4. Агробизнес ва унинг турлари
Қишлоқ хўжалик соҳаларидаги тадбиркорлик фаолияти агробизнес дейилади. Агробизнес тушунчасига бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасига кирмайдиган, бироқ у билан боғлиқ бўлган фаолият билан шуғулланувчи бизнес турлари ҳам киритилади. Бу қишлоқ хўжалигига техникавий, таъмирлаш хизмат кўрсатиш, унинг маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик фаолиятидир. Қисқача қилиб айтганда, агробизнес агросаноат интеграцияси натижасида вужудга келган агросаноат мажмуасининг барча бўғинларни қамраб олади.
Агробизнес фаолиятининг мақсади истеъмол бозорини етарли миқдорда сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, саноатни эса хомашё билан узлуксиз таъминлаш орқали фойда кўришдан иборат.
Агробизнеснинг асосий шакли ва бирламчи бўғини фермер ва деҳқон хўжаликларидир. Чунки улар бевосита қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Бу хўжаликлар ўз ерида ёки ижарага олинган ерда иш юритиб, унда мулк эгаси ва ишлаб чиқарувчи фермернинг ўзи ва оила аъзолари ҳисобланиб, айрим ҳолларда ёлланма меҳнатдан фойдаланиш ҳам мумкин. Фермер хўжалигининг афзаллиги шундан иборатки, унда мулк ва меҳнат бевосита қўшилади, бу эса ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлигини таъминлайди. Фермер хўжаликлари мустақил тузилма бўлиш сабабли ўз фаолиятини бозор конъюнктурасига тез мослаштира олади. Унда иқтисодий манфаат ва пировард натижа учун масъулият битта фаолиятнинг икки томонини ташкил қилади. Буларнинг ҳаммаси фермер хўжалигининг яшовчанлигини таъминлайди.
Республикада ислоҳотларни амалга оширишнинг дастлабки босқичларидаёқ, Президентимиз Ислом Каримов фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асоси сифатида фаолият кўрсатиши лозимлигини таъкидлаб ўтган эди. Шу сабабли республикамизда қишлоқ хўжалигини фермерлаштириш аграр ислоҳотларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Республикада бу жараён зарар кўриб ишлаш натижасида оғир аҳволга тушиб қолган давлат хўжаликларининг таркиби фермер хўжаликларидан иборат ширкатлар уюшмасига айлантириш, мавжуд давлат ва жамоа хўжаликлари таркибида улар ресурслари ҳисобидан фермер хўжаликлари ташкил этиш ҳамда деҳқонларнинг мол-мулклари негизида деҳқон хўжаликларини таркиб топтириш йўли билан боради. Фермер хўжалигининг барча ташкилий шаклларининг умумий томони шундаки, улар ижарага олинган давлат ерида фаолият кўрсатади. Фермер ва деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш, ривожлантириш ва улар фаолиятини тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги қонунларга ҳамда қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бошқа ҳуқуқий битимларга ва ҳукумат қарорларига асосланади.
Бу қонуний ҳужжатларда фермерларга ажратилган ерларни мерос қилиб қолдириш шарти билан узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан, бирга бу хўжалик учун ерларнинг унумдорлигини сақлаш ва оширишда давлат томонидан кафолатлар яратиш йўли билан уларни ҳимоялаш тизими вужудга келтирилди. Шундай қилиб фермер хўжаликларини ривожлантиришни рағбатлантириш учун ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий шарт-шароитлар яратилди.
Республикада фермер хўжаликлари самарали ишлаши учун зарур хизмат кўрсатувчи инфратузилма – агрофирмалар, машина-трактор парклари, таъмирлаш устахоналари, тайёрлов пунктлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи кичик корхоналар тизими шаклланди.
Шу вазифани бажариш йўлида кейинги йилларда ҳам қишлоқ ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш дастурини амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.
Агробизнес турларидан бири агрофирмалардир. Агрофирма маълум турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва уни пировард маҳсулот даражасигача қайта ишлашни қўшиб олиб борадиган корхонадир.
Агрофирмалар ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам саноатга хос ресурсларни ишлатиб, истеъмолга тайёр бўлган маҳсулот яратади. Мазкур турдаги корхоналар турли мулкчиликка асосланиши, чунончи оилавий хўжалик асосида ҳам ташкил топиб, кичик заводлар билан бирикиши мумкин. Агросаноат бирлашмалари ва комбинатлари агробизнеснинг янги турларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |