Ўсимликлар таркибидаги ошловчи моддалар.
Ошловчи моддалар тушунчаси ўзаро генетик боғланган ўсимлик полифеноллари, танидлар ва флобафенлар мажмуасини англатади ва улар терини юмшатиш – ошлаш ва буруштириш хусусиятига эга.
Ҳайвонларнинг хом терсини ошлаш хусусиятига эга ва кўп атомли феноллар унумидан ташкил топган ҳамда ўсимликлардан олинадиган юқори молекулали заҳарсиз мураккаб органик бирикмалар ўсимликнннг ошловчи моддалари – танидлар деб аталади. Ошлаш жараёнида ошловчи моддалар терининг оқсил моддалари билан бирикиб, эримайдиган бирикма ҳосил қилади. Натижада ҳайвонлар териси ўзидан сув ўтказмайдиган, чиримайдиган, эластик ва шу каби хусусиятларга эга бўлади.
Ошловчи моддаларнинг бу хусусиятига полифенолларнинг ҳамма унумлари эга бўлавермайди. Терини ошлай оладиган полифеноллар молекула оғирлиги 500 билан 3000 ўртасида бўлиши лозим. Полифеноллар молекула оғирлиги 500 дан кам бўлганда, улар оқсил моддалар билан адсорбция бўлса ҳам, турғун бирикма ҳосил қила олмайди. Молекула оғирлиги 3000 дан ортиқ бўлган полифеноллар эса молекулаларининг йириклиги сабабли коллагеннинг фибринлари орасидан сизиб ўтиб, турғун бирикма бериши қийин.
Полифеноллар терини ошлаш xycycиятига эга бўлиши учун улар молекуласи таркибида етарли миқдорда гидроксил гуруҳи (ҳар 100 та бирлигида камида 1-2 гидроксил гуруҳи) бўлиши ҳам керак. Ошловчи моддаларнинг ўсимликлар ҳаётидаги аҳамияти. Танидлар ўсимликлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Ошловчи моддалар ўсимлик тўқималарида доимий равишда кечиб турадиган оксидланиш ва қайтарилиш реакцияларида, энг аввало хужайранинг нафас олиши жараёнида фаол қатнашади. Демак, танидлар маълум шароитда оксидланиб водородни ҳамда қайтарилиб кислородни ажратиши мумкин. Ажралган водород ва кислород эса ҳужайрадаги фермент таъсирида зарур бирикмаларнинг қайтарилишига ҳамда оксидланишига сарфланади. Катехинлар оксидланиб, ўзига яқин антоцианларга айланади. Антоцианлир эса флавонларга айланиши ёки қайтарилиб, яна катехинлар ҳосил қилиши мумкин. Бу реакцияни қуйидаги схема бўйича тасвирласа бўлади:
Ошловчи моддалар бактерицид ва фунгицид таъсирга эга бўлгани сабабли дарахтларнинг ёғоч қисмини тез чиришдан сақлайди. Агар ўсимликларга ташқаридан таъсир этилса (масалан, ҳашаротлар ўсимликни яралаб – чақиб тухум қўйса ёки ғўзани чеканка қилинса), зарарланган тўқималарда унга қарши кўп миқдорда танидлар синтез бўлади ва тўпланади. Бу ҳодисанинг рўй бериши илмий жиҳатдан етарли асосланган бўлмаса ҳам, тўқимадаги мазкур биокимёвий ўзгариш ўсимликнинг четдан бўлган тасодифий таъсирга ўзини ҳимоя қилиш реакцияси эканлиги шубҳасиздир. Шунга кўра, танидлар ўсимликларнинг чиқиндисидир, улар тўқималарда юз берадиган моддалар алмашинувида иштирок этмайди, шунингдек ошловчи моддалар захира энергия борадиган бирикмадир, улар қандга, крахмалга, ёғларга ва бошқа моддаларга айланиши мумкин, деб баён этилган фикрлар ҳақиқатдан анча йироқ туради. Чунки, юқорида айтиб ўтилганидек, танидларнинг синтезланиши даврида гексозалардан ҳосил бўлган оралиқ бирикмалар реакцияга кирувчи бошланғич бирикмалардан кам соф энергияга эга бўлганлиги учун бу реакциянинг орқага қайтиши ҳам даргумон.
Шунинг учун ошловчи моддаларнинг ўсимликлар ҳаётидаги ролига уларнинг маълум даврда парчаланиб, йўқ бўлиб кетишига ёки кўпайишига (масалан, углеводлар ва ёғлар сингари) қараб баҳо бериш унча тўғри бўлмайди. Шу билан бир қаторда ўсимликлар ўсаётган даврида танидларнинг ўзгариши (оксидланиши ёки қайтарилиши, оддий ёки мураккаб формадан иккинчи ҳолатга ўтиши) га қараб, уларнинг физиологик роли тўғрисида фикр юритиш керак.
(William G. Hopkins and Norman P. A. Huner 2009.474 p)
Адабиётлар
William G. Hopkins and Norman P. A. Huner. Introduction to Plant Physiology The University of Western Ontario. 2009. 459-480 стр.
Lincoln Taiz., Eduardo Zeiger. Plant physiology. USA, University California, Los Angeles. 2002.
Алимова Р.А., Сагдиев М.Т. Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси: ўқув қўлланма. – Тошкент, 2013.
Бекназаров Б., “Ўсимликлар физиологияси” дарслик. Тошкент 2009
Ходжаев А., “Ўсимликлар физиологияси” дарслик. Самарканд 2007.
Do'stlaringiz bilan baham: |