унда диний, фалсафий қарашлар ўзаро чирмашиб кетган. Шарқ фалсафасида ишлаб чиқилаётган ғоялар диний моҳиятга эга бўлсада, инсоннинг фалсафий дунёқарашини кенгайтиради. Ўзбекистоннинг миллий мафкураси ўзининг дунёвий ва диний илдизларига эга бўлиб, бу дунёвий ва диний илдизлар Ўзбекистонда адолатли, инсонпарвар жамият қуришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий давлат дунёвийлик асосида ривожланиб, фуқароларда илмий билимлар асосида дунёвий дунёқараш шакллантирилмоқда. Диний билимлар, диний дунёқарашга маънавий мерос, қадрият сифатида муносабат шакллантирилиб, инсон камолоти, жамият тараққиётига ёрдам берувчи диннинг ахлоқий, тарбиявий жиҳатларидан ижобий тарзда фойдаланилмоқда. Глобаллашув шароитида диний ва дунёвий дунёқарашлар, мафкуралар ўртасида ўзаро мулоқот жараёнлари кучайиб бормоқда. Демократия тамойиллари жамият ҳаётида кучайиб борган сари диний ва дунёвий мафкуралар ўртасидаги муносабатларда ҳамкорлик, ҳамжиҳатлак алоқалари мустаҳкамланмоқда. Фуқаролар маънавиятини юксалтириш, улар онгида бағрикенглик, ҳамкорлик муносабатлари руҳини шакллантиришда ҳам диний ва дунёвий дунёқарашлар уйғунлигининг аҳамияти катта бўлмоқда. Миллий мафкурада диний ва дунёвий қадриятлар ҳамоҳонгликда, ягона мақсаднинг қирралари сифатида намоён бўлиб, фуқаролар дунёқарашининг шаклланишида муҳим ўрин тутмоқда.
5.Фанда дин ва диний дунёқарашнинг пайдо бўлиб шаклланишига оид икки хил ёндашув мавжуд бўлиб, биринчи ёндашувга кўра диннинг пайдо бўлиши бевосита инсон ва жамиятнинг яратилишига боғлиқ деб ҳисобланади. Худо илк инсонларни яратиши билан уларга Ўзини танитди, натижада инсон илк динга эътиқод қила бошлади. Бундай қараш фанда “теологик ёндашув” деб номланади. Бугунги кунда мавжуд бўлган ҳар қандай диний таълимот ўзининг пайдо бўлишини инсон ва жамиятнинг яратилиши – илк инсон билан боғлашини кўриш мумкин. Мазкур таълимотлар динларнинг муқаддас манбаларида баён қилинган бўлиб, Ислом динида бутун ер юзидаги инсоният Одам Ато ва Момо Ҳавонинг авлодлари бўлиб ҳисобланади. Теологик ёндашувга кўра, турли буюмларга сиғиниш ва кўпхудолик, жумладан анимизм, тотемизм, фетишизм ва шомонлик яккахудолиликдан кейин юзага келган.
Диннинг келиб чиқиши ҳақидаги иккинчи ёндашув уни фан тараққиёти билан боғлиқ ҳолда тушунтириб беришга ҳаракат қилади. Мазкур қарашларнинг пайдо бўлиши антик даврга бориб тақалиб, илк бор қадимги юнон файласуфлари томонидан илгари сурилган эди. Инсон ва жамиятнинг пайдо бўлиши тадрижий тараққиётнинг натижаси эканлиги, инсонда онг тафаккурнинг пайдо бўлиши илк диний тасаввурларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлганлиги фандаги ютуқларга таянган ҳолатда асосланади. Рационализм инсон дунёни ақл ёрдамида билиши, тушуниши мумкинлигини эътироф этади. Ҳурфикрлилик диний ақидаларга танқидий ёндашиб, дунёни, инсонни, жамиятни ўз давридаги фан ютуқларига таянган ҳолда тушунтиришга ҳаракат қилди. Чарльз Дарвин, Август Комт, Людвиг Бухнер ва бошқаларнинг қарашларига таянилган ҳолда дин бу ижтимоий ҳодиса, инсон тафаккури, ҳиссиётининг маҳсули. Динлар соддадан – мураккабга, умумийликдан – хусусийликка, кўпхудоликдан – яккахудоликка томон узоқ тарихий тадрижий тараққиёт жараёнини босиб ўтган, деган ёндашув илгари сурилди.
Бугунги кунда дунёда турли динларга эътиқод қилувчи кишилар мавжуд бўлиб, шу билан биргаликда тарихнинг маълум пайтларида пайдо бўлиб, ўз цивилизацияларининг йўқ бўлиши билан ўз аҳамиятини йўқотган қадимги Миср, Юнонистон, Қадимги Рим, Месопотамия, Урарту, Хетт, Қадимги герман ва славянлар, Америка ҳиндуларининг дини каби динлар мавжуд бўлган. Қадимги Марказий Осиёда тангричилик, зардуштийлик, монийлик каби динларга эътиқод қилинган. Шу билан биргаликда яҳудийлик дини иудаизм, Ҳиндистон динлари вейдизм, вишнуизм, шиваизм, брахманлик, ҳиндуизм, жайнизм, сикхизм, Хитой динлари конфуцийчилик ва даосизм, Япон дини синтоизм, жаҳон динлари бўлиб ҳисобланган буддавийлик, христианлик, ислом динлари пайдо бўлиб, улардан айримлари ўз мавқеларини йўқотган бўлсалар, айримларига жаҳондаги кўпчилик одамлар эътиқод қилиб келмоқдалар. Бугунги кунда глобаллашув, ахборотлашув шароитида дунёнинг диний манзарасида жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Геополитик мақсадлар, меҳнат миграциясининг кучайиши, яхши ҳаётни орзу қилиб бошқа ҳудудларга кўчиш натижасида авваллари асосан христианлар яшаб келган Европада мусулмонлар сони кўпайиб бормоқда. Ҳозирги пайтда ислом дини эътиқод қилувчилари сони энг тез кўпайиб бораётган дин ҳисобланади. Шунингдек, аҳолиси анъанавий равишда буддавийлик ва исломга эътиқод қилиб келган ўлкаларда христианликни ёйишга интилиш кузатилиб, мазкур жараён айрим христиан ташкилотлари ва йўналишларининг фаол миссионерлик ҳаракати натижасида содир бўлмоқда.
Хозирги даврда диний ва дунёвий дунёқарашлар уйғунлиги фуқаролар ахлоқий ва эстетик тарбиясида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Инсон ва жамиятнинг маънавий камолотида илмий билимлар билан биргаликда диний эътиқод алоҳида ўрин тутиб, у ислом қадриятлари ва руҳий билимлар мағзини, эзгулик ва покликка даъват этувчи ўгитларни одамлар қалбига сингдиришда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Ислом дини асрлар давомида халқимизнинг муқаддас эътиқоди, маънавий ҳаётининг дастуриламали бўлиб келиб, миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз бўлган исломий ахлоқ-одобдан юксак маънавиятли авлодни тарбиялашда фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Ислом жамият аъзоларини энг юксак башарий фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаб, уларга инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, ҳалоллик, бошқа динларга эҳтиром кўрсатиш, олижаноблик ва ахлоқ каби тушунчаларни сингдиради.
Ислом дини ўзининг маънавий поклиги туфайли янги демократик давр талабларига жавоб бера олади. Исломнинг кундалик ҳаёт билан чамбарчас алоқаси шундаки, у ҳар бир одамнинг ўзлигини англашига имкон беради, шунингдек уларда одамларнинг ўзаро қон-қардош ва биродар эканликларини тан олиш ҳиссини тарбиялайди. Ислом дини инсонларнинг тенглиги, савоб ишларнинг муҳимлиги ҳақида таълим бериб келди. Ислом дини негизида вужудга келган тасаввуф тариқати илм-фан, маданият ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатди. Тасаввуф таълимотига кўра билимнинг боши юксак ахлоқ-одобдан бошланиб, ахлоқий меъёрлар, қоидаларнинг муайян тизими тасаввуфнинг амалий қисми, яъни моҳиятини ифодалайди. Марказий Осиё халқлари Уйғониш даври маънавий маданиятининг шаклланиши ва тараққиёти, унинг фалсафий-илмий ва бадиий-эстетик йўналишлари моҳиятини тушунишда тасаввуфнинг ўрни ва аҳамияти муҳимдир. Тасаввуф таълимотида комил инсон масаласи Аллоҳга яқин бир вужуд сифатида қаралади. Дунёвий билимларни ўрганиш, шариат илмини, илоҳий билимларни эгаллаш ва унга амал қилиш - ҳаммаси инсон камолотининг муҳим жиҳатлари сифатида эътироф этилади. Комил инсоннинг сифатлари тасаввуфда, динда, илм аҳллари орасида ўзига хос тарзда талқин этилади. Шариат аҳли назарида комил инсон - фарз-суннатнинг амалларини адо этувчи мўмин-мусулмон ҳисобланса, дунёвий илм намоёндалари унга аклли зот, деб таъриф берадилар. Тасаввуфда эса комил инсон бўлиш учун инсон фозиллик, ақллилик, одиллик, мўмин-мусулмонликни бекаму кўст бажариши зарур деб ҳисобланади. Комил инсонда яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маърифат намоён бўлади. Тасаввуфнинг маънавий баркамол инсон тарбияси билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик, софлик, ҳақиқат, гўзаллик, камолот гоялари бугунги кунда баркамол инсонни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Диний илмлар инсонни руҳий ва маънавий юксакликка етакласа, дунёвий илмлар дунёнинг моҳиятини англаш ва инсоннинг тафаккурини шакллантириш учун хизмат килади. Ислом дини аввал бошиданоқ инсонни ўқиб-ўрганишга ва илм воситаси билан дунёни англаб етишга тарғиб қилиб келган. Жамият ҳаётида ахлоқий ва эстетик тарбия диний ва дунёвий билимлар ҳамда одамлар меҳнати ва маиший ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ривожлантирилган. Ислом маданияти бугунги кунда илм-фан, билимлар, одоб-ахлоқ, ҳуқуқий меъёрлар ҳамда гўзалликлар воситасида англаниб, тарбия жараёнида қўлланилиб келинмоқда.
Диний урф-одатлар тарихий маънавий мерос ва миллий қадриятларнинг тикланишида, шахс дунёқараши ва тафаккурининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Диний урф-одат ва маросимлар фуқароларнинг диний таълимотлардан, уларнинг қонун қоидалари ва ақидаларидан келиб чиқадиган диний фаолият ва хатти-ҳаракатларидан иборатдир. Диний урф-одат ва маросимлар диний эътиқод ва ибодатнинг амалдаги кўриниши бўлиб ҳисобланади. Ислом динида ақиқа, амри-маъруф, хатна, рўза тутиш ва рамазон ҳайити, қурбонлик қилиш ва қурбон ҳайити, намоз, ҳаж, жаноза, суннат, никоҳ ва бошқа урф-одат ва маросимлар мавжуд бўлиб, бу урф-одат ва маросимлар миллий қадриятлар билан уйғунлашиб кетгандир. Ўзбекистонда диний урф-одат ва маросимларнинг эркин ўтказилиши таъминланади, аммо бунда қонунлар ва жамоат тартиби бузилмаслигига, шаҳсга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқига даҳл қилинмаслигига эътибор қаратилади. Диний урф-одат ва маросимлар ибодатхона, диний ташкилот муассасалари, зиёратгоҳлар, фуқароларнинг хонадонларида ўтказилиб, халқимизнинг миллий ўзлигини англашида, тарихий хотирасининг тикланишида, миллий қадриятларнинг янада такомиллашиб боришида муҳим аҳамият касб этади. Диний маросимлар диндорларда Аллоҳга итоаткорлик ҳиссини уйғотишга қаратилган одатларни ўзида ифодалайди.
Диний толерантлик ва плюрализм жамиятда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омилидир. Толерантлик лотин тилидаги tolerantia – сўзидан олинган бўлиб, сабр – тоқат деган маънони билдиради. Толерантлик бағрикенгликни – ўзгаларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори, одатлари, ҳис-туйғулари, фикр-мулоҳазалари, ғоялари ва эътиқодларига нисбатан тоқатли бўлишни ўзида ифодаласа, плюрализм лотин тилида pluralis – кўплик деган маънони билдиради. Плюрализм жамият ҳаётида манфаатлар, ғоялар, қарашларнинг кўплигини билдириб, кўплаб конфессия ва диний ташкилотлар бўлган Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари толерантлик ва плюрализмга таянилган ҳолда олиб борилмоқда. Диний толерантлик хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби ҳусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Барча динларда инсон ҳаётининг моҳияти, мазмуни, кишилар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий, ахлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш масаласи ўз ифодасини топгандир. Ўзбекистон ҳудудида ислом дини қарор топганига қадар зардуштийлик, буддавийлик, монийлик, христианлик, маздакийлик, шомонийлик каби динлар мавжуд бўлиб, улар негизида ўша даврда барчасининг синтези натижасида бетакрор маданият вужудга келган. Ҳозирги пайтда динлараро толерантлик ғояси нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан Ватанимиз ҳудудида ислом, христианлик, иудаизм каби динлар ёнма-ён яшаб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларда масжид, черков ва синагогалар мавжуд бўлиб, турли миллат ва динга мансуб бўлган қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келганлар. Ўзбекистон халқи динлараро бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаган. Ўзбекистонда давлат қонуний асосда барча динларга, барча эътиқод эгаларига тенг имкониятлар яратиб берган. Ватанимизда турли динлар ва дин вакиллари ўртасида умумбашарий қадриятлар асосида биродарликни мустаҳкамлашга муҳим эътибор берилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда турли конфессияларга мансуб бўлган диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз фаолиятини амалга ошириши ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топган. Толерантлик бизда умумий маънода бағрикенглик деб қабул қилинган. Ҳозирги кунда юртимизда турли динга эътиқод қилувчи дин вакилларнинг маънавий дунёси, эътиқод эркинлиги ва уни таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳозирда мамлакатимизда турли эътиқодга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳурмат ўрнатилиши учун барча шароитлар мавжуд. Ўз навбатида республикамизда ижтимоий сиёсий барқарорликни таъминлашда аввало миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тўлиқ таъминланган ва қонуний кафолатланган. Юртимизда барча динлар учун диний бағрикенгликнинг ўрнатилиши, турли дин вакиллари ўртасида ҳамкорлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ўрнатилишига ёрдам беради. Бу эса юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига бевосита хизмат қилади. Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ва мустахкамлаш, мамлакат миллий ғояси – “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш” нинг муҳим таркибий қисми ва шартидир. Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсатида диний плюрализмга амал қилиниб, ҳар бир дин вакилининг ўз диний эътиқодига амал қилиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Диний плюрализм – бир давлатда кўп диний конфессиялар ва уларга хос диндорлар гуруҳларининг мавжудлиги билан боғлиқ вазиятдир. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида турли диний конфессияларга мансуб диний ташкилотлар фаолият олиб бориб, уларнинг ичида насроний диний ташкилотлари, яҳудийлар ва баҳоийлар жамоалари, кришначилар жамияти ва буддавийлар ибодатхонаси каби диний ташкилотлар мавжуд. Мамлакатимизда диндорлар ўз диний байрамларини нишонлашларига кенг имкониятлар яратилган. Ноисломий диний ташкилотлар учун хорижда нашр этилган диний адабиётларнинг республика ҳудудига олиб кирилишига белгиланган тартибда кўмак кўрсатилмоқда. Сўнгги йилларда юзлаб масжид, черков ва ибодатхоналар қурилди ва таъмирланди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда диний плюрализмга асосланган ҳолатда давлатнинг дин соҳасидаги сиёсати олиб борилаётганлигини кўрсатади.
Дин ижтимоий ҳодиса сифатида социология, психология, антропология ва бошқа фанлар томонидан ўрганилиб, унинг жамият тараққиёти ва инсон камолотида тутган ўрни ва аҳамияти масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Дин жамият ҳаётида мавжуд бўлиб, ижтимоий жараёнларни ўзида акс эттиради. Дин билан жамият муносабатлари, бу муносабатлар ортидан келиб чиқувчи воқеа–ҳодисалар дин социологияси томонидан ўрганилади. Дин социологияси ижтимоий диний муассасаларни, диннинг давлат, халқ, оилага нисбатан муносабатини, дин соҳасида юзага келувчи ижтимоий воқеа–ҳодисаларни, турли дин жамоаларининг жамият билан бўлган муносабатларини асосий мавзу сифатида тадқиқ қилади. Дин социологиясининг асосий мавзуси, жамиятнинг асос шакллари ва диннинг ташқи кўринишлари билан ижтимоий жараёнлар, уларнинг тузилиши ва қонунларини ўрганишдан иборатдир. Дин социологияси диннинг ижтимоий ҳаётдаги кўринишларини, уларнинг ривожланиб боришини қонуниятли жараён сифатида ўрганади. Дин социологияси, бир томондан жамият ҳаётига, иккинчи томондан диний илмларга таянади, жамият ҳаёти ва диний таълимотларнинг ўзаро боғлиқлиги масаласига асосий эътиборни қаратади. бу икки асос устида якдилликни келтириб чиқаришга ҳаракат қилади.
Инсон руҳиятининг дин билан боғлиқлиги масалалари дин психологияси томонидан ўрганилади. Дин психологияси замонавий психологиянинг бир тармоғи бўлиб, диннинг инсон руҳиятига, ижтимоий онг ва муносабатларга, жамиятнинг маънавий ҳаётига кўрсатадиган таъсири масалаларини тадқиқ этади. Дин психологияси, аввало инсонга оид бўлган диний ҳаётнинг турли жиҳатлари ва соҳаларини психологик жиҳатдан ўрганади. Яъни дин психологияси диннинг психологик жиҳатини, шахснинг диний тажрибасини ва бу тажрибанинг турли кўринишларини баён қилишга ҳаракат қилади. Дин психологияси диннинг инсон руҳиятига ва унинг хатти–ҳаракатига таъсирини ўрганади. Инсоннинг диний эътиқоди, диний ҳис-туйғусининг шахс камолоти, жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти масаласига эътибор қаратилади. Дин психологияси диний эътиқодидан келиб чиққан ҳолда инсонни атрофлича ўрганади, диндорларнинг диний эътиқодига кўра ўзига хос гуруҳларини кашф қилади, буюк диний шахсиятларнинг ички ҳаётлари билан қизиққан ҳолда уларнинг руҳий ҳолатлари билан шуғулланади. Кишининг диний ҳис-туйғуси, тушунчалари ва яшаш тарзидаги ўзига хос жиҳатлари дин психологияси ўрганадиган соҳалардир. Дин психологияси шахсда дин туйғуси ва ҳиссининг қандай қилиб келиб чиққанлиги, шаклланишини, диний руҳий ҳолатларнинг жамият ҳаётига кўрсатадиган таъсирини ўрганади. Дин психологияси диндорликнинг шахс руҳиятига, диннинг ижтимоий жараёнларга кўрсатадиган таъсирини ўрганади. Дин антропологияси маданий антропологиядаги йўналиш бўлиб, у дин психологияси ва дин социологиясини ўзида ифодалайди. Дин антропологияси анъанавий жамиятдаги архаик эътиқод, янги динлар, янги диний харакатлар, магия, дин ва фан муносабатларида юзага келадиган муаммоларни ўрганади. Дин антропологияси маданий антропологиянинг бир қатор йўналишлари - психологик, иқтисодий, экологик, тиббиёт, санъат антропологияси билан ўзаро алоқадордир. Дин антропологияси диншуносликнинг турли йўналишлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, тафаккур, маданият, маросимлар, диннинг регулятив ва психотерапевтик функциялари дин антропологиясининг ўрганиш соҳаларидир.
Бугунги кунда давлат ва жамият қурилиши масаласида дунёвийлик тамойилига катта эътибор қаратилмоқда. Диншунослик фанида дунёвий моделни ўзида ифодаловчи секуляризация тушунчаси қўлланилиб, saecularis – лотин тилида дунёвий деган маънони билдиради. Секуляризация социологияда жамият ҳаётида дин ролининг пасайиши, диний анъаналар билан бошқариб келинаётган жамиятнинг диндан ҳоли бўлган, рационал меъёрлар асосида қайта қурилиши, жамият тузилишини дунёвий моделга ўтишини ифодалайди. Бугунги кунда баъзилар секулярлашувни динни жамиятга таъсир кучини тобора сусайтириб, йўқ бўлишигача олиб борадиган ортга қайтмас жараён деб ҳисобласа, бошқалар, секулярлашув – бу, фақат диннинг шаклан ўзгаришини ифодалайдиган, ўз умрини ўтаб бўлган диний эътиқод шакллари ўрнига янгиларининг пайдо бўлиши ва шу тариқа диннинг жамиятдаги аҳамиятининг сақланиб қолишини англатадиган жараён деб ҳисоблайдилар. Секулярлашув янгиланган шаклларда динларнинг жамиятдаги ўрнини ҳатто, кенгайишига олиб келадиган табиий, соғлом жараён деб ҳисобловчилар ҳам мавжуддир. Секулярлашув назарияларининг ичида келажакда диннинг фан, рационал тафаккур, дунёвий аҳлоқ меъёрларининг ривожланиши натижасида фаолияти чекланиши тўғрисидаги футурологик қарашлар ҳам бор. Замонавий диншунослик фани талқинларига кўра, секулярлашув туфайли дин ўзгариб боради, бироқ, у ўз аҳамиятини йўқотмай, инсонлар ҳаётида намоён бўлади.
Ҳозирги даврда ижтимоий фанларда секуляризация тушунчаси билан бирга постсекулярлик тушунчаси ҳам ишлатилмоқда. Постсекулярлик жамиятнинг янги сифат ҳолати бўлиб, бу босқичда ижтимоий маконга диннинг қайтиши содир бўлади. Ушбу ҳолатда секуляр реаллик билан дин ўртасидаги алоқаларнинг янги шакллари вужудга келади. Ҳозирги даврда диннинг ижтимоий, жамоат ва ахборот соҳасига қайтиши “постносекуляр жамият”га ўтиш ҳолати рўй бераётганлигини кўрсатмоқда. Жамият ҳаётига диннинг кириб келиши десекуляризация термини орқали ҳам ифодаланмоқда. Агар секуляризацияда янги, динсиз жамият қуриш ғояси асосий мақсад сифатида белгиланган бўлса, десекуляризацияда дин ижтимоий маконга кириб келиб янги “постносекуляр жамият” қуриш масаласига асосий эътибор қаратилмоқда. Глобал информацион маконнинг пайдо бўлиши ҳам постносекуляр жараёнларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Умуман олганда, олимлар муайян эътикод дин деб аталиши учун уч асосий хусусиятга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Булардан биринчиси, ғайритабиий илоҳ (ёки илоҳлар) хакидаги тасаввурнинг мавжудлиги. Хар бир динда топиниш объекти - Худо бўлиши шарт ҳисобланади. Мавжуд динлардаги Худо ҳакидаги тасаввурларни шартли равишда иккига - трансцендент ва имманент илоҳларга бўлиш мумкин. Трансцендент илоҳларга инсонлар оламидан ташқарида, инсонларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, қусур ва нуқсонлардан холи Худолар киради. Бунга мисол сифатида том маънода ислом динидаги Аллоҳ таоло ва қисман христианликдаги Ота Худо, яхудийликдаги Яхвеларни келтириш мумкин. Имманент илоҳлар деганда эса табиатнинг бир бўлаги сифатида тасаввур қилинган, инсонларга ўхшаб кетадиган, бироқ ғайриоддий яратувчилик, бузғунчилик, ризқлантирувчилик каби кучларга эга булган Худолар киради. Бундай турдаги илоҳлар кўпинча ё антропоморф (инсон қиёфасида) ё зооантропоморф (ярим одам ярим ҳайвон) ёки зооморф (ҳайвон) шаклда тасаввур килинади. Бунга мисол сифатида Кадимги Миср, Юнон, Рим цивилизациялари, замонавий Ҳиндистон, Хитой, Япония динларини санаш мумкин.



Download 63 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish